Мбаппенинг «жаҳлини чиқарган» футболчи ундан кўпроқ муддатга дисквалификация қилинди
Sept. 6, 2018, 2:47 p.m. 6436

«Ним» яримҳимоячиси Тежи Саванье Франция чемпионатининг 4-турида «Пари Сен-Жермен»га қарши учрашувда (2:4) амалга оширган хатти-ҳаракатлари учун жиддий жазо олди.

Ўйин охирида Саванье майдон марказида парижликлар жамоаси ҳужумчиси Килиане Мбаппега қўполлик қилган, шундан сўнг ёш форвард ғазабга миниб, рақибига ташланган ва уни газонга қулатганди. Бу ҳаракати учун Франция терма жамоасида жаҳон чемпиони бўлган футболчи 3 ўйинга дисквалификация қилинди.

Саванье эса 5 ўйинга шартли равишда дисквалификация қилиниши айтилганди.

ESPN US хабарига кўра эса, Саваньега белгиланган жазо жиддийроқ бўлиб чиқди. Лига томонидан ўтказилган текширувдан кейин ушбу хавбек чемпионатнинг 5 ўйинидан четлатилган.

Франция чемпионатида 4 турдан кейин «ПСЖ» 12 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Жорий мавсумда биринчи лигага чиққан «Ним» эса 6 очкоси билан 10-ўринда жойлашган.