Футбол тарихидаги энг қиммат 10 дарвозабон. Улар бу даражагача қандай етиб келишган?
July 21, 2018, 4:18 p.m. 12052

Алиссон Беккер кеча «Рома»дан «Ливерпуль»га ўтди. Инглиз клуби бразилиялик дарвозабон учун жами 72,5 миллион доллар тўлади. Натижада Алиссон ҳозирги ва ўтган замонанинг энг қиммат дарвозабонига айланди. Шу муносабат билан ТАСС нашри футбол тарихидаги энг қиммат ўнта футболчини ёдга олди.

10. ПЕТР ЧЕХ, 13 миллион евро («Ренна»дан «Челси»га)

Чех - «Виктория» тарбияланувчиси бўлса-да, профессионал фаолиятида бирон марта ушбу клуб дарвозасини қўриқлаган эмас. 1999 йилдан 2002 йилгача Чехияда «Хмел» ва Праганинг «Спарта» жамоаларида ўйнади, шундан сўнг Франциянинг «Ренн» клубига ўтди. Чехнинг хизматлари эвазига «Ренн» Франция кубоги яримфиналига қадар етиб борди ва 2003/04 йиллар мавсумида чемпионатни тўққизинчи ўринда якунлади.

2004 йилда футболчи «Челси» сафига ўтишга рози бўлди. Лондонликлар унинг трансфери учун 10 миллион евро ва қўшимча 3 миллион миқдорида бонуслар тўлади. Бир йилдан сўнг Чехни «Жаноб зеро» (зеро – инглизчадан «ноль») дея атай бошлашди. Чунки кетма-кет 11 ўйин ва 35 дақиқа давомида дарвозасидан гол ўтказиб юбормай, лига рекордини ўрнатганди. Бошидан жиддий жароҳат олгач, ўйинларга ниқобда чиқиши сабаб бошқа бир лақаби - «танкчи» номини ҳам олди. 

«Челси» сафида Чех тўрт марта Англия чемпиони ва мамлакат кубоги соҳиби бўлди. Чемпионлар лигаси ва Европа лигасида ғалаба қозонди. Сўнг 2015 йилда Лондоннинг бошқа бир жамоаси - «Арсенал» сафига ўтди.

9. ЯН ОБЛАК, 14 миллион евро («Бенфика»дан «Атлетико»га»

Словениялик Облак 2010-2014 йиллар давомида «Бенфика»даги ўйинлари орқали ўз номини жаҳонга ёйди. 2013/14 йиллар мавсуми унинг учун Лиссабондаги энг яхшиси бўлди: у чемпионатнинг энг яхши дарвозабони сифатида эътироф этилди. Шундан сўнг қўшни давлатга йўл олиб, «Атлетико» сафига қўшилди. Яннинг трансфери мадридликларга 14 миллион еврога тушди. Ўшандан буён ёш дарвозабон «Атлетико»нинг алмаштириб бўлмас биринчи рақамли посбони бўлиб қолмоқда.

«Атлетико» либосида Облак бир марта, 2014 йили Испания суперкубогини қўлга киритди, 2015/16 йиллар мавсумида Чемпионлар лигаси финалига чиқди ва ўтган мавсум Европа лигасида ғолиб бўлди.

8. АНЖЕЛО ПЕРУЦЦИ, 19 миллион евро («Ювентус»дан «Интер»га)

Перуцци итальян футболи тарихидаги энг яхши дарвозабонлардан бири ҳисобланади. У «Рома» тарбияланувчиси бўлиб, римликлар сафида бор-йўғи 16 ўйин ўтказган. Шундан сўнг «Ювентус»га кўчиб ўтган Перуцци туринликларнинг энг асосий посбони бўлиб, жамоанинг уч марта Италия чемпионатида ғолиб бўлиши, бир мартадан мамлакат кубоги ва Чемпионлар лигасида зафар қучишига катта ҳисса қўшди. 1990 йилларнинг охирида клубда рақобатчилари пайдо бўла бошлагач, «Интер»га ўтишга қарор қилди. Милан клуби «Ювентус»га у учун 19 миллион евро тўлади, бироқ Перуцци янги клубида ўзини кўрсата олмади. «Интер» таркибида бир мавсум ўтказгач, «Лацио»га ўтиб кетди.

7. ДАВИД ДЕ ХЕА, 20 миллион евро («Атлетико»дан «Манчестер Юнайтед»га)

Де Хеа «Атлетико» футбол мактаби битирувчиси саналади. 18 ёшида профессионал футболдаги илк шартномасини ҳам айнан мадридликлар билан тузган. Дарвозадаги ишончли ҳаракатлари боис асосий таркибдан ўрин олиб, «Атлетико»нинг 2009/10 йиллар мавсумида Европа лигасида ғолиб чиқишига катта ҳисса қўшди.

