«Милиционер ўйинга қўшилади». ЖЧ-2018 финалида майдонга югуриб чиққанлар кимлар эди?
July 16, 2018, 10:23 a.m. 26064

«Лужники» стадионида футбол бўйича жаҳон чемпионати финали вақтида майдонга 4 киши югуриб чиқди. 

Иккинчи бўлим давом этаётган вақтда майдонда милиция либосидаги шахслар пайдо бўлди. Уларни тез орада майдондан олиб чиқиб кетишди. 

Франция ва Хорватия ўртасидаги ўйин бир оз вақт тўхтаб қолишига сабаб бўлганлар Pussy Riot гуруҳи аъзолари экани маълум бўлди. Гуруҳнинг фейсбукдаги саҳифасида маълум қилинишича, «Милиционер ўйинга қўшилади» акцияси рус шоири Дмитрий Приговга бағишланган бўлиб, гуруҳ шунингдек ҳукумат олдига қўйган талаблари рўйхатини ҳам эълон қилган.

1. Барча сиёсий маҳбусларни озод қилиш.

2. Лайк учун қамамаслик.

3. Митинглар вақтида ноқонуний ҳибсга олишларни тўхтатиш.

4. Мамлакатда сиёсий рақобатга рухсат бериш.

5. Йўқ жойдан жиноий иш очмаслик ва одамларни сабабсиз тергов изольяторларига судрамаслик.

6. Ер милиционерини «самовий милиционер»га айлантириш.

Эслатиб ўтамиз, 15 июль куни бўлиб ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионати финал учрашувида Франция терма жамоаси Хорватия терма жамоасини 4:2 ҳисобида енгиб, иккинчи марта жаҳон чемпионлигига эришди.