Яна бир футболчи «Реал»дан кетади
Aug. 14, 2018, 11:50 a.m. 17111

«Реал» билан мавсумолди йиғинларида иштирок этган ярим ҳимоячи Мартин Эдегор УЕФА Суперкубоги учун 15 август куни бўлиб ўтадиган «Атлетико»га қарши ўйин қайдномасига киритилмаган.

Marca нашри хабарига кўра, ушбу 19 ёшли норвегиялик футболчи яқин кунларда янги жамоа сафида пайдо бўлади. 

Айни вақтда Испания примерасига қайтган «Вальядолид» клуби футболчини ижарага олиш истагини билдирган.

Мартин Эдегор 2015 йилнинг қишида, катта шов-шувлар билан Мадридга келганди. Аммо у жамоанинг асосий таркибига кира олмади - асосий жамоада фақат икки ўйинда иштирок этди.

Футболчи ўтган мавсумни Нидерландия чемпионатида, «Херенвен» сафида ижарада ўтказганди. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси муддати 2020 йилга қадар тузилган.