Фотожамланма. Ўзбекистонлик эшкак эшувчилар 4та медал олишди. Умумий рейтингдаги вазият
Aug. 30, 2018, 12:20 p.m. 10336

Бугун, 30 август санасида Индонезиянинг Жакарта ҳамда Палембанг шаҳарларида XVIII ёзги Осиё ўйинлари давом эттирилмоқда.

Байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича мусобақаларида ўзбекистонлик спортчилар жами 4та медални қўлга киритишди.

Каноэда эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Дилноза Раҳматова ва Нилуфар Зокирова жуфтлиги аёллар ўртасида 500 метр масофага ўтказилган баҳсларда маррага иккинчи бўлиб етиб келди (2:06.160) ва Осиё ўйинлари кумуш медалига сазовор бўлди. Олтин медал Хитой вакилларига, бронза эса индонезиялик спортчиларга насиб этди.

Вадим Меньков каноэда 1000 метр масофага эшкак эшишда 4:04.224 натижа билан биринчи бўлди. У Ўзбекистон 4 марта Осиё ўйинлари чемпиони бўлган илк спортчига айланди. Бунгача у Доҳа, Гуанчжоу ва Инчеонда ўтказилган Осиё ўйинларида чемпион бўлганди. У бундай натижага эришган биринчи ўзбек спортчиси бўлди.

Иккинчи ва учинчи ўринларни тожикистонлик Шаҳриёр Даминов (4:05.950) ва эронлик Муҳаммад Наби Ризо (4:06.434) эгаллади.

Совриндорларга медалларни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Жасур Матчанов топширди.

500 метр масофага тўрт кишилик экипажда ўтказилган баҳсларда Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари (А.Тропин, В.Ибрагимов, Ж.Нурматов, А.Мочалов) маррага бешинчи бўлиб етиб боришди. Бу йўналишда Қозоғистон олтин, Жанубий Корея кумуш, Эрон бронза олди.

1000 метр масофага жуфтлик баҳсларида стартга чиққан Шаҳриёр Маҳкамов ва Шоҳруҳбек Аъзамов маррага учинчи бўлиб етиб келди ва бронза медалига сазовор бўлишди.

Бу йўналишда олтин медал хитойлик Жанг Донг ва Бу Тингкаи жуфтлигига, кумуш медал эса қозоғистонлик Илья Голендов ва Андрей Ергучёв жуфтлигига тегди.

1000 метр масофага каноэда эшкак эшган Нурислом Тўхтасин ўғли ва Серик Мирбеков жуфтлиги маррага учинчи бўлиб етиб борди ва Ўзбекистон ҳисобига яна бир бронза медални қўшиб қўйишди.

Олтин ва кумуш медаллар яна хитойлик ва қозоғистонлик спортчиларга насиб этди. Лиу Ҳао ва Ванг Ҳао жуфтлиги биринчи, Сергей Емельянов ва Тимофей Емельянов жуфтлиги иккинчи бўлди.

Эндиликда Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 49тага етди - 13 олтин, 18 кумуш ва 18 бронза. Айни вақтда Ўзбекистон жамоаси 6-ўринга кўтарилган.