Франция—Хорватия. Ғалабага ким муносиб?
July 15, 2018, 5:15 p.m. 4901

ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИ-2018. Финал. 15 июль. ФРАНЦИЯ – ХОРВАТИЯ. 20.00 (Тошкент)
Ҳакамлар: Нестор Питана, Эрнан Майдана, Хуан Белатти  (Аргентина), Бьорн Куйперс (Нидерландия).

Бугун Москвада 2018 йилги жаҳон чемпионати финали учрашуви ўтказилади. Финал учрашувида Жаҳон чемпионлиги учун Франция ҳамда Хорватия терма жамоалари майдонга тушади. Беллашув Тошкент вақти билан соат 20:00да бошланади. Ўйинга Москвадаги «Лужники» стадиони мезбонлик қилади.

Финаллар одатда ёрқин кечмайди. Финаллар голларга бой бўлмайди. Финал шахмат партиясига ўхшайди, ҳеч ким воқеалар ривожини ўзгартиришга зўр бермайди. Эҳтиётсизликнинг тўлови қиммат, биргина хато чемпионликка бир қадам турган терма жамоани барчасидан маҳрум қилиши мумкин.

Чемпионат стартида ҳар қандай жамоа финалга чиқишни орзу қиларди, ҳар қандай жамоа учун иккинчи ўрин ҳам шарафли ҳисобланарди, аммо ҳозир эмас. Финалда рақибга тузоқ қўйилади ва кутилади.

Францияни финалда кутишганди. Франция Бразилия ва Германия қаторида турнирнинг асосий уч фаворитидан бири ҳисобланганди. Тўғри, мухлислар бошқачароқ, ҳужумкор, томошабоп ўйин кўрсатувчи, футболни байрамга айлантириб юборувчи, янги йил арчасидек чарақловчи Францияни кутишгани ҳам бор гап. Аммо Дидье Дешам мундиалга прагматик, механизациялашган ва қуруқ ўйин кўрсатувчи жамоани олиб келди. Бу жамоа ғалаба учун қанча талаб қилинса, шунча куч ажратади, бир грамм ҳам ортиқ эмас. Бу терма жамоани ғалаба учун олқишлаймиз, аммо унинг ўйинини такрор кўрмаймиз.

Бу сафарги чемпионатда французлар худдики ҳақиқий кучини кўрсатишни истамаётгандек ўйнаб бошлади. Бунинг фойдасини нимчорак финалда кўрдик: Аргентина тўлиқ тор-мор этилди ва биз ҳақиқий жанговар жамоани кўрдик. Дешамнинг тактикаси марказий ҳужумчини (Аргентина билан ўйинда Мбаппе) тўп билан таъминлаш ва натижани кутишга қаратилганди. Аммо бу тактика бўйича қачон олдинга ўтишни мураббий ҳал қиларди.

Нима учун мураббий ҳамиша ҳам ҳужумга чиқариш кнопкасини босмади? Айтиш мумкинки, бугунги кунга келиб деярли барча прагматик ўйин кўрсата бошлаган, бундай услуб трендга айланган. Қизиғи шундаки, Дешам қандай қилиб, шундай ёш ва шижоатли футболчиларни зерикарли ўйин кўрсатишга кўндирган? Бу терма жамоанинг ўртача ёши - 26. Бундай ёшда томирларда қон гупуриши, кўзлар рақибга нисбатан нафрат билан ёниши, оёқлар эса ўз-ўзидан фақат олдинга чопиши керак эмасмиди?.. Аслида эса улар турнирни совуққонлик билан, эмоцияларсиз, дастурлаштирилган роботлар каби ўтказишди.

Ярим финалда ушбу жамоа томонидан тўхтатилган Бельгияга барча ачинди. Уларнинг авлоди мукофотга муносиб бўлгани учун эмас, улар ростан ҳам жонли, ҳақиқий футбол намойиш этишган, французлар эса ўйиннинг охирги қисмини вақт чўзиш билан ўтказишганди. Иштиёқ билан футбол ўйнаган бельгияликлар йўлдан чиқиб кетишди. Бугуннинг талаби шу. Бугун футболни бошқача ўйнашади. Замона зайли Францияники.

