АПЛда юқори ўринлар қандай бўлади? Эксперт таҳлили
Aug. 14, 2018, 1:14 p.m. 7709

Sky Sports телеканалининг машҳур эксперти ва шарҳловчиси Алан Смит АПЛнинг янги мавсуми олдидан ўз тахминларини баён қилди. Смитнинг айтишича, «Ливерпуль»нинг трансферлари жуда аниқ ва фойдали бўлди, лекин бу ҳам жамоага совринни яна «Энфилд»га қайтариш учун етарли бўлмаслиги мумкинн. Пеп Гвардиоланинг «Манчестер Сити»си чемпионлик учун энг асосий даъвогар бўлиб қолмоқда.

«Манчестер Сити» ва «Ливерпуль» ҳақида

«Риёз Маҳрез – «Сити» учун жуда яхши харид. Бундан ташқари, Гвардиола ҳали ҳам ғалабага чанқоқ ва у бу билан жамоани янги чўққиларга олиб чиқиши мумкин. Пепнинг чанқоқлиги бошқа жамоаларга нисбатан «Манчестер Сити»нинг устунлигини янада оширади.

«Ливерпуль» Наби Кейта ва Алиссонни сотиб олиб, катта қадам ташлади. Жамоа оғриқли нуқталарни ёпди ва энди лигада иккинчи ўринни олиш учун асосий даъвогарлардан бири».

«Манчестер Юнайтед» ҳақида

«Албатта, клубнинг ёздаги трансфер сиёсати кўп мухлисларга ёқди, деб ўйламайман. Аммо жамоа ўтган мавсумда ҳимояда ёмон ўйнамади, Моуриньога янги ҳимоячи сотиб олиб беришни уддалай олмаган бўлишса-да, барибир, бу жамоани енгиш ҳали ҳам жуда қийин бўлиб қолаверади.

«Тоттенҳэм» ҳақида

«Кўпчилик «Тоттенҳэм» ҳеч кимни сотиб олмаганига салбий ёндашяпти, аммо уларда жуда савияли жамоа шаклланган. Нима дейишса ҳам, бу жамоа айниқса, янги стадионга кўчгач, футболдан қандай завқ олиш мумкинлигини кўрсатади. Ўйлайманки, бу таркиб ва кучли мураббий билан «Тоттенҳэм» яна бир муваффақиятли мавсумни ўтказади».

Лондондаги янги мураббийлар ҳақида

«Арсенал» мавсумни кучли тўртликда тугата олмаса керак. Бу мавсум жамоа учун ҳам (янги мураббий қўл остида), Эмери учун ҳам мослашув жараёни бўлади. Тўғриси, Саррининг даражаси ҳақида бир нима дея олмайман. Унинг «Челси»даги имконияти мен учун қоронғу. Сарри билан «Челси» ўз ўйин концепциясини ўзгартирса керак, лекин бунга маълум вақт талаб этилади.

Ўртамиёналар

Смит «Вулверҳэмптон»нинг имкониятиларини юқори баҳоламоқда ва «бўрилар»нинг турнир жадвали ўрталаридан жой олишига ишонмоқда – «Жамоанинг бир қатор жуда қизиқарли трансферларни амалга оширганига эътибор берсак, «Вулверҳэмптон» жуда ёрқин мавсум ўтказса керак. Улар мухлисларга ёқадиган ўйин кўрсатишларига аминман».

Аутсайдерлар ҳақида

Смитнинг айтишича, «Уотфорд», «Ҳаддерсфилд» ва «Кардифф» жамоалари мавсумнинг сўнгги поғоналарда якунлашлари мумкин.

«Хави Гарсиа мавсум охиригача жамоада қолишига ишонмайман. Ўтган мавсумда жамоани лигада қолишига сабабчи бўлган бир қатор яхши футболчилар бор эди, бу сафар бу иш такрорланмаса керак.

«Ҳаддерсфилд» ўтган мавсумни яхши ўтказди, аммо вазиятлардан фойдаланиш бўйича муаммолар яққол кўзга ташланади. Клуб эса, таркибни кучайтириш учун етарли маблағга эга эмас. Мос равишда, бу мавсумда жамоада муаммолар пайдо бўлиши мумкин.

«Нейл Уорнок «Кардифф»нинг менталитетини ўзгартиришга ҳаракат қилмоқда, аммо амалда барибир савия ўз сўзини айтади ва жамоанинг Премьер Лига билан «учрашуви» узоққа чўзилмаса керак».

Хуллас, АПЛ 2018/19 турнир жадвалида «Манчестер Сити», «Ливерпуль», «Манчестер Юнайтед», «Тоттенҳэм», «Арсенал» ва «Челси» жамоалари мана шу ёзилган тартиб билан жойлашишади.

Алан Смит 7-9 ўринларга ёзда жуда фаол трансфер сиёсатини олиб борган «Эвертон» ва «Вест Ҳэм», шунингдек, «Лестер»ни кўрсатмоқда. Шунингдек, «Вулверҳэмптон», «Бёрнли» ва «Саутҳэмптон» ҳам турнир жадвали ўрталаридан жой олади. Лигада ўз ўрнини сақлаб қолиш учун эса, юқорида эсланган уч жамоа билан бирга «Брайтон», «Ньюкасл» ва «Фулҳэм» кураш олиб боради.