Кейн жаҳон чемпионатининг «Олтин бутса»сига эга чиқди
July 15, 2018, 10:51 p.m. 2574

Англия терма жамоаси ҳужумчиси Ҳарри Кейн 2018 йилги жаҳон чемпионатининг энг яхши тўпурари бўлди. Энди у турнирнинг «Олтин бутса»си билан тақдирланади.

«Тоттенҳэм» ҳужумчиси турнирдаги 6 ўйинда 6 гол уришга эришди.

Кейн гуруҳ босқичида Тунисга қарши кечган ва 2:1 ҳисобидаги ғалаба билан якунланган ўйинда дубль қайд этганди, Панамага қарши ўйинда эса у ҳет-трик қайд этиб, жамоасининг 6:1 ҳисобидаги йирик ғалабасини таъминлади, унинг олтинчи голи нимчорак финалда Колумбияга қарши ўйинда пенальтидан урилди (1:1, пенальтилар бўйича 4:3).

Қайд этиш керакки, у 6 голдан 3тасини пенальти орқали рақиб жамоалар дарвозаларига йўллади.

Турнирда яна 5 футболчи 4тадан гол уришди: португалиялик Криштиану Роналду, россиялик Денис Черишев, бельгиялик Ромелу Лукаку ва французлар Килиан Мбаппе ҳамда Антуан Гризманн.