Узбек O'zbek
Усмонов «Эвертон»га кўз тикмоқдами?
Душанба, 27 Август
4384

Август бошларида Алишер Усмонов Лондоннинг «Арсенал» клубининг ўзига тегишли акциялар пакетини (30%) клубнинг асосий акциядори Стэн Кронкега нақд 550 млн фунт стерлингга сотишга қарор қилгани маълум бўлди. Бир ҳафтадан сўнг Bloomberg’га берган интервьюсида россиялик миллиардер футбол билан хайрлашмоқчи эмаслигини ва бошқа жамоаларга инвестиция киритиш  масаласини кўриб чиқаётганлигини билдирди.

Усмонов журналистларга бир нечта, хусусан, Мюнхеннинг «Бавария», Италиянинг «Милан» ва «Рома» клублари мухлиси эканлигини маълум қилди. Агарда фойдали таклиф бўлса, миллиардер «бу келишувни кўриб чиқишга тайёр».

Аммо юқорида номлари айтилган клублар истиқболли эмас. Немис футболидаги қоидага кўра, акцияларнинг назорат пакети (50+1) клубда қолиши керак, шу сабабли ҳеч қандай пул эвазига клубнинг ягона хўжайини бўлишнинг имкони йўқ. Чекловни айланиб ўтиш йўллари ҳам бор, аммо буни акциядорлари Adidas, Audi ва Allianz SE (8,33%дан) бўлган «Бавария» билан амалга ошириб бўлмайди.

«Милан» яқиндагина Elliott Management Corp инвестицион гуруҳи бошқарувига ўтди ва молиявий ҳолатини яхшиламагунча сотилмайди. «Рома» етти йилдирки америкалик миллиардер Жеймс Палоттега тегишли бўлиб, кескин маркетингни амалга оширмоқда ва 2020 йилда янги стадионга кўчиб ўтмоқчи.

Усмонов учун Ливерпулнинг 140 йиллик тарихга эга «Эвертон» жамоаси қизиқарлироқ кўринмоқда.

Ҳозирда клубнинг асосий эгаси Усмоновнинг қадрдон дўсти ва бизнес ҳамкори Фарҳод Мошири ҳисобланади. Улар 1990-йиллар бошларида танишишган, 2007 йилда эса биргаликда «Арсенал» акцияларини сотиб олишган. Усмонов 2016 йилда Моширининг «Арсенал»даги улушини, Мошири эса «Эвертон»нинг 49,9% акциясини сотиб олган. Айрим манбаларнинг таъкидлашича, Мошири 2018 йилда «Эвертон» директорларидан бири Жон Вудснинг улушини сотиб олиб (8,9%) клубнинг асосий хўжайинига айланиши мумкин. У ҳолда Мошири клуб устидан тўлиқ назоратни қўлга киритади ва уни эски шериги билан бўлишишни рад этмайди.

Усмонов 2017 йил бошидаёқ Моширининг лойиҳасига қизиқиш билдирганди: USM компанияси йилига 6 млн фунт стерлинг эвазига «Эвертон»нинг Finch Farm машғулот базаси ҳомийсига айланган. Яқинда берган интервьюсида эса миллиардер клубга янада каттароқ инвестиция киритиш «эҳтимоли борлигини» ва агарда Моширини қўллаб-қувватлаш керак бўлса «унга ёрдам беришдан хурсанд бўлишини» айтди. Усмоновдаги имкониятлар билан премьер-лиганинг ўртача жамоасини юқори даражадаги жамоага айлантириш эҳтимоли кескин ошади.  

Спортдаги муваффақиятлар нуқтаи назаридан олиб қараганда жамоанинг натижалари мақтангулик эмас. «Эвертон»нинг 2017 йилда янги ўйинчилар учун 142,4 млн фунт стерлинг сарфлаши (икки «Манчестер» ва «Челси»гина ундан кўпроқ пул сарфлаган) ҳеч нарса бермади: жамоа чемпионатда 8-ўринни эгаллади ва ҳаттоки Европа Лигасига ҳам илаша олмади. Бу йил трансфер харажатлари камтарона бўлди (£99,8 млн), бироқ «Эвертон» «Арсенал», «Сити» ва «Юнайтед»дан кўра кўпроқ харажат қилди.

Аммо-лекин бизнес кўрсаткичларида ўсиш кўзга ташланмоқда. «Эвертон» 2018 йилда Deloitte топ-20 рейтингига қайтди: клубнинг 2016/17 мавсумдаги даромади 171,2 млн фунт стерлингни ташкил этди ва бу аввалги мавсумга нисбатан 50 млн фунтга кўпдир. Бу асосан Англия премьер-лигасининг янги телевизион шартномаси билан боғлиқ: «Эвертон» 2016/17 йилги чемпионатда 7-ўринни эгаллади ва 130,5 млн фунт олди. Тижорат даромадлари 31% га ошди. 2017/18 йилги мавсумда жамоанинг «либос» ҳомийси ўзгарди. Футболкадаги логотип учун йилига 5,3 млн фунт тўлаган Таиланднинг Gang пивоси ўрнини йилига 9,6 млн фунт стерлинг тўлаган Кениянинг SportPesa букмекерлик контораси эгаллади. Бундан ташқари, клуб «енг» ҳомийсини ҳам топди. Компьютер ўйинлари ишлаб чиқарувчи Rovio Entertainment Corporation клуб ҳамкорига айланди.

Янги стадион клуб даромади ўсишида муҳим омил бўлади. 40 минг ўринли эски «Гудисон Парк» стадиони деярли 100%га тўлади (клуб 32 000та абонемент сотади), аммо йилига камтарона 14,5 млн фунт даромад келтиради (2016/17 йилги мавсум маълумоти). 50–55 минг томошабинга мўлжалланган янги стадион эса  янада кўпроқ фойда келтиради. Ливерпуль шаҳар кенгаши «Эвертон»учун Брэмли-Мур-док туманида янги стадион қурилишини маъқуллади ва клубга 280 млн фунт стерлинг кредит ажратишга тайёр. Архитектор Дэн Мейснинг лойиҳаси 450-500 млн фунт деб баҳоланмоқда. «Эвертон» янги стадионга 2022/23 йилги мавсумда кўчиб ўтишни режалаштирган, аммо Усмоновнинг эҳтимолий инвестициялари бу жараённи тезлаштириши мумкин.  

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз