Узбек O'zbek
Усмонов «Арсенал»даги улушини сотди
Сешанба, 07 Август
14944

Россиялик миллиардер Алишер Усмонов «Арсенал»даги 30,05 фоизлик улушини (18 минг 695та акция) жамоанинг асосий акционери, америкалик спорт магнати Стэн Кронкега сотган. Бу ҳақда Financial Times хабар бермоқда.

Усмоновнинг клубдаги улуши учун Кронке 550 миллион фунт (713 миллион доллар) тўлаган. Шу тариқа, акционерлар ўртасидаги узоқ йиллик зиддият барҳам топган, россиялик миллиардер кўп йиллардан буён клубнинг асосий акционерига айланиш учун ҳаракат қилиб келар ва Кронкени тинимсиз танқид қиларди.

Бундан олдинроқ, май ойида Усмонов Кронкега унинг 67,09 фоизлик улуши учун 1,3 млрд доллар (клубнинг умумий қиймати 2 млрд доллар) таклиф этган ва рад жавобини олганди.

Ўтган йил октябрида Усмоновнинг ўзи ўз пакетини Кронкега 525 млн фунтга сотишга рози бўлмаганди.

Financial Times нашри манбаси июнь ойида Усмонов «Арсенал»нинг хўжайини бўлишдан умид узгани ва акциялари учун харидор излаётгани ҳақида хабар тарқатди.

Усмонов клуб акцияларини 2007 йилда сотиб олганди. Харид Усмонов ва унинг ҳамкори, эронлик миллиардер Фарҳод Мошири раҳбарлигидаги Red and White Holdings Ltd томонидан амалга оширилганди. Кейинроқ россиялик миллиардер компанияни бутунлай сотиб олди. Аввалига у «Арсенал»нинг 14,5 фоиз акциясини 75 млн фунтга (150 млн евродан ортиқ) қўлга киритганди, кейинроқ Усмонов клубдаги ўз улушини 30,05 фоизга оширди ва клубнинг иккинчи йирик акционерига айланди.

Шу билан биргаликда, ушбу миллиардер бир неча марта клубнинг асосий эгасига айланишга уринган, у америкалик бизнесмен Стэн Кронкега бир неча марта акцияларини сотишни таклиф қилган ва ҳамиша рад жавоби олган. Кронке АҚШда баскетбол жамоаси (Denver Nuggets), футбол клуби (Colorado Rapids), хоккей жамоаси (Colorado Avalanche) ва шунингдек америкача футболдаги профессионал клубга (Los Angeles Rams) эгалик қилади.

ОАВ доимий равишда бу икки миллиардернинг клуб бошқаруви учун рақобати ҳақида ёзарди. Forbes нашрига 2012 йилда берган интервьюсида Усмонов клуб мухлиси экани ва акцияларини сотмаслигини маълум қилганди. У ўтган ойда эса клуб акцияларини жамоани кучайтириши мумкин бўлган исталган функционерга сотишга тайёрлигини, фақат Кронкега сотмаслигини айтганди.

Усмонов «канонирлар» таркиби кучайтирилиши учун етарли маблағ ажратилмаслигини танқид қилар ва ўз маблағлари ҳисобидан трансферлар амалга оширишга тайёрлигини айтарди. У клубга 20 йилдан ортиқ вақт давомида бош мураббий бўлган Арсен Венгерни қўллаб-қувватларди. Ўтган мавсум охирида Венгер клубдан кетиши ва унинг ўрнига Унаи Эмери тайинланиши маълум бўлгач, Усмоновнинг клубга қўл силташи аён бўлиб қолди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз