Узбек O'zbek
Яхши ният ярим мол: Алишер Усмонов «Арсенал»даги улушини кимга сотади?
Душанба, 06 Август
6931

Харидор «Арсенал»нинг 30 фоизлик ҳиссаси учун 500 миллион фунтдан ошиқроқ маблағдан воз кечишига тўғри келади.

The Financial Times нашрининг июль ойи охирларида маълум қилишича, USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов ўзининг «Арсенал» футбол клубидаги 30 фоизлик улушини сотмоқчи экан. Ўн бир йилдан буён клубнинг бошқарув кенгашига киришга уринган россиялик ишбилармон, бу уринишлар бесамар кетгач, шундай қарорга келган. 

Клуб ва Усмонов ўртасидаги ҳамкорлик 2007 йилнинг августидан бошланган. Таъсисчилари Усмонов ва Фарҳод Мошири бўлган Red & White Holdings Ltd компанияси «Арсенал»нинг 14,5 фоизлик акциясини Дэвид Дейндан сотиб олишганди. ВВС маълумотига кўра, бу келишув инвесторлар учун 75 миллион фунтга тушган.

Ўша пайтларда «Арсенал»нинг бугунги асосий акционери бўлган Стэн Кронкеда фақат 12.9 фоиз акция бор эди. Дастлабки йилларда Усмонов ва Кронке муносабатлари у қадар илиқ бўлмади, 2012 йилда эса, жиддий зиддият юзага келди.

Red & White клубнинг директорлар кенгашига очиқ хат ёзди. Бунга сабаб, ижрочи директор Иван Газидис томонидан айтилган бир гап бўлганди. Газидиснинг Усмонов компаниясининг директорлар кенгашига кириши бошқарувни издан чиқариши ҳақидаги фикрлари Усмоновнинг эътирозининг асосий сабаби эди. Ўша хатда Кронке «Арсенал»даги улушларини ташқи инвесторлардан ҳимоя қилиш мақсадида доимо ташқи қарзлар юкини ошириб бораётгани, билетлар нархини кўтариш ва етакчи футболчиларни сотиш орқали акциядорлар қизиқишини пасайтираётгани тилга олинди. Худди ўша йили Робин ван Персининг асосий рақиблардан бири «Манчестер Юнайтед»га сотиб юборлиши ҳам Усмонов томонидан танқид остига олинди. 

«Арсенал» бошқарувида иштирок этиш орзусини бир неча бор таъкидлаб келган Усмонов 2016 йилда шериги Фарҳод Моширининг улушларини ҳам сотиб олди ва 30,04 фоиз билан клубнинг иккинчи ўриндаги акциядорига айланди. Миллиардер «Арсенал»га содиқлигини ва клубдаги улушини ошириш борасидаги ҳаракатларини тўхтата олмаслигини маълум қилди. Британиянинг Forbes нашри тарқатган маълумотларга қараганда Моширининг улушини сотиб олиш Усмоновга 200 миллион фунтга тушган. Аммо бу ҳам бошқарув кенгашидан ўрин олиш учун етарли бўлмади.

Бу пайтга келиб, «Арсенал»нинг асосий акционери Стэн Кронке бўлиб улгурганди. 2008 йилда у ўз улушини 29,9 фоизга ошириб, клуб бошқарувини қўлга олди. 2011 йилнинг баҳорида Дэвид Финсман ва леди Нина Брейсвелл-Смитларнинг ҳиссаларини ҳам қўлга киритди. Клубнинг собиқ директорига келин бўлган Нина Брейсвелл-Смит билан Алишер Усмонов ҳам музокара қилди, аммо яна самарасиз. 

Кронке дастлабки даврларданоқ «Арсенал»га узоқ муддатли лойиҳа сифатида қараганди. Кронке қачондир «Арсенал»нинг чемпионлигига эришишни ният қилган, аммо у бошқарувга келганидан бери бу содир бўлгани йўқ. Нолинчи йилларнинг иккинчи ярмида доимий равишда клуб етакчилари сотиб юборилишига қарамасдан, трансфер бозорида фаоллик кўрсатмади - 2006 йилда янги стадион қурилиши муносабати билан пулни тежаш бошланганди.

Кронкенинг илк соврини 2014 йилга тўғри келади – ўшанда Венгер шогирдлари Англия кубогини ютиб олишди. Кейин эса, шу соврин яна икки марта ютиб олинди ва икки марта Англия Суперкубоги қўлга киритилди. Аммо Премьер Лигада «Арсенал» иккинчи ўриндан юқорига кўтарилгани йўқ.

Шундай бўлса-да, клуб даромадлари 2008 йилдан буён фақат ўсиб келмоқда. 2016/17 йилги мавсумда клубнинг тушуми тарихда биринчи марта 400 миллион фунтдан ошди. Forbes томонидан ҳар йили ҳавола қилинадиган дунёнинг энг қиммат футбол клублари рейтингида «Арсенал» 6-ўринга кўтарилиб, 2,24 миллиард фунтга баҳоланди. Бу клубнинг нархи ўтган йилга нисбатан 16 фоизга ўсганини кўрсатади.

