ФИФАнинг Жаҳон кубоги нархи маълум қилинди
July 14, 2018, 1:08 a.m. 38147

ФИФАнинг Жаҳон кубоги тайёрланган материалларнинг бугунги қиймати тахминан 158,5 минг долларни ташкил қилади. Ушбу кубокни 15 июлда чемпионатда ғолиб бўладиган терма жамоа сардори боши узра кўтаради. Кубокнинг қийматини Thomson Reuters компанияси мутахассислари ҳисоблаб чиқишган.

ФИФА маълумотларига кўра, кубоқ 750 пробадаги олтиндан ишланган. Унинг оғирлиги 6,142 кгни ташкил қилади, бироқ бу оғирликдан бир қисми кубок асосидаги иккита малахит ҳалқага тўғри келади. Шунга кўра, кубоқдаги соф олтин оғирлиги 5 кгни ташкил қилади.

13 июлда олтиннинг бир унцияси нархи 1240 доллар атрофида бўлган. Кичик ҳисоб-китобларни амалга ошириб, кубок тайёрланган олтин қиймати 150 минг долларни ташкил қилишини билиб олиш мумкин.

Мутахассисларнинг айтишича, кубок яратилган 1974 йилдан бери олтин қиймати 10 баробар ошган. Бундан эса ўшанда кубок 16 минг доллар турган деган хулосага келиш мумкин.

Бироқ кубокнинг бошқача баҳоланиши ҳам мавжуд бўлиб, у ўз ичига унинг ноёб тарихини олади. Мисол учун, USA Today нашри кубокни 20 млн доллардан камга баҳоламаган.

Маълумки, 2006 йилгача кубок Жаҳон чемпионатини ютган давлат футбол федерациясига сақланиш учун топширилган. Бироқ энди чемпионлар кубокка фақатгина ғалабадан кейингина тега оладилар. Уларга мукофот сифатида кубокнинг олтин сув югуртирилган нусхаси тақдим қилинади. 

Кубок 2016 йилдан бошлаб ФИФАнинг Цюрихдаги Жаҳон футболи музейида сақланади ва фақатгина трофи-тур, жаҳон чемпионатининг якуний қуръа ташланиши жараёни ва чемпионатнинг финалида оммага олиб чиқилади. Кубокнинг пастки қисмидаги олтин пластинкада ғолиб бўлган давлат номлари ва давлат ғолиб бўлган йил ўйиб туширилади, мисол учун 1974 Deutschland ёки 1994 Brazil. ФИФАда айтилишича, 2038 йилда кубоқда янги чемпионларни ўйиб тушириш учун бўш жой қолмайди.