Узбек O'zbek
«Лион» плеймейкерининг «Челси»га ўтиши тобора ойдинлашмоқда
Чоршанба, 08 Август
5674

«Лион» бош мураббийи Бруно Женезио жамоанинг ҳужумкор яримҳимоячиси Набиль Фекир шу ёзда сотиб юборилиши эҳтимоли борлигини тасдиқлади.

Эслатиб ўтамиз, француз матбуотида Фекирга «Челси» қизиқаётгани ҳақида маълумот тарқалган. Ёзнинг бошида ушбу футболчи «Ливерпуль»га ўтиши кутилган, бироқ бу амалга ошмаган эди.

«Кўклар» билан бўлган кечаги ўртоқлик ўйинидан кейин Женезио Франция термаси аъзосининг жамоада қолишига кафолат бера олмаслигини маълум қилди. 25 ёшли футболчининг  трансфери 60 миллион фунтга баҳоланмоқда.

«Нима бўлиши ҳақида гапиришга ҳали жуда эрта. У мавсум охирида кетишни истаганди, бироқ кеча жамоа машғулотларига мамнуният билан қайтиб келди.

Ким билади? Эҳтимол, трансферлар ойнаси туширилгунга қадар қандайдир имкониятлар пайдо бўлар. Ҳозирча эса у «Лион» ўйинчиси», - деган мураббийдан иқтибос келтириб ўтди Daily Express.

Sky Sports тарқатган хабарга кўра, кечаги ўйиндан кейин Фекир «Лион» қароргоҳини тарк этиб, Лондонга йўл олган. ЖЧ-2018 ғолиби «Челси» билан шартномасининг сўнгги деталларини ҳал қилиб олиши кутилмоқда.

Goal нашри берган маълумотга қараганда, Маурицио Саррининг шогирдлари – Эден Азар ва Оливье Жиру Фекирни Лондонга кўчиб ўтишга кўндирмоқчи бўлишган.

«Франция терма жамоасида бирга эканимизда у билан гаплашгандим. «Ливерпуль»га трансфери амалга ошмагач, «Челси» варианти ҳақида қандай фикрда эканлигини сўрадим. У билан Эден ҳам гаплашганди.

У – ажойиб ўйинчи. Агар сафимизга қўшилса, бундан фақат хурсанд бўламиз. Охирги хабарларда қанчалик ҳақиқат борлигини билмайман, тез орада барчаси ойдинлашади. Трансферлар ойнаси пайшанба куни ёпилади», - деган Жиру.

Набиль «Лион»нинг ўтган мавсумдаги 40 ўйинида майдонга тушиб, 23+8 маҳсулдорлик кўрсаткичига эришган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз