Чемпион ҳикоялари. Димитар Бербатов. «Манчестерга йўл»
Sept. 11, 2018, 3:54 p.m. 6050

«Манчестер Юнайтед» расмий сайтида болгариялик ҳужумчи Димитар Бербатовнинг ҳаёт ҳикояси эълон қилинди. Димитар Бербатов 2008-2012 йилларда жамоа сафида тўп сурган. Икки карра Англия чемпиони, 2010/111 мавсумда Премьер Лига тўпурари бўлган. Эътиборингизга ушбу материал таржимасини ҳавола қиламиз.

Мен самолётда Манчестерга учаётганимда, аллақачон қизил либосда эдим. Хаёлан, дейлик.

Албатта, катта клубларнинг сенга қизиқиш билдиришлари ёқади, чунки бу сенинг яхши ўйнаётганингни англатади. Илк бор «Манчестер Юнайтед»нинг таклифи ҳақида эшитганимда, ўзимни Гиггз, Скоулз ва бошқалар билар бирга ўйнаётганимни тасаввур қила бошлагандим.

Мен учун тарих жуда аҳамиятли. Клуб буюк тарихига эга бўлсагина, келажак ҳақида орзу қилиши мумкин. Шу билан бирга, «Юнайтед»да ўша афсонавий футболчилар тўп сурар эди, демакки, агентим бу таклиф ҳақида айтиши ҳамоно, фақат бир нарса ҳақида ўйлай бошладим.

Мана, қўндик, Манчестер аэропортидамиз. Агентим билан нималарнидир гаплашиб келаётиб, бошимни кўтардим ва мени кутиб турган Алекс Фергюсонни кўрдим. Ҳозир юрагим тўхтаб қолишини ўйлаган бўлсам керак. Нима бу?

Мен, кичкинагина давлатдан келган оддий йигит. Икки ҳафта олдин Чемпионлар Лигасини ютган мурабий шахсан мени кутиб олгани аэропортга чиқса... Болалигимда бу ҳақида орзу ҳам қила олмасдим, менимча. Айниқса, агар сен камбағал коммунистик Болгарияда туғилган бўлсанг.

Болалигимда ҳар куни эрталаб олтида туришим керак эди. Аввалига отам, кейин онам, кейин катта фарзанд сифатида мен, ундан кейин укам нон учун навбатда туриш учун навбат ташкиллаштириб олгандик. Километрлаб чўзилган навбатни тугатиб нон сотиб олардим, лекин баъзан уйга боргунча, нондан асар ҳам қолмасди. Тўйиб нон ҳам ея олмасдик.

Кейинроқ, ўсмирлик давримда, футбол билан шуғулланиш учун Софияга кўчиб ўтганимда ҳам ҳаёт ўша-ўша эди. Тўрт йигит бир хонада яшардик ва фақат ота-онамиз бериб юборган таом билан кифояланишга мажбур эдик. Хўш, бугунга нима бор – ҳар биримиз идишимизни стол устига қўяр, еб бўлгач эса, кейинги сафар нима ейиш ҳақида бош қотириш бошланарди. Баъзида, ҳеч нима топа олмай, нон ушоқларни тўплар, бироз ёғ аралаштириб «таом» тайёрлардик. Бу ҳаёт бизни яқин инсонларга айлантирди, мана шу жипслик ёрдамида илк совринимизни қўлга киритдик.

Болалик хотираларини эслар эканман, тўғри, қийин замонлар бўлган, аммо бу менга бахтли дамларни қадрлашни ҳам ўргатади. Қизларимга ҳам доим шуни уқтиришни ҳаракат қиламан: улар нон учун навбатда турмайдилар, ушоқларни териб емайдилар, аммо баъзида ўзимни бироз четга олиб, қийинчилик яратаман, ҳаёт доим ҳам бир текис кечмаслигини англатишга уринаман. Бу зарур.

Буни қаердан биламан?

Нима деб ўйлайсиз, Болгарияда истеъдодли йигитлар кўпмиди? Эҳҳе, жуда кўп, мендан ҳам яхши ўйнайдиганларни жуда кўп учратганман. Отам ҳам футболчи бўлган. Баъзида, кўчада сайр қилиб юрар эканмиз, у мени тўхтатиб, қўли билан кимгадир ишора қиларди:

- Анови йигитни кўряпсанми?

Кўпинча, рўпарамда уйсиз, тузукроқ кийими ҳам бўлмаган, қисқаси ҳаёти жуда қийин кечаётгани сезиш қийин бўлмаган кимдирни кўрардим.

«Биласанми, у ким бўлган» – деб давом этади отам, - «у ўта истеъдодли ҳужумчи эди. Жуда бақувват, ҳимоячиларни осонлик билан маҳв этарди. Кейин нима бўлди? У ўзига қаттиқ баҳо бериб юборди, ича бошлади, қимор ўйнади, қизлар билан юрди. Атрофида нотўғри инсонлар кўпайди. Оқибатини кўриб турибсан. Мен билган энг талантли йигитлардан бири ҳозир ҳеч ким».

Вақт ўтган сари, бундай тақдирларни кўп учратдим. Уларнинг ҳаммасида ноёб иқтидор бор эди, аммо маслаҳатгўйлари яхши бўлмаган. Баъзида ҳаётда нима қилишни, нимани танлашни билмай қоласан, аммо доим энг тўғри йўлни билишинг керак. Уларга «бу ишинг нотўғри, бошқа йўл ҳам бор» деб турадиган инсонлар етишмаган. Тўғри йўл доимо бошида қийинчиликларга рўпара қилади, аммо кейин муваффақият қозонасан. Менинг ёнимдаги баъзи инсонларни ҳам эслайман.

- Бербс, кетдик, етар шунча шуғулланганимиз. Ҳаётга бир марта келамиз ахир.

Йўқ, мен ўшанда ҳам, ҳозир ҳам унақа одам эмасман. Мен яхши футболчи бўлишни мақсад қилгандим. Мен нимагадир эришишим, ҳалиги одамларга ўхшаб кўчада қолмасдан, мустақил бўлишим шарт эди.

Мен доим қаттиқ ишлаганман. Ёш болалик пайтларимда ҳам дам олмасдан ўйнардим. Тўпдан ажралмас, тинмай тўпни юқорига отиб, уни тўхтатиб олишни, назорат қилишни машқ қилардим. Менга ҳеч ким шу ишни қилишни ўргатмаган, буюрмаган, билмайман нимага, аммо мен учун бу иш қизиқ туюларди. На телефон, на фейсбук, на инстаграм... фақат оддий тўп бор эди.

- Бербс, уйга кир, овқат еб олишинг керак.

Тегманглар менга. Истамайман, оч эмасман. Ҳамма кетса ҳам, тўп билан бир ўзим қолиб кетардим. Бразилияликлар ўз ўйинларни пляжларда такомиллаштиришади-ку, шу каби, менинг машқлари тошлари бўртиб турган асфальт бўлган. Атиги бир жуфт бутсам булиб, у ҳам тешикларга тўла эди. Бошқасини сотиб ололмасдик, ўша бутсамни тикиб, ўйнайверардим. Умуман шарқий европалик болаларнинг ҳаммаси ҳам шундай эди, назаримда.

Агар ҳақиқатан муваффақият қозонмоқчи бўлсанг, меҳнат қилишда давом этишинг, тўғри маслаҳатларга қулоқ солишинг ва тўғри ҳаёт тарзига эга бўлишинг керак. Кейин эса... Нега ва қандай қилиб, билмадим, бир кун планеталар сен учун бир чизиқда туриб беришади.

Балким бир кун «Манчестер Юнайтед» сотиб олмоқчи бўлади.

Балким бир кун сэр Алекс Фергюсон сени аэропортда кутиб олгани чиқади. 

«Юнайтед»га қабул қилинган илк куним ғалати ўтган. Кун бўйи қўнғироқ қилишларини, нима гап, нима сўзлигини айтишларини кутиб ўтирдим. Ҳаммаси Голливуд фильмларидек давом этди ва мана мен, Алекс Фергюсон билан бир машинада кетяпман.

Ҳам ғалати, ҳам кулгили. Ҳурматли инсонлар мен билан ёнма-ён машинада кетар экан, нуқул хаёлимда «Нима дейишим керак? Бундай пайтларда одам ўзини қандай тутиши керак?» деган фикрлар ғужғон ўйнашарди. 

«Қалайсиз? Об-ҳаволар яхшими?»

Мен жуда киришимли инсон эмасман. Мени яхши биладиганлар айтишлари мумкин, одатий валақлашишни ёмон кўраман. Дарҳол асосий мавзуга ўтишни истайман, лекин бунақа вазиятда.... Агентимга қарайман, у ҳам менга қараб турибди. Нима қилишни билмаймиз.