2011 йилда «Манчестер Юнайтед» афсонаси Эдвин ван дер Сар фаолиятини якунлагач, инглиз ОАВ унинг ўрнига номзод излашга тушди. Миш-мишларда тез-тез де Хеа фамилияси ҳам тилга олинарди. Охир-оқибат у ростдан ҳам Англияга келди. Биринчи мавсумда уни ўзига ишончсизлиги учун кўп танқид қилишди, лекин вақт ўтиши билан у манчестерликларнинг асосий дарвозабонига айланиб, ван дер Сарнинг муносиб ўринбосари бўла олди, Англия чемпионати ва Европа лигасида зафар қучди. У ҳозир Испания терма жамоасининг ҳам асосий посбони ҳисобланади.

6. СЕБАСТЬЯН ФРЕЙ, 21 миллион евро («Интер»дан «Парма»га)

Таниқли франциялик футболчи фаолиятини 1997 йилда «Канн» клуби дарвозасини қўриқлашдан бошлаган. Бир йил ўтгач, Италияга келиб, «Интер» билан шартнома тузди. Унинг Миландаги карьераси Европанинг топ-клублари эътиборини тортадиган даражада ёрқин эмасди. 2001 йилда Жанлуижи Буффон «Парма»дан кетадиган бўлганида, клуб Фрейга таклиф билан чиқди. «Интер» Себастьяннинг трансферидан 21 миллион евро ишлаб олди.

5. ФРАНЧЕСКО ТОЛЬДО, 26,5 миллион евро («Фиорентина»дан «Интер»га)

Тольдо 1991 йилда катта футболга кириб келиб, бутун фаолиятини Италия чемпионатида ўтказди. Дастлаб бир мавсумдан «Тренто» ва «Равенна» клубларида ўйнади, сўнг 1993 йилда «Фиорентина»га ўтди. 8 йил мобайнида жамоанинг асосий дарвозабони сифатида 330дан ортиқ ўйинларда қатнашди. Флорентина шаҳри клуби билан икки марта Италия кубогида ғолиб чиққач, унга «Интер» қизиқа бошлади.

2001 йилда Тольдо Миланга кўчиб ўтди. Унинг трансфери қиймати 26,5 миллион еврони ташкил этди. Янги жамоасида дастлабки 4 йил асосий посбон ролида бўлган бўлса, кейин бразилиялик дарвозабон Жулио Сезар у билан рақобатда енгиб чиқди. «Интер» либосида Тольдо беш карра Италия чемпиони, икки карра мамлакат кубоги соҳиби ва бир марта Чемпионлар лигасида ғолибликни қўлга киритди. У 2010 йили бутсаларини михга илган.

4. МАНУЭЛЬ НОЙЕР, 27,5 миллион евро («Шальке»дан «Бавария»га)

Нойер профессионал карьерасини 2006 йилдан «Шальке» клубида бошлаганди. Бу жамоадаги 5 йиллик фаолияти давомида тез-тез ўзини кўрсатиб турди: уни оёқ билан жуда яхши ўйнай оладиган дарвозабон сифатида таний бошлашди. Хавфли вазиятларда жарима майдончасини ташлаб чиқиши унинг учун ноодатий ҳол бўлмай қолди. Ёшлар терма жамоалари ўртасидаги Европа чемпионатидаги ўйинлари орқали эса «Бавария» соҳиби Карл-Хайнц Румениггенинг назарига тушди.

Мюнхен клуби бу посбонни бир неча йил давомида кузатиб юриб, 2011 йилда уни сотиб олди. Нойер учун «Бавария» 18 миллион еврога тушди. Бу ҳали ҳаммаси эмасди, харидор томон дарвозабоннинг муваффақиятли ўйинлари учун яна 10 миллион доллар бонус тўлаши ҳам керак эди.

«Бавария» таркибида Нойер 6 карра Германия чемпиони ва уч карра мамлакат кубоги соҳиби деган шарафли номларга сазовор бўлди. Асосийси, у бир марта Чемпионлар лигасида ҳам зафар қучди. Уч марта IFFHS талқинига кўра йилнинг энг яхши дарвозабони дея эътироф этилди. У 2014 йилда Германия терма жамоаси билан жаҳон кубогини ҳам қўлга киритди.

Охирги мавсумлар Нойер учун омадсиз ўтмоқда. Дарвозабон икки марта оёғидан жароҳат олиб, узоқ вақт майдонга туша олмади. ЖЧ-2018 бошланишидан олдин сўнгги жароҳатидан соғайиб қайтганди, бироқ Германия турнирни муваффақиятсиз якунлаб, гуруҳда сўнгги ўринни банд этди.

