Янги давр. «Олтин тўп» даъвогарлари ҳақида
Sept. 10, 2018, 7:12 p.m. 19482

Рафаэл Варан - якунланган футбол мавсумининг энг муваффақиятли футболчиси. У клуби билан Европадаги энг нуфузли совринни, терма жамоаси билан эса, жаҳон чемпионлигини ютиб олди. Бир пайтлар Каннаварони ёки Заммерни энг яхши деб атаган журналистлар учун балки шу ҳам кифоя қиларди, аммо бу соврин учун ҳақиқий даъвогарлар талайгина. Энг муҳими, биз ниҳоят Месси-Роналду даврига якун асашимиз ва 2007 йилдаги Какадан сўнг илк бор, дунёнинг энг яхши футболчиси турадиган подиумда бошқа футболчини кўришимиз мумкин. Назаримда, овоз бериш жараёнида ҳам энг муҳим фактор шу бўлади – ахир футбол кейинги қадамини ташлаши учун ҳам янги қаҳрамонлар керак эмасми?

Номзодларни бир-бир саралар эканмиз, янги қаҳрамон роли ростан ҳам футбол оламида янги чарақлаган юлдузга эмас, биз анчадан бери кузатиб юрган футболчига топширилиши мумкинлигини кўрамиз. Ва бу ҳам табиийдек туюлади, ахир Роналду ва Месси даврига чек қўйиш қандайдир ёш футболчи эмас, мана шундай тажрибали елкалар зиммасига тушиши мантиқан тўўри эмасми?

ЛИОНЕЛЬ МЕССИ

Жаҳон чемпионати олдидан, Испания чемпионати ва кубогини ютган Месси учун «Олтин тўп» у қадар узоқ кўринмаётганди. Бунинг учун Аргентина терма жамоаси мундиалда муносиб иштирок этиши талаб этиларди. Аммо Месси ва унинг жамоаси гуруҳ масаласини зўрға ҳал қилиб, уёғига бир қадам ҳам қўя олишмади.

Жуфт йилларда, яъни жаҳон ёки Европа чемпионати ўтказиладиган мавсумларда халқаро соврин ютмай туриб «Олтин тўп»ни қўлга киритиш қийин. Қизиғи, мана шундай шароит остида сўнгги йилларда фақат Месси «Олтин тўп» юта олган. 2010 ва 2012 йилларда Месси на терма жамоаси билан турнирни, на «Барселона» билан Европа Чемпионлар Лигасини ютган бўлишига қарамасдан, «Олтин тўп»га эга чиққанди (Ундан олдин фақат 1994 йилдагина Христо Стоичков ҳеч қандай халқаро совринсиз «Олтин тўп»ни қўлга киритган).

Бу сафар ундай бўлмаса керак. 2010 ёки 2012 йилларда «Барселона» ва Месси Европадаги энг кучли футболни намойиш қилган, шунингдек, аргентиналик ҳужумчи тўпурарлик бобида жуда юқори кўрсаткичларни намойиш қилганди. Бу сафар эса, ҳар қандай йўналиш ва ўлчовда ҳисобласак ҳам, Месси билан самарадорлик бобида курашиши мумкин бўлган ёрқинроқ номзодлар бор.

КРИШТИАНУ РОНАЛДУ

Одатий йилларда бунақа пайтда Криштиану Роналду катта фарқ билан «Олтин тўп»ни қўлга киритиши керак эди. «Реал» Европа Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқди, жаҳон чемпиони бўлган Франция терма жамоаси таркибида барча овозларни ўзи тўплайдиган яққол етакчи йўқ эди. Роналдудан бошқа яна ким энг нуфузли индивидуал совринга даъвогар бўлиши мумкин? Йўқ, юқорида айтилганидек, бу сафар ҳаммаси бошқача.

Биринчидан, Роналду айтайлик, ўтган йил каби «Реал»ни бир ўзи елкасида финалгача олиб чиқмади. Ярим финал ва финал ўйинларида умуман бошқа футболчилар – Бензема ва Бэйл қаҳрамонга айланишди. Умуман ўтган мавсум «Реал»нинг Роналдудан озод бўлиш даври деб аталиши ва айниқса, янги мавсумда «Реал» Роналдусиз ҳам кучли ўйин кўрсатаётгани, аксинча, Роналду Италияда аввалги голеадорлигини намойиш қила олмаётгани овоз берувчиларга таъсир кўрсатиши мумкин.

Иккинчидан, Португалия терма жамоаси худди Аргентина сингари, нимчорак финалдаёқ мундиални тарк этди. Уругвай каби у қадар топ бўлмаган рақибга мағлуб бўлинди. Роналду эса, испанлар билан ўйиндаги ҳаракатлари билан ёдда қолди холос.

Учинчидан, бу сафар «Реал» сафида Роналду соясидан чиқа олган ва ростан ҳам, жуда муҳим ўрин тутган бошқа футболчи бор. Ва ўша футболчи жаҳон чемпионатида ҳам жуда кучли ўйин намойиш қила олди – Лука Модрич.

Тўртинчидан эса, футбол жамоатчилиги, оммавий ахборот воситалари, ҳатто Ла Лига ҳам Месси ва Роналду қарама-қаршилигидан зериккандек. Бу сафар уларнинг иккисини ҳам танламай туриб, адекват қарор қилиш мумкин бўлиб қолгани овоз берувчилар учун ажойиб имконият.  

