УЕФА Миллатлар Лигаси бошланмоқда. Бу қандай турнир?
Sept. 5, 2018, 1:45 p.m. 18546

Одатда, жуфт йиллардаги сентябрда Европада Евро ёки ЖЧ саралаш ўйинлари бошланиши керак эди. Аммо бу сафар янги турнир – УЕФА Миллатлар Лигасига старт берилади. Шу йилнинг сентябрь-ноябрь ойларидаги терма жамоалар учун мўлжалланган ФИФА кунларида Европа терма жамоалари ушбу турнирда иштирок этишади.

2019 йилнинг ёзида бўлиб ўтадиган финал босқичида бу турнирнинг илк ғолиби аниқланса, яна бошқа кучли терма жамоаларда Европа чемпионати йўлланмасини эртароқ ҳал қилиш имкони бор. Шунинг учун шу йилнинг кузида биз бир қатор катта ўйинларни кузатиш имконига эга бўламиз. Келинг, бир бошдан.  

БУ НЕГА КЕРАК?

Саралаш ўйинлари борасида нимадир қилиш лозимлиги анча олдиндан мунозара қилинаётганди. Маълумки, футболни энди бой клублар бошқармоқда, даромад келтирадиган ҳам, юлдуз футболчиларга миллионлаб маош тўлайдиганлар ҳам айнан шу клублар. Улар эса, арзимас терма жамоа ўйинларидаги жароҳатлар туфайли ўз «актив»ларини йўқотиб қўйишни истамайдилар. Ўз-ўзидан футболчиларга босим пайдо бўлади, уларда терма жамоа йиғинларини деб ўз спорт формасини, асосий таркибдаги ўрнини йўқотиб қўйиш риски пайдо бўлади. Муддатидан аввал халқаро футболдан кетиш ёки турли жароҳатлар ўйлаб топишнинг замирида ҳам шу ҳолат ётади.

Тўғри, терма жамоанинг нуфузли турнирларнинг финал босқичига чиқиши, саралаш ўйинларининг муҳимлиги ҳам бир томон, лекин масалан, Германиянинг Қозоғистон билан, Франциянинг Андорра билан икки марталаб ўйнаши ва бу ўйинларда барча юлдузлар иштирок этишга мажбур қилиниши ростан ҳам мантиқсиз. Бу ўйинлар нафақат клублар ва футболчилар учун, балки УЕФА ва федерациялар учун ҳам самарасиз бўлиб қолди, қизиқиш пасайди. Миллий чемпионатлар дам олиб, терма жамоалар ўртасида саралаш ва ўртоқлик ўйинлари бўлиб ўтадиган кунлар гўёки футбол танаффусга чиққандек туюлиши, ўнта гуруҳдан нари борса 2-3 эътиборга арзирли ўйиннинг бўлиши УЕФА раҳбарларини ҳам ташвишга солмай қолмасди, албатта.

Натижада, биз қўйида ҳикоя қилиб бермоқчи бўлган янги турнирга, янги форматга эҳтиёж сезилди.

ҚАНДАЙ ФОРМАТДА ЎТКАЗИЛАДИ?

УЕФА Миллатлар Лигаси сентябрь-ноябрь ойларида бўлиб ўтади. Европа терма жамоалари А, В, С, D лигаларига ажратилган. Лигалар рейтинг асосида тузилади. Рейтинг ЖЧ-2018 саралаши якунлари бўйича ҳосил бўлган даврдан олинади. Турнир ҳар икки йилда, финал қисми тоқ йилларда ўтказиладиган тарзда ташкил қилинади.

А лигасида энг кучли 12 жамоа тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда тўп суради. Ўйинлар уйда ва сафар тизимида олиб борилади, яъни, уч жамоадан иборат ҳар гуруҳда 6тадан ўйин бўлиб ўтади. Ҳар бир терма жамоа 4тадан ўйин ўтказади.

А Лигадаги 4 гуруҳда ғолиб бўлган жамоалар 2019 йилнинг июнь ойида бўлиб ўтадиган финал босқичига йўл олади. Финал босқичи ярим финал, учинчи ўрин учун баҳс ва финал кўринишида ўтказилади. Ярим финаллар учун қуръа декабрь ойида бўлиб ўтади.  Ўйинларга мезбонлик қиладиган давлат ҳам шу йўлланмани қўлга киритган тўрт терма жамоадан танланади. А Лигадаги гуруҳларда сўнгги ўринларни эгаллаган терма жамоалар эса, кейинги турнирда В лигага тушиб кетишади. Уларнинг ўрнини В Лигадаги гуруҳларда ғолиб чиққан терма жамоалар тўлдиришади.

