Саутгейт: Биз Россиядан катта ўсишга эришган жамоа сифатида кетаяпмиз
July 15, 2018, 2:22 a.m. 2209

Англия терма жамоаси бош мураббийи Гарет Саутгейт жаҳон чемпионатида 3-ўрин учун кечган ўйинда Бельгиядан қабул қилинган мағлубиятдан сўнг (2:0) жамоасининг мундиалдаги иштироки ҳақида фикр билдирди. 

"Жамоа ҳамда унинг руҳий ҳолати ҳақида гапирадиган бўлсам, биз уч кун аввал финалдан 10 дақиқалик масофада эдик. Бу ажойиб тажриба. Биз доимо охиригача ўйнаганмиз. Мен аввалдан ўйинчиларга улардан фахрланишим ҳақида айтишим керак, деб ҳисоблаганман. Биз кўп йиллардан буён плей-оффда жиддий рақибни мағлуб этмаганмиз. Биз нимага эришганимизни яхши биламиз. Россиядан катта ўсишга эришган жамоа сифатида кетаяпмиз. Ҳозир келажакни ўйлаш керак. Фикримча, бугун ўйинчиларнинг муносабати яхши эди, бироқ жисмоний ҳолатида камчиликлар бор эди. Биз қисқа вақт ичида керакли даражада тайёрлана олмадик ва шу сабабли ўйинни суст бошлаб, тезкор гол ўтказиб юбордик. Бироқ мен ҳеч бир ўйинчидан бундан ортиғини талаб қила олмасдим. 

Россияда ҳаддан зиёд кўп нарсага эришдик, деб ҳисобламайман. Биз ўз даражамизга реал баҳо берамиз. Биз кўп мақтовга сазовор бўлдик, бироқ бошқа томондан ҳақиқатга тик қараб, ўз ўйинимизни яхшилаш кераклигини биламиз. Ярим финалга чиққанимиз яхши бўлди. Бу бизга ишонч ва туртки беради. Бу ердаги барчага миннатдорчилик билдирмоқчиман", – деди Саутгейт.