Салом, футбол. Европада мавсум бошланмоқда. Учрашувлар анонси
Aug. 17, 2018, 1:12 p.m. 11498

Европа футболи аста-секинлик билан тезланиш олмоқда. Ўтган ҳафта кучли бешликдан Англия ва Францияда дастлабки тур ўйинлари бўлиб ўтган бўлса, бу ҳафтадан Италия А Серияси ва Испания Ла Лигаси ҳам старт олади ва айтиш мумкинки, бизни биринчи кунларданоқ бир қатор эътиборга молик ўйинлар кутмоқда. Анъанавий равишда, дам олиш кунлари Европа майдонларида бўлиб ўтадиган қизиқарли учрашувлар анонси билан таништирамиз.

ЧЕЛСИ – АРСЕНАЛ (18 август, 21:30)

«Арсенал»нинг тақвимига ҳавас қилиб бўлмайди. Ўтган турда Эмери шогирдлари жуда яхши спорт формасида бўлган «Манчестер Сити»ни қабул қилишди ва мағлубиятга учрашди. Энди эса, «Стэмфорд Бридж»га сафар. «Челси» эса, сафарда тўп сурганига қарамасдан, анча ишончли ўйнади ва йирик ҳисобда ғалаба қозонди.

Ҳар икки жамоа мавсумга бир хил шароитда кириб келишди. Ўтган йилги муваффақиятсиз мавсумдан сўнг, янги мураббий, Европа Лигасига, камтарона трансфер сиёсати. Мутахассислар бу жамоаларга унчалик ишонишмаяпти, сабаби, айтиш мумкинки, Эмери ҳам, Сарри ҳам олдинги мураббийлардан бироз фарқли ўйин фалсафасига эга. Бу эса, дастлабки ойларда бироз ноқулайлик туғдириши мумкин деб ҳисоблашмоқда.

Таркибларга келсак, «Челси» сафида фақат Сеск Фабрегас майдонга тушмаслиги мумкин. Аксинча, жаҳон чемпионати туфайли таътилдан кечроқ қайтган Эден Азар бу сафар ўйинга тайёр бўлади ва асосий таркибда майдонга тушиши кутилмоқда. «Арсенал» сафида эса, узоқ муддатга сафдан чиққан Косьелни ва Колашинацдан ташқари ҳамма тайёр. Ҳатто Начо Монреал ҳам машғулотларга киришди ва у бугун майдонга қайтиши мумкин.

Ўзаро учрашувларга қарасак, сўнгги пайтларда «Арсенал»нинг устунлигига гувоҳ бўламиз. Турли турнирлар ва ўртоқлик ўйинларини ҳам қўшсак, охирги олти ўйинда «Челси» ғалаба қозона олмаяпти. Ўзаро сўнгги учрашув эса, яқиндагина, 2 август куни мавсумолди йиғинлар доирасидаги АҚШ турнирида бўлиб ўтганди. Рюдигернинг ўйин бошларидаги урган голига сўнгги дақиқада Ляказетт жавоб берган ва ўйин 1:1 ҳисобида якунига етган.  

КЬЕВО – ЮВЕНТУС (18 август, 21:00)

Одатий кунда бу учрашувга эътибор қаратиш шарт бўлмасди, балки. Аммо Криштиану Роналду оддий футболчи эмас, унинг А Сериядаги дебют ўйини барчанинг эътиборида бўлиши табиий. Бу томондан «Кьево» мухлисларига ҳавас қилса арзийди. Шундоғам «Кьево» «Ювентус» учун қулай рақиб, охирги 12 ўйиннинг 11тасида туринликлар жамоаси ғалаба қозонишган, бир ўйин дуранг билан тугаган. Аммо шу баҳона Роналдунинг «Ювентус» сафидаги илк расмий ўйинини жонли томоша қилиш ҳаммага ҳам эмас, тўғрими?

«Реал»даги саргузаштларини тугатиб, янги чақириқ учун Туринни танлаган 33 ёшли ҳужумчи назорат ўйинларида ўзини кўрсатмоқда ва голлар урмоқда. Унинг Мадриддаги голеадорлик хусусияти Италияда ҳам давом этадими, бунга дастлабки ўйиндаёқ жавоб олишимиз мумкин.

Фақат Роналду эмас, мухлислар шу куни Леонардо Бонуччининг ҳам қайтишини кузатишлари мумкин. «Милан»да муваффақиятсиз кечган мавсумдан кейин Бонуччи яна қайтмоқда. Яна бир янги футболчи Конселунинг эса, майдонга тушиши сўроқ остида. Унинг кичик жароҳати бор.

