Жакартада Осиё олимпия кенгашининг бош ассамблеяси бўлиб ўтди
Aug. 19, 2018, 11:21 a.m. 720

Бугун, 19 август куни Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида Осиё олимпия кенгашининг 37-бош ассамблеяси бўлиб ўтди. Унда Индонезияда ўтказилаётган Осиё ўйинларига ташриф буюрган делегациялар раҳбарлари, шунингдек, турли спорт турлари бўйича федерациялари раҳбарлари иштирок этишди.

Ассамблеяни Осиё олимпия кенгаши президенти шайх Аҳмад ал-Фаҳад ал-Аҳмад ал-Сабоҳ очиб берди ва маъруза қилди.

Фото: Анвар Ильясов

Ассамблеяда Ўзбекистон номидан Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Жасур Матчанов қатнашди.

Шунингдек йиғилишда яна бир неча ўзбекистонлик спорт амалдорлари, хусусан, Осиё Олимпия Кенгаши вице-президенти, Халқаро ҳаваскор бокс ассоциацияси (AIBA) президенти вазифасини бажарувчи Ғофур Раҳимов ва Осиё самбо иттифоқи президенти Аламжон Муллаев ҳам иштирок этган.

«Kun.uz» мухбири хабар беришича, ассамблеяда 2022 йили Хитойнинг Ҳангжоу шаҳри мезбонлик қиладиган Осиё ўйинлари ва 2026 йили Япониянинг Айти-Нагоя префектурасида бўлиб ўтадиган Осиё ўйинлари, 2020 йилги Токио ёзги олимпиадаси ва 2022 йилги Пекин қишки олимпиадаси тақдимоти ўтказилган, шунингдек, турли федерациялар раҳбарлари тақдирланган.

Фото: Анвар Ильясов

Шунингдек, ассамблея давомида спортнинг янги тури - текбол спорти тақдимоти ҳам ўтказилган. Айни вақтда ушбу спорт тури бўйича махсус сайт фаолият бошлаган.