Ўзбекистон Қатарга жавобсиз 6та гол уриб, плей-оффга чиқди
Aug. 16, 2018, 7:09 p.m. 8730

Равшан Ҳайдаров мураббийлигидаги Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Жакарта-2018даги иккинчи ўйинида ҳам йирик ҳисобда ғалабага эришди. Осиё чемпиони бўлган жамоанинг мусобақада яққол фаворитлардан бири экани Қатар олимпиячиларига қарши баҳсда тасдиқланди – 6:0.

Ўйиннинг 38-дақиқасига келиб ҳисоб очилди. Ҳамробеков майдон марказида рақибдан тўпни олиб қўйгач, уч ҳимоячига қарши тўрт нафар ўзбекистонлик футболчи Қатар дарвозаси томон бостириб борди. Одил тўпни узатиш вариантлари орасидан жамоа сардори Забиҳиллони танлади, Ўринбоев эса биринчи ҳаракатда тўпни ўзига тўғрилаб олиб, иккинчисида дарвозанинг олис бурчагини аниқ нишонга олди – 1:0.

Орадан 5 дақиқа ўтгач, вакилларимизда жуда қулай нуқтадан жарима зарбаси тепиш имконияти пайдо бўлди. Икром Алибоев кучли зарба билан тўпни дарвозанинг тўққизлигига жойлаб қўйиб, мусобақанинг энг чиройли голларидан бири муаллифига айланди. Жамоалар 2:0 ҳисоби билан танаффусга йўл олишди.

Иккинчи бўлим Ўзбекистон олимпиячиларининг голлар ёмғири билан бошланди. Дастлаб 47-дақиқада Достон Ҳамдамов бир ҳимоячини алдаб, қатарликлар жарима майдони марказида эркин сайр қилиб юриш асносида ҳисобни йирик кўринишга келтирган бўлса, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, арабларга ўз жарима майдонига қайтишга улгурмагани яна панд берди: тезкор қарши ҳужум ва 3 ҳимоячига қарши уч ўзбекистонлик. Ўринбоев йиқилиб бўлса-да, тўпни ўзида сақлаб қолиб, Сидиқовга узата олди. Жавоҳир бўш турган дарвозани ишғол қилишда кўп ҳам қийинчиликка дуч келгани йўқ – 4:0.

54-дақиқада қатарлик дарвозабон бирга бир вазиятда футболчимизга нисбатан қўполлик ишлатгач, бунинг учун гол билан жазоланди. 11 метрлик нуқта, Жалолиддин Машарипов, тўп йўналишини топа олмаган араб дарвозабони – ҳисоб 5:0.

Кетма-кет голлардан сўнг ўзини йўқотиб қўйган рақиб футболчилари тўпни йўқотиб қўйишдан қўриб, мутлақо ҳужумга ўтмай қўйишди. Тўп ҳужум чизиғига эмас, фақат орқага узатилаверган вазиятлардан бирида ҳимоячи панд берди, натижада Бобир Абдухолиқов ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйди.

Бу ғалаба Равшан Ҳайдаров шогирдларига муддатидан аввал 1-ўринни қўлга киритиб, кейинги босқичга чиқиш имкониятини берди. Сўнгги тур ўйинини вакилларимиз Таиланд ёшларига қарши ўтказишади. Учрашув 19 август куни Тошкент вақти билан 17:00 да бошланади.

Осиё ўйинлари. Жакарта-2018
В гуруҳи, 2-тур, 16 август
Қатар U23 - Ўзбекистон U23 - 0:6
Голлар: З.Ўринбоев (37), И.Алибоев (43), Д.Ҳамдамов (47), Ж.Сидиқов (49), Ж.Машарипов (53 пен), Б.Абдухолиқов (76)
Қатар ОТЖ: М.Бадриддин, Т.Салмон, У.Алимадий, Т.Алмуҳаза, А.Ҳесаба, М. Ал Шаммарий, Н.Ал наср,Ж.Омар, М.Фараж, А.Ал Саадий, О. Ал Аҳмад.
Ўзбекистон ОТЖ: Ботирали Эргашев, Аббос Отахонов (Дониёр Нарзуллаев, 55), Достон Турсунов, Рустам Ашурматов, Акром Комилов, Икром Алибоев, Одил Ҳамробеков, Достон Ҳамдамов, Жавоҳир Сидиқов (Жасурбек Яхшибоев, 76), Жалолиддин Машарипов, Забиҳулло Ўринбоев (Б.Абдухолиқов, 60).