«Бухоро» мухлислари ПФЛ устидан ФИФАга шикоят қилишмоқчи
Aug. 14, 2018, 12:23 a.m. 15787

«Бухоро» клубининг мухлислари телеграм канали ўзбекистонлик футболсеварларга ва ПФЛга мурожаат тарзида ёзилган видеони эълон қилишди.

Унда «Бухоро» клуби мухлиси томонидан қуйидаги гаплар айтилган:

«Биз «Навбаҳор»га қарши ўйиндан қайтиб келаётганимизда, ПФЛ «Бухоро» клубидан қандайдир қарздорлик учун 3 очкони олиб ташлаши ҳақидаги гап-сўзларни эшитдик. Биз аниқ биламизки, бу 3 очко бир жамоанинг олтиликка киритилиши учун олиб ташланяпти. Бу факт, бу билан баҳслашиб бўлмайди. Чунки уч очкони олдинроқ ёки кейинроқ олиб ташласа ҳам бўлар эди, лекин олтиталик аниқланаётган паллада эмас. 

Агар эртага ПФЛ «Бухоро»ни уч очкодан маҳрум қилса, биз петиция шаклида имзо тўплаб, ФИФАга арз қиламиз, бу ҳам фойда бермаса Ўзбекистон Республикаси президентига мурожаат қиламиз.  

Бундай ПФЛнинг бўлганидан бўлмагани яхши. Бу ПФЛ футболни ўлдирмоқда. Бундай ташкилотда футболни тушунадиган одамлар ишлаши керак. Билингки, биз охиригача курашамиз» - дейилади видеодаги мурожаатда.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда «Бухоро» 32 очко билан 5-ўринда, «Металлург» 30 очко билан 6-ўринда, «Қўқон-1912» клуби 28 очко билан 7-ўринда бормоқда.