Осиё ўйинлари. Диёрбек Ўрозбоев финалга чиқди, икки дзюдочи бронза учун курашади
Aug. 29, 2018, 10:36 a.m. 1906

Ўзбекистон дзюдо жамоасининг -60 кг вазн тоифасидаги вакили Диёрбек Ўрозбоев Осиё ўйинлари финалига йўл олди. У ярим финал баҳсида жанубий кореялик Ли Ҳаримни вазари баҳоси билан мағлуб этди.

Фото: Анвар Ильясов

Энди Ўрозбоев олтин медал учун япониялик Тору Шишимега қарши татамига чиқади.

Иштирокини нимчорак финалдан бошлаган Ўрозбоев бунгача ҳиндистонлик Ядав Вижай Кумар ва Хитой Тайпей вакили Янг Юнгвейни мағлуб этганди.

-66 кг вазн тоифасидаги Шаҳрам Аҳадов ярим финалда жанубий кореялик Ан Баул билан беллашди. Аммо финал остонасида ютқазиб қўйди. Энди у бронза медал учун татамига чиқади. Унинг медал учун рақиби қирғизистонлик Артур Те бўлади.

Аҳадов ярим финалга қадар тожикистонлик Ёқубжон Боқиев ва шимолий кореялик Ким Ҳёнгунни мағлуб этганди.

Фото: Анвар Ильясов

-52 кг вазн тоифасидаги Гулноза Зияева эса дастлаб ҳиндистонлик дзюдочини мағлуб этиб чорак финалга чиқди.

Фото: Анвар Ильясов

Аммо чорак финалда жанубий кореялик Дасол Паркка ютқазди. Шундан сўнг у бронза медали учун ўтиш жангида туркманистонлик Гулбадам Бабамуратовага қарши жанг қилиши лозим эди. Бироқ, туркман спортчисининг жароҳати сабаб Зияева бронза медали учун жангда тўғридан-тўғри иштирок этадиган бўлди. Унинг медал учун рақиби шимолий кореялик Рим Сонг Сим бўлади.