Шу тариқа, В Лига гуруҳларидаги сўнгги ўринни олган терма жамоалар С Лигага, С Лигадаги гуруҳларда охирги бўлган терма жамоалар эса, мос равишда D Лигага тушиб кетишади.

В Лигада ҳам 12 жамоа 4 гуруҳга ажратилган. С Лигада 15 терма жамоа бўлиб, бир гуруҳда 3, уч гуруҳда 4тадан терма жамоа жой олган. Сўнгги Лигада 16 терма бўлиб, ҳар бир гуруҳда 4тадан терма жамоа жой олган. Ҳаммаси бўлиб, 55 терма жамоа Миллатлар Лигасида иштирок этади.  

АСОСИЙ ГУРУҲЛАР ТАРКИБИ

Юқорида айтилганидек, Лигаларга терма жамоалар рейтингдаги ўринга қараб жойлаштирилган. Рейтинг 2017 йил охиридаги даврдан олингани учун, бугунги ҳолатдан фарқли бўлиши мумкин, аммо А Лигадан ростан ҳам энг кучли терма жамоалар жой олишган.

1-ГУРУҲ. Германия, Нидерландия, Франция
2-ГУРУҲ. Бельгия, Исландия, Швейцария
3-ГУРУҲ. Португалия, Польша, Италия
4-ГУРУҲ. Испания, Англия, Хорватия

Кейинги турнирда А Лигага чиқиш учун курашадиган В Лига гуруҳлари таркиби эса, қўйидагича:

1-ГУРУҲ. Словакия, Украина, Чехия
2-ГУРУҲ. Россия, Швеция, Туркия
3-ГУРУҲ. Австрия, Босния ва Герцоговина, Шимолий Ирландия
4-ГУРУҲ. Уэльс, Ирландия, Дания

ЕВРОПА ЧЕМПИОНАТИГА ҚАНДАЙ БОҒЛИҚЛИГИ БОР?

Янги турнирда кучли терма жамоалар учун манфаат ҳам шу ерда. А Лигада ўз гуруҳларида ғолиб бўлган 4 терма жамоа 2020 йилда бўлиб ўтадиган Европа Чемпионати финал босқичига йўлланмани қўлга киритади.

Энди Германия, Бельгия ёки Испания каби терма жамоалар биринчидан, фақат кучли жамоалар билан ўйнаб, молиявий томондан ҳам даромадни оширишлари мумкин. Иккинчидан, шу босқичнинг ўзидаёқ йўлланмани қўлга киритиб, турли кучсиз терма жамоалар билан мажбурий ўйинлардан қутулишлари мумкин.

Евро-2020 да қатнашадиган қолган 20 жамоа анънавий услубда аниқланади. Терма жамоалар 5тадан бўлиниб, 10 гуруҳда тўп суради. Гуруҳларнинг энг яхши икки терма жамоаси Европа чемпионати финал босқичига йўлланмани қўлга киритади.

Фарқи, аввал саралаш ўйинлари сентябрдан бошланган бўлса, энди келаси йили баҳорда бошланади. Гуруҳларга қуръалар ҳам декабрда, А Лига ғолиблари, яъни тўрт иштирокчи аниқланиб бўлгач, ўтказилади.

ТАҚВИМ

УЕФА Миллатлар Лигаси турнирида дастлабки турлар эртадан бошланади. Сентябрь ойида А Лигадаги барча учрашувлар ва қўйи лигадаги эътиборга молик ўйинлар руйхатини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

А Лигаси

6 сентябрь. Германия – Франция

7 сентябрь. Италия – Польша

8 сентябрь. Швейцария –Исландия, Англия – Испания

9 сентябрь. Франция – Нидерландия

10 сентябрь. Португалия – Италия

11 сентябрь. Испания – Хорватия, Исландия - Бельгия    

В Лигаси

6 сентябрь. Чехия – Украина, Уэльс - Ирландия

7 сентябрь. Туркия – Россия

9 сентябрь. Дания - Уэльс

10 сентябрь. Швеция – Туркия

Кейинги турлар октябрь ва ноябрь ойларидаги ФИФА кунларида бўлиб ўтади.

Қ.Асланов тайёрлади