Андрей Шипилов: «Металлург»нинг кучли олтиликдаги ўрни ҳаққоний»
Aug. 18, 2018, 1:03 p.m. 1044

«Металлург» бош мураббийи Андрей Шипилов Суперлига 22-туридан ўрин олган ОКМК (3:2) клубига қарши ўйиндаги ғалабадан сўнг, ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Мусобақа жадвалида эгаллаб турган ўрнимиз биздан фақат ғалаба учун майдонга тушишни талаб этарди. Ҳафта давомида бу ўйинга ҳам тактик, ҳам стратегик жиҳатдан пухта ҳозирлик кўрдик. Рақибнинг кучини яхши ўргандик. Олмалиқ шаҳри жамоаси сўнгги тўртта ўйинни жуда кўтаринки кайфиятда ўтказиб, оптимал спорт формасига кириб олганди. Айниқса жамоа стандарт вазиятлардан фойдаланишда Суперлиганинг кучлиларидан ҳисобланади. 

Йигитларга раҳмат, жуда тартибли ва интизомли ўйин намойиш этиб беришди. Рақибнинг икки кучли легионери дисквалификация туфайли майдонга тушмаган бўлса-да, бу ўйин сифатига жиддий таъсир кўрсатмади. Улар ўрнига тушган футболчилар жамоадошларининг йўқлигини асло билдиришмади. Рақиб кучли футбол намойиш этди. Бироқ биз вазиятларни назоратимизда ушлаб турдик. Қийин ҳолатлардан муваффақиятли чиқиб кета олдик. Қарши ҳужумлардан эса унумли фойдаланиб, рақибни доғда қолдирдик. Бу вариантларни ҳам машғулотлар жараёнида тайёрлаб қўйгандик.

Ҳимоя чизиғимиздаги қўпол хато туфайли мезбонлар ҳисобни тенглаштириб олишди. Тўғрисини айтсам, ҳисоб 1:1 кўринишини олгандан кейин футболчилар концентрацияни йўқотишларидан чўчигандим. Афсуски, кутганимдек бўлди. Майдон эгалари ўзининг асосий қуроли – стандарт вазиятдан унумли фойдаланиб, ҳисобда олдинга чиқиб ҳам олишди. Бугун майдонда жанговор кураш кечди ва биз унда ютқазмадик. Футболчиларимиз ирода кўрсатишди. Ҳақли равишда ғалаба қозондик. 

Умуман биринчи босқич ҳақида гапирадиган бўлсам, биз белгиланган режа ва мақсад йўлида оғишмай ҳаракат қилдик. Биринчи турдан то шу кунга қадар, саккизинчи поғонадан пастга тушмаганимиз фикримнинг исботидир. Бу клубда ишларнинг тўғри ташкил қилингани далилидир. Кучли олтиликдаги ўрнимизни ҳам ҳаққоний деб ҳисоблайман. Энг кучли ўйинларимиз ҳали олдинда. 

Ислом Исоқжоновга келадиган бўлсак, у айни пайтда жуда кучли формада. Миллий терма жамоамиз мураббийлари бу футболчига эътибор қаратишларига умид қиламан» - деб Андрей Шипилов сўзларини келтирмоқда клуб матбуот хизмати.