3. ЖАНЛУИЖИ БУФФОН, 34 миллион евро («Парма»дан «Ювентус»га)

Буффон – Италиянинг «Парма» клуби тарбияланувчиси. У 2001 йили 23 ёшида «Ювентус»га ўтган. Туринликлар ўшанда бу трансфер учун рекорд миқдордаги сумма – 34 миллион евро тўлашларига тўғри келганди. Бироқ бу харажат тўла-тўкис ўзини оқлагани рост. Буффон «кекса сеньора» билан 9 карра Италия чемпиони, 4 карра Италия кубоги ғолиби ва 5 карра Суперкубок соҳиби бўлди. Италия футбол ассоциацияси уни 12 марта Италиянинг энг яхши дарвозабони деб топган. Футбол тарихи ва статистикаси халқаро федерацияси – IFFHS талқини бўйича Буффон 5 марта жаҳонда тенгсиз посбон дея эътироф этилган.

2006 йили Жижи Буффон дарвозабон Италия термаси билан Жаҳон чемпионлигини қўлга киритди. Бу мундиал финали асосий вақтида 1:1 ҳисоби қайд этилган ва итальянлар пенальтилар сериясида французларни мағлуб этганди (5:3).

Буффондек афсонавий дарвозабон «Ювентус»даги 17 йиллик фаолиятида икки нарсага эриша олмади. Биринчиси Чемпионлар лигаси кубоги бўлса, иккинчиси –сайёранинг энг яхши футболчисига бериладиган «Олтин тўп» соврини.

2018 йил май ойида клуб ишқибозларини бир янгилик қайғуга солди: уларнинг севимли посбони клубни тарк этмоқда эди. Буффон матбуот анжумани ташкил этиб, ўз қарорини эълон қилди. Италия чемпионатида қола олмаслигини ҳам айтди. Июнь ойи охирида эса унинг «ПСЖ» билан шартнома имзолаши маълум бўлди.

2. ЭДЕРСОН, 40 миллион евро («Бенфика»дан «Манчестер Сити»га)

Эдерсоннинг футболдаги йўли Бразилиянинг «Сан-Паулу» клубидан бошланган. Бироқ у илк профессионал шартномасини «Риберайю» клуби билан имзолаган. У Португалияга келиши биланоқ юқори дивизион вакиллари эътиборини торта бошлади. Ўз жамоасининг асосий посбонига айланиб, 30та ўйинда майдонга тушди. 2012 йилда Эдерсон «Риу Аве» клубига ўтиб, бу ерда 2015 йилгача дарвозабонлик қилди. Ўз истеъдодини намойиш қилаётган Эдерсонни Лиссабоннинг «Бенфика» клуби ўз сафига қўшиб олди.

Эдерсон асосий дарвозабон сифатида «Бенфика»нинг икки марта Португалия чемпионатида ғолиб чиқишига ёрдам берди. Истеъдодли дарвозабон сифатида Европада номи чиққач, 2017 йил ёзида уни «Манчестер Сити» ўз сафига чорлади. Трансфер қиймати 40 миллион еврони ташкил этди – бу ўша вақтдаги жаҳон рекорди эди. У Буффон томонидан 2001 йилда ўрнатилган планкани кўтариб қўйишга муваффақ бўлганди.

Кейинроқ Эдерсон яна бир дунё рекордини ўрнатди. У «Манчестер Сити» машғулотлари вақтида тўпни дарвозабон майдончасидан 75,35 метрга улоқтириб, Гиннеснинг «Рекордлар китоби»га кирди.

1. АЛИССОН, 72,5 милллион евро («Рома»дан «Ливерпуль»га)

Беккер Бразилиянинг «Интернасьонал» клубида тарбия топди ҳамда 2013-2016 йиллар оралиғида профессионал шартнома асосида ўйнади. Шундан сўнг Италиянинг «Рома»сига ўтиб, 2017 йилдан клубнинг асосий посбонига айланди. У римликлар сафида ўтган йили Италия чемпионатининг кумуш медалларини қўлга киритди. У Бразилия терма жамоасининг асосий дарвозабонига айланиб, ЖЧ-2018да қатнашди.

Алиссоннинг Римдан кетиши ҳақидаги миш-мишлар 2018 йил бошидан тарқала бошлади. Ўшандан буён матбуот уни гоҳ «Барселона», гоҳ «ПСЖ», гоҳ «Ливерпуль» клублари билан боғлаб хабарлар ёза бошлаганди. Июль ойига келиб ҳаммаси ойдинлашди: «Ливерпуль» бу трансфер учун «Рома»га 72,5 миллион евро тўлайди.

 Алиссон янги жамоага ўтишини «орзунинг амалга ошиши» деб атади.