ВИЛЬЯРЕАЛ - РЕАЛ СОСЬЕДАД (18 август, 23:15)

Ҳақиқий испан футболини соғинганлар учун жуда яхши афиша. Балки янги мавсумда еврокубоклар учун курашадиган икки жамоа дастлабки турдаёқ тўқнаш келади.

«Вильяреал» жуда фаол мавсумолди трансфер кампаниясини олиб борди. Жамоани тарк этганлар орасида ҳам, келганлар орасида ҳам эътиборли номлар бор. Масалан, узоқ йиллик танаффусдан сўнг, эркин агент сифатида жамоага қайтган Санти Касорлани майдонда кўриш маҳаллий ишқибозлар учун ҳам, биз учун ҳам қизиқ бўлса керак. Шунингдек, «Эвертон»даги ўйинлари орқали таниш бўлган марказий ҳимоячи Рамиро Фунес Мори, «Порту»дан келган Мигел Лайюн каби футболчилар ҳам жамоа ўйинига ишонч олиб кирса керак.

Басклар таркибида эса, етакчи ҳимоячи Алваро Одриосола Мадриднинг «Реал»ига ўтиб кетди. Аммо айнан «қироллик клуби»дан ижарага олинган Тео Эрнандес унинг ўрнини билдирмаса керак.

Яна шуни айтиш мумкинки, ҳар икки жамоа таркибида жароҳатланган футболчилар жуда кўп. Мезбонлардан Сориано, Бонера, Фуего ва Тригуэроснинг ўйнаши сўроқ остида бўлса, сосьедадликлардан Янузай, Сурутуса, Хуанми Лопес, Мойя каби футболчиларда жароҳат бор.

Жамоалар ўртасида кечган охирги 20 учрашувнинг 8тасида «Вильяреал» ғалаба қозонган. Шунча ўйин дуранг билан якунига етган. 

ЛАЦИО – НАПОЛИ (18 август, 23:30)

А Серия фақат Роналдунинг дебюти эмас, икки фаворит жамоанинг ўзаро баҳси билан ҳам бошланади. Ўтгани йили сўнгги турларгача Чемпионлар Лигаси учун курашган «Лацио» «Наполи»ни қабул қилади.

«Наполи» ёзда таркибда катта ўзгаришлар қилмаган бўлса-да, бош мураббийнинг ўзгарганининг ўзи ҳам катта воқеа. Агар ўйин фалсафасида катта аҳамият касб этган Сарри ўрнига, ҳақиқий италиялик Карло Анчелотти келган бўлса... Шунингдек, майдон марказида етакчи футболчи Жоржиньо «Челси»га ўтиб кетди. Унинг ўрнини «Болонья»дан таклиф қилинган Симоне Верди босиши керак.

«Лацио» эса бразилиялик ҳавбеки Филипе Андерсонни «Вест Ҳэм»га сотишга мажбур бўлди, Стефан де Врей «Интер»ни танлади. Шундай бўлса-да, Симоне Индзаги жамоасига бу йили ўзини кўрсатиши мумкин бўлган янги номлар келиб қўшилган. Булар - Ризо Дурмиси («Бетис»), Валон Бериша («Зальцбург»), Силвио Прото («Олимпиакос»), Франческо Ачерби («Сассуоло»), Хоакин Корреа («Севилья») ва Милан Бадел («Фиорентина»).

Қизиғи, савия жиҳатидан бу жамоалар бир бирига анча яқин ҳисобланса-да, сўнгги уч ўйинда «Наполи» йирик ҳисобда ғалаба қозонган экан. «Лацио»нинг сўнгги ғалабаси 2015 йилнинг майига тўғри келади.

ВАЛЕНСИЯ – АТЛЕТИКО (20 август, 23:00)

Яна бир испан футболи классикаси. Ла Лигада чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритиш учун атиги икки жой бор. «Реал» ва «Барселона»нинг доимий чиптасидан ташқари. Бу икки жамоа мана шу икки ўринни эгаллашган, яъни ўтган мавсумни максимал даражада муваффақиятли ўтказишган дейиш мумкин.

Бунинг устига ҳар икки жамоа ҳам ёзда жуда фаол бўлди ва бир қатор кучли футболчилар эвазига янада кучайди. Денис Черишев, Кевин Гамейро, Мичу Башуайи, Кристиано Пиччини, Даниел Васс, Мухтор Диакаби каби футболчилар «Валенсия»га ўтган йили етишмаган устунликни беради - яъни мураббий учун турли ротация ва тактик маневрлар учун шароит яратадилар. Кетганлар орасида Нанининг «Спортинг»га, Канселу «Ювентус»га трансфери, Перрейранинг Манчестерга, Гонсало Гуэдешнинг Парижга қайтганини айтиш мумкин. Жамоа назорат ўйинларини ҳам юқори савияда ўтказди - Анлияда «Эвертон» устидан 3:2, шунингдек, «Байер» устидан қозонилган йирик (3:0) ҳисобдаги ғалаба ҳам эътиборга моликдир.

«Атлетико» ҳам жуда ақлли ва дадил трансферларни амалга оширди. 70 миллионга Лемарнинг «Монако»дан келишининг ўзи катта воқеа. «Атлетико»нинг кучини куни-кеча Европа Суперкубоги учун баҳсда ҳам кўрдик. Табиийки, бу йил мадридликлар ўзи қатнашадиган барча мусобақаларда ғолиблик учун курашади. Йўл эса, Валенсиядан бошланади, осон эмас.

«Валенсия» «Атлетико» устидан 2014 йилнинг октябридан буён ғалаба қозона олмаётганини таъкидлаш керак.

КРИСТАЛ ПЭЛАС – ЛИВЕРПУЛЬ (20 август, 23:55)

«Ливерпуль» мавсумни жуда яхши бошлади ва Клопп жамоаси кўпчилик тахмин қилганидек, чемпионлик учун асосий даъвогарлардан бири эканини исботлашни бошлади. Аммо «Кристал Пэлас» «Ливерпуль» учун жуда ноқулай рақиб.

Тўрт йил олдин айнан «Кристал Пэлас» 0:3 ҳисобини 3:3га айлантириб, «Ливерпуль»ни назарий томондан чемпионлик курашидан чиқариб юборганини ҳамма эсласа керак. Бу охиргиси эмасди, шундан сўнг ҳам «Кристал Пэлас» рақибининг оёғидан чалишда давом этди. Юрген Клоппнинг Англиядаги илк мағлубияти ҳам «Энфилд»да айнан «Кристал Пэлас»дан бўлганди. Умуман, сўнгги 4 йилда «Кристал Пэлас» «Ливерпуль»ни 4 марта мағлубиятга учратди – кичик жамоа учун бу жуда катта натижа. Бу ғалабалардан учтаси «Энфилд»да рўй берган. Ўз майдонида ҳам «бургутлар» анча дадил ўйин намойиш этишади.

«Ливерпуль»нинг трансфер ойнасидаги харидлари ҳақида кўп гапирилди, ўз навбатида Рой Ҳожсон ҳам таркибда бир қатор сезиларли ўзгаришларни амалга оширди. «Вест Ҳэм»дан Шейх Куяте, Германиядан Макс Майер, «Суонси»дан Жордан Айю каби номлар «Кристал Пэлас» учун жуда яхши кучайишдир. Шунингдек, жамоа етакчи ҳужумчиси Уилфрид Заанинг клуб билан янги шартнома имзолагани ҳам эмоционал томондан ижобий туртки бўлиши мумкин. Тарк этганлар орасида Йоҳан Кабайнинг «Ан Наср»га ўтиб кетганини эслаш мумкин.

«Ливерпуль» сўнгги назорат ўйинларини жуда кучли ўтказди, «МЮ» устидан 4:1, «Наполи» устидан 5:0 ҳисобидаги ғалабалар қайд этилди. Бунинг давоми сифатида «Вест Ҳэм» АПЛнинг 1-турида 4:0 ҳисобида тор-мор келтирилди. Салоҳ, Мане, Фирмино ҳамон ўша биз билган юксак спорт формасидалар, хўш, ўтган йили «Манчестер Сити»ни тўхтатишнинг уддасидан чиққан «Кристал Пэлас» бу сафар нима қила оларкин?

БОШҚА ЎЙИНЛАР

18 август. Генгам – ПСЖ (20:00), БАРСЕЛОНА – Алавес (19 августга ўтар кечаси, 01:15)

19 август. МАНЧЕСТЕР СИТИ – Ҳаддерсфилд (17:30), Брайтон – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (20:00) Сассуоло – ИНТЕР (23:30) РЕАЛ – Хетафе (20 августга ўтар кечаси, 01:15)