Бу сафар Роналду «Ювентус» дарвозасига урилган голи билан «Пушкаш мукофоти»ни ўзиники қилиши мумкин. У бу совринни 2009 йилда ҳам қўлга киритганди. Ўша гол ҳам ЕЧЛ чорак финалида урилганди. Қизиғи айнан ўша йили у ўз жамоаси алмаштирган ва айнан ўша йили «Олтин тўп»ни эгаси сифатида, бу совринни Мессига бой бериб қўйганди. 

МУҲАММАД САЛОҲ

Жаҳон чемпионати олдидан Муҳаммад Салоҳ «Олтин тўп» учун энг асосий номзодлардан бири бўлиб турганди. Англия чемпионатида ва Европа Чемпионлар Лигасида энг кўп гол урган ҳужумчи Миср билан биргаликда мундиалда бирор натижа кўрсатишини ҳеч ким кутмаган бўлса-да, айнан мундиал туфайли Салоҳнинг баъзи рақиблари ўз имкониятини ошириб олишди. Бундан ташқари, Салоҳ «Ливерпуль»даги сермаҳсуллигини бироз йўқотиб қўйгандек. Клопп жамоасида августдаги ўйинларда Садио Мане асосий ишларни бажарди.

Умуман олганда, Салоҳ каби терма жамоаси у қадар кучли бўлмаган футболчилар учун кўпроқ тоқ йилларда «Олтин тўп»ни киритиш имконияти ошади. Балки Муҳаммад Салоҳнинг юлдузли онлари ва унинг эътирофи навбатдаги мавсумларга тўғри келар?

 АНТУАН ГРИЗМАНН

Ҳали «Олтин тўп»га узоқ, аммо ФИФА томонидан йилнинг энг яхшиларига номзодлар орасида жаҳон чемпионларининг йўқлиги кўпчиликнинг, айниқса французларнинг ғазабини қўзитди.

Аммо тан олиш керак, агар энг яхшилар жаҳон чемпиони бўлган терма жамоадан қидирилиши керак бўлган тақдирда ҳам, Франция таркибида овозлар бир неча футболчи орасида бўлиниб кетган бўларди. Мбаппе жуда ёрқин ўйин кўрсатди, бир қатор муҳим голлар урди, аммо терма жамоани бемалол усиз тасаввур қилиш мумкин. Погба майдон марказида ва майдон ташқарисида яққол етакчилик қилди, аммо клуб сафидаги беқарор ўйинни нима қиламиз? Улар орасида Европа Лигасини ҳам ютиб олган Гризманн номзодликка яқинроқдек кўринади, балки «Олтин тўп» сўровномасида у юқори ўринлардан бирини олар.

Аммо қуйидаги футболчининг клуб даражасидаги ютуқлари ва терма жамоа ғалабаларидаги таъсири Антуанникидан анча катта бўлганини ҳеч ким инкор этмаса керак.

ЛУКА МОДРИЧ

Европанинг ўтган мавсумдаги энг яхши футболчилари аниқланди ва бу руйхат тўлиғича «Реал» вакилларидан иборат бўлди. Рамос, Роналду каби футболчилар ўрин олган даъвогарлар ичида бош соврин Лука Модричга топширилди. Бу ҳамма учун оддий ҳолдек туюлди, ҳеч ким ҳайрон бўлмади. Айнан шу омил Модричнинг «Олтин тўп» учун ҳам асосий даъвогарга айлантиради.

Хорватия терма жамоаси кўпчилик учун кутилмаганда, финалгача етиб борди. Франция таркибидаги Гризманн ёки Мбаппе эмас, айнан Модрич кўпроқ фаворит бўлиб қолаётганининг сабаби фақат Чемпионлар Лигаси эмас. Хорватлар таркибида шундоқ ҳам топ юлдузлар кам эди ва агар қидирилса, энг биринчи назар албатта Лука Модричга тушарди. Модрич кўп гол урмади, голли паслари сони ҳам катта эмас, аммо майдоннинг ҳар бир худудида тўп учун курашиши, жамоаси ўйинини назорат қилиши, умуман етакчилик хусусияти билан барчанинг эътиборини ўзига қаратди. Умуман, голлари ёки ҳужумнинг якунидаги иштироки учун эмас, айнан ўйинни ташкил қилишдаги маҳорати (Зидан, Недвед) ёки етакчилиги (Каннаваро) эвазига энг яхши деб топилиш мумкин бўлган даврларга ҳам анча йиллар бўлиб кетди. 

Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, Роналду ва Мессидан бўшаб қолган тахтга катта эҳтимол билан Лука Модрич, яъни анча тажрибали ва ёши катта футболчи чиқиши ҳақиқатга яқинроқ. Бу нима дегани? Бу келаси мавсумда бу тахтнинг яна бўш бўлишини ва унга ўзини кўрсата олган ҳар ким, балки ҳатто яна ўша Роналду ёки Месси ҳам чиқиши мумкинлигини билдиради. Ҳозирча эса, бироз эрта бўлса-да, Модричга қарсак чалиб турамиз.

Қ.Асланов тайёрлади.