Нима бўлганда ҳам, ўша паллаларни хотирлар эканман, юзимда табассум югуради. Сэр Алекс билан мулоқот қилиш ёқимли эди. Мен кўпгина муваффақиятли мураббийлар, футболчилар, инсонлар билан муомала қилганман – уларни доим бир жиҳат боғлаб турган: улар сизнинг соҳангизда сиздан анча кўпроқ ютуқларга эришган бўлишса-да, буни сездирмасликка, бунга урғу бермасликка уринишади. 

У шунчаки мени аэропортда кутиб олишни истади ва балки ҳаммасидан ҳам мени ўзи ром этган жиҳат шу эди. Бундай инсонлар шу каби ҳаракатлар орқали сизни ўз дунёсига таклиф қилишади. Ажойиб.

Илк машғулотда уялдим ва ҳатто жуда уялдим десам ҳам бўлади. Мен шу пайтгача ўзим завқ олган, бирга ўйнашни орзу қилган йигитлар билан ёнма-ён эдим. Баъзида шу уятчанлигим менга халақит берган бўлиши ҳам мумкин. Баъзи болалар бор, «қалай оғайни, қўлни ташла» деб, худди мен юз йилдан буён шу ерда юргандек қовушиб кетишади. Мен эса, ҳаммасини ичимда сақлайдиганлар хилиданман. Ё мен ўта уятчанман ёки бундай вазиятни нима қилиш, нима дейиш кераклигини билмайман. Улар мени яхши кутиб олишди. Илк машғулот, Фергюсон, Гиггз, Роналду... Ҳамма шу ерда.

Ҳамма турлича. Ҳар бири қайсидир жиҳатдан бошқалардан устун, лекин бошқа жиҳатдан ютқазади. Масалан, Гиггз ҳақиқий профессионал эди ва спорт формасини ушларди. Ахир ўшанда у энди 30 ёшдан ошганди. Неча ёшгача ўйнади ўзи? 40ми? Хўш, Бербс, сен шундай қила оласанми? Ҳаракат қилиб кўришнинг зарари йўқ. Қараймиз, сири нима экан? Йога. Ҳа, яна, дарвоқе, у табиатан нозик, бу ерда ДНК ҳам ёрдам берган албатта. Аммо шунинг ўзи эмас, Гиггзнинг ўзига эътибор бериши, қачон шуғулланиб, қачон дам олишни билиши, керакли пайтда юкламаларни ошириши ёки тушириши... Скоулз ҳам шундай қиларди, ҳа, Руни ҳам. Яна мен Роналдунинг энг чўққига чиққан пайтларини кўрганман.  

Агар улар каби муваффақият қозонишни истасам, албатта, буларнинг барчасига эътибор қаратишим керак эди. Бошқа эҳтимол йўқ. Профессионаллар, чемпионлар билан бир жамоада қолиш учун улардек бўлишинг, улардек фикрлашинг шарт.

«Олд Траффорд»даги ўйин олдидан туннелда жамоадошларим билан туришни айтиб берай сизга. Диктор эшитувчиларнинг ҳаммасига маълум бўлган маълумотни эълон қила бошлайди: «Хонимлар ва жаноблар, Англия чемпиони, Европа чемпиони, жаҳон чемпиони...»

Этинг жимирлаб кетади.

Туннелда бутунлай бошқа даражага чиқаётгандек бўласан. Рақиб ким бўлишидан қатъи назар, бизнинг даражамизга етиша олмайди. Аксарият ҳолларда сен буни ҳис қилиб турасан. Улар томонга қарашнинг ҳам кераги йўқ, ким, нима, қатъи назар улар ютқазиб бўлишди. Албатта, бунинг сабаби, сенинг жамоангда Роналду, Руни, Гиггз ёки бошқаларнинг бор экани...

Ва мана, шерикларинг билан майдонга чиқиб келяпсан, диктор нутқини давом эттирмоқда. Рақиб футболчиларга қарайман ва хаёлан айтаман:

«Кўрдингларми, мен мана шу томонда бўлишим учун қаттиқ меҳнат қилгандим, дам олишдан, овқатдан воз кечгандим, қалай?»

Илк мавсумимдаёқ «Юнайтед» билан бирга Премьер Лига чемпиони бўлдик. Ё, Худо! Душда қувончдан сакрагиларим келиб кетди.

Уйга келгач эса, ростан ҳам сакрай бошладим. Ахир бу ерда мени ҳеч ким кўрмасди. Онадан илк туғилгандек қип яланғоч ҳолда, фақат чемпионлик медалини тақиб олиб, сакрайвердим, сакрайвердим. Эртасига клубга бориб, ечиниш хонасида хотиржам ўтирган Гиггзни учратдим. Бир юз ўнинчи медалимиди бу, ё кўпмиди, шунақароқ. «Бербс, яна бошқа совринлар ҳам бўлади ҳали» деди у. 

Биз ҳозиргина Премьер Лигани ютиб олдик, аммо ҳаммаси аллақачон унутилганди. Ахир бу нимаси? Мен илк медалимни ютиб олдимку, байрам қилсам майлими? Билмадим, балки мен ҳам кейинги совринларимни улар каби хотиржам кутиб оларман? Лекин биласизми, мана шу клуб ечиниш хонаси учун доим энг муҳими фақат кейинги гол, кейинги ғалаба, кейинги соврин эди. Чемпионлар мана шундай яралганлар, ажойиб.

Бу йигитлар билан бирга бўлиш ажойиб эди. Тўғри, асосан мен унча гапирмасдим, фақат кузатардим. Лекин агар менга бирор маслаҳат керак бўлса, хотиржам бориб сўрашим мумкин эди. Ҳеч қандай муаммосиз ёрдамларини аяшмасди. Жамоада Видич каби жуда қийинчилик кўрган, Руни каби жуда эрта порлаган, умуман турли тақдир ва характерларга эга бўлган инсонлар йиғилган бўлса-да, Сэр Алекс ҳар биримизнинг тилимизни топа олганди. 

У машқлар пайтида ҳар биримиз билан алоҳида гаплашар, олдимизга келиб хабар оларди. Бир куни бир футболчи, бошқа куни бошқасидан ҳол аҳвол сўрар, ҳеч нарсани эътиборсиз қолдирмасди. Фергюсон ҳар бир футболчи билан суҳбатда  унга тўғри етиб борадиган, таъсир қиладиган сўзларни ишлатишга уринаётганини сезиш қийин эмасди. Кимдир билан енгилроқ, ҳазиломуз муомала қилиш керак, кимдир билан жиддий бўлиш яхшироқ. Шу тариқа у ҳамманинг тилини топарди. Алекс Фергюсон шунақа. Миллионта соврин, миллионда яна турли ҳаётий муваффақиятлар... Шундай экан, унинг ҳар бир гапиини қулоғингга қуйиб олишинг керак.

Сен майдонда атиги 5 ёки 10 дақиқа ҳаракат қилишинг мумкин, аммо шунда ҳам у сенинг жамоага жуда кераклигинг, жуда фойдали иш қилаётганингни ҳис қилдира оларди. Жамоанинг бир бўлаги эканингни, сенга алоҳида эътибор қилинаётганини сезиб турардинг.

Унинг ўйин олдидан айтадиган нутқлари эса, бир олам. Ўзимни қандайдир фильм қаҳрамонидек ҳис қилиб юборардим. Баъзида у ўз ҳаётидаги воқеалардан ҳикоя қилар, ўз отаси ҳақида, бошқа инсонлар ҳақида, биз каби шу ерда бўлишдек бахтга муяссар бўлмаган омадсизлар ҳақида айтиб берарди. Бундай суҳбатлар мен учун ҳар доим бир хил тугарди:

«Мен ҳар кимни тириклайин еб юборишга тайёрман», – деган фикр кечарди хаёлимдан.

Ва мен майдонга чиқиб, ғалаба учун боримни берардим. Албатта, шунда ҳам ундан қарзимни уза олмасам керак.

Ахир, жин урсин, у мени аэропортда кутиб олганди! 

Қ. Асланов тайёрлади

Киритма

1981 йили Болгариянинг Благоевград шаҳрида туғилган Димитр Бербатов маҳаллий «Пирин» клубида футболчилик фаолиятини бошлаган. У 1998-99 йилларда биринчи клубининг асосий таркибида тўп сургач, пойтахт Софиянинг ЦСКА клубига ўтган, 2001-2006 йиллар давомида Германиянинг «Байер» жамоаси шарафини ҳимоя қилган. Немислар клуби сафида Чемпионлар лигасидаги иштирокидан кейин катта клублар унга қизиқа бошлашган.

У дастлаб, 2006 йили Лондоннинг «Тоттенҳэм» клуби сафига ўтган.

2008 йили эса «Манчестер Юнайтед» сафига қўшилиб, бу ерда 2012 йилга қадар қолган.

Шундан кейин 2 йил «Фулҳэм» учун ўйнаган футболчи, 2014-15 йилларни «Монако»да, 2015-16 йилларни эса Грециянинг ПАОК клубида ўтказади.

2017 йилда эса Ҳиндистоннинг «Керала Бластерс» клуби футболчисига айланади.