Узбек O'zbek
МОҚ: Олимпия тамойилининг аксини талаб қиляпмиз – муҳими ғалаба, қатнашиш эмас
Шанба, 28 Июл
2346

Индонезия мезбонлигида ўтадиган XVIII Осиё ўйинларида иштирок этувчи Ўзбекистон делегацияси мусобақада максимал натижа кўрсатиш учун тўла тайёр. Бу ҳақда бугун, 27 июль куни Миллий олимпия қўмитасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида қатнашган қўмита бош котиби Жасур Матчанов маълум қилди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Матчанов Олимпиада ўйинларининг «Муҳими ғолиблик эмас, балки иштирок» деган принципидан чекинган ҳолда, спортчилардан натижа талаб этилаётганини маълум қилган.

«Биз асосий медалларни айнан қайси спорт турлари орқали жамғаришимизни деярли аниқ биламиз. Тайёргарлик машғулотлари вақтида ким нимага қодир эканини кўриб турибмиз. Осиё ўйинларига ҳам айнан бизнинг саралашимиздан ўтган спортчиларгина йўл олмоқда.

Бу сафар шунчаки иштирок этиш учун бориш, деган тушунча йўқ. Биз бу концепциядан бироз чекинган ҳолда, асосийси иштирок эмас, асосийси ғалаба деган тамойилга амал қилган ҳолда иш олиб боряпмиз. Бизнинг Осиё ўйинларига муносабатимизнинг асосида ана шундай ёндашув ётибди.

Спотчиларимиз: «Мен Осиё ўйинлари иштирокчиси бўлдим», дейишлари эмас, балки «Мен Осиё ўйинларининг совриндори бўлдим» дейишга ўрганишлари керак. Фақат қатнашиш билангина ғурарланадиган босқичдан ўтдик. Олимпиада ўйинларига ҳам худди шундай ёндашув бўлади. Бизнинг вазифамиз – Олимпиадага лицензия олиш эмас, унда медалларни қўлга киритишдир. Биз айнан шунга ҳаракат қиламиз», - деди Жасур Матчанов.

Қўмита Осиё ўйинларидан тахминан қанча медал билан қайтиш режалаштирилаётгани ҳақидаги саволга «Тўйдан олдин ноғора чалмаслик, подадан олдин чанг кўтармаслик» кераклигини айтиб, жавоб қайтарди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз