Узбек O'zbek
Алишер Усмонов «Арсенал»даги улушини сотганини тасдиқлади
Сешанба, 07 Август
2978

Россиялик миллиардер Алишер Усмонов «Арсенал»даги акцияларини америкалик спорт магнати, клуб акциялари пакети эгаси Стэн Кронкега сотганини тасдиқлади.

«Мен дунёнинг энг яхши футбол клубларидан бирига айланиши мумкин бўлган «Арсенал» клубидаги акцияларимни сотишга қарор қилдим.

Мен ушбу футбол клубига, ўтган йилларда ҳаётим ва фаолиятимнинг бир қисмига айланган клубга барча яхшиликларни тилайман», – дейилади Усмоновнинг матбуот хизмати хабарида.

Бугун ОАВда Усмонов ўзининг 30 фоизлик акциясини 550 миллион фунт эвазига сотишга рози бўлгани ҳақида хабар тарқалди.

Харид Дойче Банк кредитлари эвазига, шунингдек Кронкенинг шахсий маблағлари (45 миллион фунтга яқин қисми) ҳисобига амалга оширилган.

Бу келишув орқали лондонликлар клуби раҳбариятидаги кўп йиллик ички низо барҳам топди. Эндиликда Кронке клубнинг ягона эгасига айланади. Шу вақтгача у клуб акцияларининг 67 фоиздан ортиқроғига эгалик қилиб келарди.

Ўтган мавсум якунларига кўра «Арсенал» Англия чемпионатида олтинчи ўринни эгаллади ва Чемпионлар лигасидан қуруқ қолди. Шундан сўнг жамоага 1996 йилдан буён бош мураббий бўлиб келган Арсен Венгер истеъфога чиқиб, унинг ўрнини Унаи Эмери эгаллади.

Арсен Венгер жамоада ишлаши тарафдори бўлган Алишер Усмонов клуб акцияларининг 30 фоизига эгалик қилсада, муҳим қарорлар ҳал қилинишига ўз таъсирини кўрсата олмасди. У жамоа катта трансферлар амалга оширилишини ёқлаган, аммо кўп йиллар мобайнида клубнинг трансфер сиёсати ўзгармай келганди. У Арсен Венгер кетиши ортидан, клуб келажагига бўлган ишончини йўқотди ва акцияларини сотишга қарор қилди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз