Зидан тез орада мураббийлик фаолиятини давом эттиришини айтди
Sept. 10, 2018, 11:09 a.m. 9912

«Реал»нинг собиқ бош мураббийи Зинедин Зидан яқин орада мураббийлик фаолиятига қайтишини маълум қилди.

«Албатта, тез орада мураббийлик ишимга қайтаман. Бу иш ўзимга ёқади. [Шу соҳада] бутун умр фаолият олиб бордим», - деган Зидан TVE`га берган интервьюсида.

Эслатиб ўтамиз, франциялик мутахассис сўнгги иш жойи бўлган «қироллик клуби»ни 2016-2018 йиллар давомида бошқариб келди. Мадрид клуби билан Зидан Испания чемпиони бўлиб, кетма-кет уч марта УЕФА Чемпионлар лигасида ғолиб чиқди.

Сўнгги вақтларда 46 ёшли Зинедин «МЮ» бош мураббийи сифатида иш бошлаши ҳақида турли миш-мишлар тарқалмоқда. Шунингдек, матбуотда унинг 2019 йилдан бошлаб «Ювентус»га устозлик қилиши ҳақида ҳам маълумотлар бор.