Равшан Ҳайдаров нега натижаси аҳамиятсиз ўйинда ҳам таркибда ротациялар қилмаганини тушунтирди
Aug. 19, 2018, 9:22 p.m. 7445

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров Осиё ўйинлари гуруҳ босқичининг 3-турида Таиландга қарши кечган ва 1:0 ҳисобидаги ғалаба билан якунланган ўйиндан кейинги матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

Мураббийдан нега натижаси аҳамиятсиз бўлган ўйинда асосий таркиб футболчиларига дам бермагани ҳақида сўрашди.

«Йигитлар анча вақтдан буён бир-бирини жуда яхши билади. Достон Ҳамдамов ҳамиша ёрдам бера олмаслиги мумкин, шу туфайли унинг позициясида ўйновчи Азизбек Турғунбоевга имконият берилди. Жалолиддин Машариповни Азизбек ўйинга мослашиши осон бўлиши учун бу ўйинда ҳам майдонда қолдирдим. Жалолиддин катта ҳажмдаги ишни бажармоқда.

Ҳа, бугун ҳал қилувчи ўйин эмасди. Лекин, биз ҳар бир ўйинда ғалаба учун майдонга тушамиз. Қолаверса, асосий таркиб футболчиларида мотивация йўқолмаслиги, футболчиларда эринчоқлик пайдо бўлмаслиги, ўйин темпи тушмаслиги учун кўп ротациялар қилмадик. Таиланд ҳам кучли рақиб эди ва кейинги ўйинга асосий таркибни шундай ўйин орқали тайёрлашни мақсад қилдик.

Ҳа, футболчилар жароҳатлар олиши хавфи бор эди, яхшиямки, бундай бўлмади», дея мураббийнинг сўзларини келтирмоқда «Kun.uz» мухбири.

Ҳайдаровдан кейинги босқичда қайси терма жамоа рақиб бўлишини истаётганини сўрашган.

«Авваламбор, мен рақиб танламайман. Бу турнирга фақат биринчи бўлиш учун келганмиз, ким рақиб бўлишидан қатъи назар ғалаба учун майдонга тушамиз. Шу туфайли, рақиб танлаш нотўғри бўлади, деб ўйлайман.

Индонезия тушса ҳам одатдагидек тайёргарлик кўриб, ўз ўйинимизни кўрсатамиз», деган мураббий.

Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоасига плей-офф босқичида A, C ёки D гуруҳида 3-ўринни эгаллаган терма жамоалардан бири рақиб бўлиши мумкин. A гуруҳида охирги турдан олдин Фаластин, Ҳонгконг ва Индонезия терма жамоалари 1, 2 ва 3-ўринларни эгаллаб турибди. C гуруҳида БАА, D гуруҳида Покистон олимпиячилари 3-ўринларни эгаллаган. Ўзбекистоннинг рақиби 20 август куни аниқ бўлади. 1/8 финал ўйини 23 августга белгиланган.