Осиё ўйинларида кун якунлари. Олтинсиз кун
Aug. 31, 2018, 9:47 p.m. 5154

Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида бўлиб ўтаётган XVIII ёзги Осиё ўйинларининг 31 август кунидан ўрин олган мусобақаларида ўзбекистонлик 22 нафар спортчи яккалик ва жамоа ҳолда 7 спорт тури бўйича баҳсларда қатнашишди.

Ўйинларнинг ўн учинчи кунида Ўзбекистон вакиллари олтин олишолмади ва 4 медал билан кифояланишди.

Байдарка ва каноэда эшкак эшиш
200 метр масофага баҳсларнинг саралашида стартга чиққан Дилноза Раҳматова ўз гуруҳида энг яхши натижани (50.860) қайд этди ва тўғридан-тўғри финалга йўл олди.

Ольга Умаралиева 200 метр (К1) масофага бўлган баҳсларда қатнашди ва ўз гуруҳида учинчи натижани (43.791) қайд этиб, финалга чиқди.

200 метрга жуфтлик баҳсларида иштирок этган Артур Гулиев/Элёржон Мамадалиев тандеми ўз гуруҳида энг яхши натижани (38.084) кўрсатди ва финалга йўл олди.

Эшкак эшиш баҳсларида финаллар эртага ўтказилади. Бугун саралаш баҳсларида эшкак эшувчиларнинг барчаси финалга йўл олишди.

Самбо
Осиё ўйинларида Ўзбекистон самбо жамоаси икки медал олди.

Ўзбекистон жамоасининг -48 кг вазн тоифасида турнирга ташриф буюрган вакиллари Нодира Гулова ҳамда Мадина Турғунбоева бронза медал учун ўзаро гиламга чиқди. Икки ўзбекистонлик спортчи ўртасидаги баҳсда Нодира Гулованинг 3:0 ҳисобидаги ғалабаси қайд этилди ва у Осиё ўйинлари бронза медали совриндорига айланди.

-52 вазн тоифасидаги Аҳмад Раҳматуллоев эса бронза учун тожикистонлик Жоми Ҳасаний билан курашди ва 2:0 ҳисобидаги ғалабага эришиб, Осиё ўйинлари совриндорига айланди.

Ўзбекистон шарафини -52 кг вазн тоифасида ҳимоя қилган яна бир самбочи Ислом Аҳмеджанов эса бронза медал учун қозоғистонлик Беймбет Канжанов билан беллашди ва 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди.

Триатлон
Ўзбекистон вакили Алина Ҳакимова ўз иштирокини якунлай олмади - у финалга қадар етиб бора олмади.

Сувга сакраш
3 метрдан сакрашда саралашдан ўтган Достон Ботиров финалда 12 спортчи орасида 10-ўринни эгаллади.

Велоспорт-трек
Андрей Измайлов ва Муроджон Холмуратовдан иборат жамоа финалда 12 жамоа ичида бешинчи натижани қайд этишди.

Бокс
Ўзбекистон бокс жамоасининг 7 вакили ярим финал баҳсларида иштирок этди ва уларнинг барчаси ўз жангларида ғалаба қозониб, финалга чиқди.

Дастлаб -52 кг вазн тоифасидаги Жасурбек Латипов рингга кўтарилиб, қирғизистонлик кучли рақиб Азат Усеналиевни таслим этди.

У энди филиппинлик Ладон Рогенга қарши олтин медал учун рингга чиқади.

-60 кг вазн тоифасида рингга чиққан Шунқор Абдурасулов таиландлик Жунтронг Ружакранга имконият қолдирмади - 5:0.

Энди унинг финалда мўғулистонлик Эрденебат Цендбаттарга қарши жанг қилади.

-69 кг вазн тоифасида рингга чиққан Бобоусмон Батуров таиландлик Сайлом Адини таслим этди - 4:1.

Унинг финалдаги рақиби қозоғистонлик Асланбек Шимбергенов бўлади.

-49 кг вазн тоифасида Ҳасанбой Дўсматов ярим финалда хитойлик Ву Жонглин устидан ишончли ғалабага эришди - 5:0.

Унга финалда ҳиндистонлик боксчи Амит рақиблик қилади

-56 кг вазн тоифасидаги Миразиз Мирзахалилов ярим финалда Аморагам Сунан Агунг тўсиғидан ўтди - 5:0.

Унинг финалдаги рақиби шимолий кореялик Жо Хё Нам бўлади.

-64 кг вазн тоифасидаги Иқболжон Холдоров ярим финалда япониялик Дайсуки Наримацуга қарши рингга кўтарилиб, 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

У энди финалда мўғулистонлик Чинзориг Батарсук билан жанг қилади.

-75 кг вазн тоифасидаги Исроил Мадримов филиппинлик Марсиал Феликсга қарши оғир жангда ғалабани ўзиники қилди - 3:2.

Энди у финалда қозоғистонлик Абилхан Аманқул билан олтин медал учун баҳс олиб боради.

Қайд этиш керакки, финалда Ўзбекистондан 7, Қозоғистон ва Мўғулистондан 2, Ҳиндистон, Филиппин ва КХДРдан бир нафардан вакил бўлади.

Дзюдо
Бугун Ўзбекистон дзюдо жамоаси ҳам иккита бронза медалга эга чиқди.

-100 кг вазн тоифасидаги баҳсларда иштирок этган Шерали Жўраев бронза медал учун баҳсда Бирлашган Араб Амирликлари вакили Иван Ремаренкога қарши гиламга чиқди ва иппон баҳоси билан ғалаба қозониб, Осиё ўйинлари совриндорига айланди.

Шерали Жўраев илк жангида непаллик рақибидан устун келди, аммо у ҳам чорак финалда мўғулистонлик Лхагвасурен Отгонбатарга енгилди. Шундан сўнг бронза медал учун баҳсларда иштирок этган Жўраев туркманистонлик Батир Хожамухамедовни мағлуб этиб, бронза учун жанг қиладиган бўлди.

+100 кг вазн тоифасидаги Бекмурод Олтибоев бронза медал учун гиламга чиқиб, эронлик Жавод Маҳжудни вазари баҳоси билан мағлуб этди.

Бекмурод Олтибоев иштирокини чорак финалдан бошлаб, илк жангдаёқ япониялик Такеши Ожитанига ютқазди. Шундан сўнг бронза медал учун ўтиш баҳсида гиламга чиққан Олтибоев хитойлик Йин Ёнгиега қарши гиламга чиқиб, иппон баҳоси билан ғалабага эришди ва бронза учун гиламга чиқиш ҳуқуқини қўлга киритди. 

Бугунги баҳсларда иштирок этган ўзбекистонликларнинг яна икки нафари бронза учун баҳсларда ютқазди. -78 kg вазн тоифасидаги Нодира Йўлдошева бронза медал учун таиландлик Икуми Оедага қарши гиламга чиқиб, мағлуб бўлди. -90 кг вазн тоифасидаги Шаҳзодбек Сабиров эса медал учун баҳсда япониялик Бакер Машуга ютқазди. 

Бугунги баҳслардан кейин Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги бронза медаллар сони 23тага етди. Ўзбекистон умумий рейтингда 57 медал билан (15 олтин, 19 кумуш ва 23 бронза) еттинчи ўринда қолмоқда.