Видео: Уэлбекнинг ҳаққоний голи ҳисобланмади
Sept. 9, 2018, 12:27 p.m. 8492

Англия терма жамоаси сардори Ҳарри Кейн Миллатлар лигаси доирасида Испанияга қарши кечган ва 1:2 ҳисобидаги мағлубият билан якунланган учрашувдан кейинги фикрларини билдириб ўтди.

Ўйин бош ҳаками нидерландиялик Данни Маккели 97-дақиқада инглизларнинг голини ҳисобга олмаганди. Бу вазиятда инглизлар ҳужумчиси Дэнни Уэлбек испанияликлар дарвозабони Давид де Хеага қўполлик ишлатган деб топилганди.

«Бу 100 фоизлик гол эди. Муҳим вазиятларда қатъият кўрсата оладиган, қўрқоқ бўлмаган ҳакамларни тайинлаш керак. Бундай эпизодлар учун босим остида хато қарор чиқармайдиган ҳакам зарур.

Ўзингиз кўринг, Уэлбек рақиб жарима майдонида турибди. Де Хеа тўпга чиқиб, Дэннининг устига қуламоқда. Бу ерда ҳеч қандай фол йўқ, тўп эса дарвозабоннинг қўлидан сирғалиб чиққанидан кейин ҳужумчи тўпни эгаллаб олмоқда.

Биз муносиб ўйин кўрсатдик. Бу тўпга эгалик қилишни хуш кўрувчи жамоага қарши яхши назорат ўйини бўлди. Биз ўз вазиятларимиздан унумли фойдалан олганимизда ғалабага эришган бўлардик. Жамоамиз прессинг қилиб ўйнади ва катта куч сарфлади. Биз бу ўйиндан тўғри хулосалар чиқаришимиз керак. Бугун бошимизни тик кўтариб майдонни тарк эта олдик», дея Кейннинг сўзларини келтирган BBC.