Ёки йўқми? Балки руҳсиз киборгларни хорватлар тўхтата олар? Ҳа, фақат Хорватияда имконият қолган. Ҳа, бу жамоа футболчилари финалга қадар йўлда жуда толиқишди, плей-оффда барча ўйинларда қўшимча бўлимларда ўйнашди, кимнидир бинт билан боғлашди, улар барча ўйинларда охирги кучлари қолгунча майдонда қолишди. Улар охирги жангда қатнашиш учун финалга етиб келишди. Энди финал ўйини бошлангани ҳақидаги ҳуштак янграганида бинтлар ечилади, жароҳатлар унутилади, кучга куч қўшилади - буларниинг барчаси жамоани ҳақиқий цунамига айлантиради.

Хорватия ҳам турнирда камтарлик билан иштирок этмоқда. Аммо Франциядан фарқли равишда улар ўз имкониятларидан кўпроқ ўйин кўрсатиб, бир бош баланд сакрашмоқдаки, бу уларни ҳурмат қилиш учун етарли сабаб. Дешам қўли остидаги жамоани миллиард еврога баҳолаш мумкин. Хорватлардачи? Модрич ва яна 10 нафар ботир йигит. Улар плей-оффнинг ҳар бир босқичида Эверестни забт этгандек тиришиб ҳаракат қилишди ва мўъжиза туфайли финалга куч сақлаб қолишди.

Шу билан бирга, Хорватия 120 дақиқалик жанглардан кейин ўйинларни ғолиб сифатида якунлай олгани бор. Бу футбол тарихидаги алоҳида саҳифа. Охирги марта қачон финалга ўртамиёна жамоа етиб келганди? Бундай даражадаги жамоалар иштирокидаги ярим финалларни кўп кўрганмиз. Аммо асосий ўйинда фақат грандлар ўйнашган. Хорватия эса имконсиз иш йўқлигини исботлади. Бунинг учун таркиб миллиардлик бўлиши шарт эмаслигини кўрсатди.

Албатта, Франция фаворит. Уларнинг салоҳияти шундайки, агар бу жамоа бир кучланиш олса, ҳар қандай рақибни босиб-янчиб ўтади. Лекин, агар исташса, агар ўт олдирилса, агар кайфият яхши бўлса... Балки, бу шунчаки, француз футболи аскетизмидир - бу уларнинг ҳақиқий даражасидир? Бу жамоа мукаммалликдан йироқ, фақат яхши ижрочилар туфайли даҳшатли кўринар?

Ёмон томони шундаки, бу саволга финалда ҳам жавоб ололмаслигимиз мумкин. Франция бугун ҳам эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилади. Хорватия Франция истагандек ўйнашга мажбур. Французлар ҳимояни мустаҳкамлайди ва рақибни қарши ҳужумларда ушлашга ҳаракат қилади. 

Хорватлар эса Модричдан умид қилишади. У тўпни олиб қўйиб, ҳужумчиларни рақиб жарима майдони ҳудудига ёки қанотларга аниқ узатиб бериши талаб этилади. Златко Даличнинг тахминий режаси шундай. Хорватия қўлидан келганини қилади ва чидайди.

Бу терма Францияни енгишга қодир. Бу сафарги жаҳон чемпионатидан ҳар нарсани кутиш мумкин бўлмоқда. Гоҳ Англия пенальтилар сериясида ғалаба қозонади, гоҳ Германия Жанубий Кореяга ютқазади ва тўртинчи ўринни эгаллаб турнирни шармандали тарзда тарк этади, гоҳ Россия Испанияни нимчорак финалдан ортга қайтаради. Бир ой давомида бу турнир мўъжизалар тақдим қилиб келди. Франциянинг ғалабаси оддий қабул қилинади. Энди эртакнинг ўзига хос якуни учун яна бир мўъжиза кутилади.