Тўғри, «Арсенал»нинг қарзлари бор, аммо асосий бизнес-йўналишлар бўлмиш – савдо, ТВ ва матчдэйлар бўйича даромадлар тўхтамай ўсиб бормоқда. Шу йилнинг февралида Fly Emirates авиакомпанияси клуб билан шартномани узайтирди. Энди 2023/24 йилги мавсумгача клуб либосидаги асосий титул ҳомий бўладиган компания ўзгармай қолади. Келишув 250 миллион фунтга баҳоланди.

Бугунги «Арсенал» барқарор равишда ўсиб бораётган активдир. Ўтган йили Усмонов Кронкенинг бутун улушини 1,5 миллиард фунтга сотиб олишга урингани бежиз эмас. Бу яхшигина таклиф эди, аммо америкалик ишбилармон кўнмади. Натижада, бошқарув таркиби ўзгармади, Усмонов ҳали ҳам клубнинг муҳим қарорларида иштирок эта олмайди. 

2017 йилда Bloomberg нашрига интервью чоғида Усмонов яна бир бор клуб бошқарувини танқид остига олди. Хусусан, «Арсенал»нинг трансфер бозорида Манчестер грандларидан ортда қолгани санаб ўтилганди. Ҳатто Усмонов янги футболчилар учун ўз шахсий маблағидан сарфлашга тайёрлигини айтди, лекин директорлар уни эшитишмади.

Шу пайтгача Стэн Кронке ва унинг директорлари россиялик миллиардернинг ҳар қандай танқидларини беэътибор қолдириб келдилар. Усмонов доимо ўзини «Арсенал»нинг ашаддий мухлиси сифатида кўрсатар, табиийки баъзи фанатларнинг қувватлашига ҳам эришганди. Усмонов билан клуб яхшироқ, кучлироқ бўлишига ишонадиганлар етарлича топилади. Улар клуб бошқарувида фақат бизнесда эмас, майдонда ҳам ғалаба қозонишни истайдиган инсон бўлишини исташар, лекин уларни ҳам биров эшитмасди. 

Ниҳоят, бу доимий зиддият Кронкенинг жонига тегди. 2017 йилнинг октябрида у Усмоновга 525 миллион фунт таклиф қилди. Лекин Алишер Усмонов ўз улушини сотишни истамади.

Аммо 2018 йилнинг апрелида Арсен Венгер кетиши эълон қилингач, Усмоновнинг ҳам клубдаги ҳаёти якунига етаётганини пайқаш мумкин эди. Чунки Усмонов доимо Арсен Венгернинг клубда қолиши тарафдори бўлган ва истеъфодан сўнг, унинг «Арсенал»га нисбатан муносабати ўзгаришини ҳам кутиш мумкин бўлиб қолди.

«Бугун «Арсенал» клуби тарихидаги энг қайғули кундир», – дея Венгернинг истеъфосига муносабат билдирди россиялик ишбилармон.

Бу воқеадан икки ой ўтмай, Алишер Усмонов ўз акцияларини сотишга тайёр экани ҳақида хабарлар тарқалди.

«Мен клуб мухлисиман ва ҳеч қачон ўз улушларимни сотмайман, сабаби, мен бу клубни дунёнинг энг яхши клубларидан бири деб ҳисоблайман» – 2012 йилда шу фикрларни айтган Усмоновнинг фикрини ўзгартирган жиҳатни пайқаш қийин эмас. Ахир вазиятни ўзгартириш учун шароит бўла туриб, буни амалга ошириш имкониятининг бўлмаслиги жуда оғир. Усмоновнинг ўзи ҳам, ҳеч нарсани ҳал қила олмайдиган, ҳеч нарсага таъсир кўрсата олмайдиган одам бўлишдан чарчади шекилли.

Аммо айтиш керакки, улушни сотиш осон бўлмайди. Ҳа, спорт бозори умуман олганда, ўсиб боряпти, айниқса инглиз футболининг ўсиш темпи жуда юқори. «Арсенал»нинг учдан бири, албатта, жуда катта инвестиция. Лекин биринчидан, бу жуда қимматбаҳо актив. Агар Усмоновнинг ўтган йили 525 миллион фунтга рози бўлмаганини эсласак, янада қиммат.

Иккинчидан, бу ҳиссани сотиб олган инвесторга ҳам бошқарув аъзоси бўлиш кафолатини бермайди. Аксарият харидорларни бу омил қайтариши мумкин. Демак, Стэн Кронкенинг 97 фоиз акция соҳиби бўлиши ҳақиқатга яқинроқ кўринмоқда. Албатта, Усмонов Кронкега янада қимматроқ нарх айтиши, шундоқ ҳам, у қадар илиқ бўлмаган муносабатлар натижасида томонлар осонлик билан келишувга эришишларига ишониш қийин.

Ёки Усмоновнинг акцияларини сотиши ҳақидаги хабарлар миш-мишлигича қолиши мумкин. Балки Усмонов ўз улушларини сақлаган ҳолда, Кронкенинг «Арсенал» номли ўйинчоқдан зерикишини кутар...

Forbes.ru материали асосида

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз