«Атлетико» учинчи бор Европа суперкубогини қўлга киритди
Aug. 16, 2018, 3:25 a.m. 6051

Эстония пойтахти Таллин шаҳридаги «LeCoqArena»да УЕФА суперкубоги учрашуви бўлиб ўтди. Унда Испания Ла-Лигаси вакиллари «Реал» ва «Атлетико» майдонга чиқишди.

Ёдингизда бўлса, «Реал» Мадрид 2017/18 йилги мавсумда Европа чемпионлар лигасини қаторасига 3 марта, жами 13-марта қўлга киритган эди. «Атлетико» эса Европа лигаси ғолиби сифатида майдонга чиқди.

Учрашувнинг биринчи дақиқасиданоқ матрасчилар ҳужумчиси Диего Коста ҳисобни очди. У Годин томонидан етказиб берилган тўпни дарвозага бехато жойлади — 0:1.

27-дақиқада Гарет Бейл ўнг қанотдан тўпни хаволатиб узатди, тўп Годин ва Савичдан ўтиб кетиб, узоқ бурчакда турган Карим Бенземага келиб тушди ва у зарба беришда дарвозабонни алдаб ҳисобни тенглаштирди — 1:1.

Жамоалар биринчи бўлимни шу ҳисобда якунлашди.

Иккинчи бўлимда «Реал» ҳисобда олдинга чиқиб олди. Бурчакдан зарба узатилаётганида Годин тўпни қўли билан ўйнади. Шу вазиятда Коста эса кўп гапиргани учун огоҳлантирилди.

11 метрлик нуқтага қўйилган тўпни «бланкос»лар сардори Серхио Рамос дарвозага аниқ йўллади — 2:1.

Биринчи бўлимнинг асосий вақти тугашига 10 дақиқача вақт қолганида яна Диего Коста катта саҳнага чиқиб келди. Аввалига у чалқанча зарба билан тўп учун курашиб, уни эгаллаб олди, сўнгра тўп билан дарвозабон майдончасига бостириб борди, сўнгра елиб келаётган Корреа Навасни ўзига чорлаб, уни чалғитишини кутиб турди ва очиқ қолган дарвозани қийналмай ишғол этди — 2:2!

Учрашувнинг асосий вақти 2:2 ҳисобида якунлангач, 15 дақиқадан яна иккита қўшимча бўлитмлар ўтказилди. Қўшимча бўлимларда «Реал»нинг ўйин суръатида пасайиш яққол билиниб қолди.

99-дақиқада юза чизиғидан туриб Парти томонидан етказиб берилган тўпга энг қулай позицияни эгаллаб олган Сауль дарвоза томон чиройли зарба берди — 2:3!

104-дақиқада Диего Коста қанотда Карвахални доғда қолдирди ва жарима майдони ичида ўзи томон рақибнинг бир эмас тўрт футболчисини жалб қилган ҳолда орқага, дарвоза томон учиб келаётган Витолога пас берди. У эса тўпни ўзидан ҳам эркинроқ позицияда турган Кокега оширди ва Навас дарвозасидан тўртинчи тўп ўрин олди — 2:4.

Шундай қилиб, «Атлетико» ўз тарихида учинчи марта УЕФА суперкубогини қўлга киритди. Аввалги ғалабаларига у 2010 («Интер» устидан 0:2 ҳисобида ғалаба) ва 2012 йил («Челси» устидан 1:4 ҳи собида ғалаба) ларда эришган.

 

УЕФА СУПЕРКУБОГИ – 2018.

2018 йил 15 август. Таллин. «LeCoqArena».

«РЕАЛ» (Мадрид) – «АТЛЕТИКО» (Мадрид) 2:4 (1:1, 2:2, 2:4)

Голлар: Карим Бензема (27), Серхио Рамос (63-п) — Диего Коста (1, 79), Сауль (98), Коке (104)

«Реал»: Кейлор Навас, Серхио Рамос, Марсело, Карвахаль, Варан, Тони Кроос (Борха Майораль, 102), Каземиро (Дани Себаййос, 76), Иско (Лукас Вазкес, 83), Марко Асенсио (Лука Модрич, 57), Карим Бензема, Гарет Бэйл.

Бош мураббий: Жульен Лопетеги

«Атлетико»: Ян Облак, Хуанфран, Диего Годин, Стефан Савич, Лукас Эрнандес, Сауль, Коке, Лемар (Томас Парти, 90+1), Родри Эрнандес (Витоло, 71), Диего Коста (Хименес, 109), Антуан Гризманн(Анхель Корреа, 57).

Бош мураббий:Диего Симеоне

Огоҳлантиришлар: Асенсио (35), Марсело (54), Себаййос (90+1), Модрич (101), Рамос (112) — Корреа (60), Диего Коста (62), Витоло (105+3).

Бош ҳакам: Шимон Мартиняк (Польша)