Хорватия футбол федерацияси 1998 йилги терма жамоа аъзоларини ЖЧ финалига таклиф қилди
July 13, 2018, 10:08 a.m. 4134

Хорватия футбол федерацияси 20 йил олдинги мундиалда бронза медалларини олган Хорватия терма жамоасининг барча аъзоларини ЖЧ-2018 финалига таклиф этди. Бу ҳақда ташкилот расмий твиттери хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, 15 июль куни хорватлар Жаҳон кубоги учун Франция термасига қарши «Лужники» майдонига чиқишади.

Хорватия футбол федерацияси 1992 йилда ФИФА ва УЕФА аъзолигига қабул қилинган. Бу икки халқаро ташкилот томонидан тан олинган вақтда ЖЧ-1994 учун саралаш босқичи бошланиб бўлган эди. Шу сабаб мундиаллардаги иштирокини ЖЧ-1998дан бошлаган хорватлар илк уринишаёқ 3-ўринни қўлга киритишган. Шундан сўнг орада ЖАР-2010 мундиали саралашидан ўта олишмагани ҳолда, 2002, 2006, 2014 йиллардаги мундиалларнинг ҳар учаласида гуруҳнинг 3-ўрнини банд этиб, плей-оффга чиқа олишмаган.

Хорватия терма жамоаси жаҳон чемпионатлари тарихига 13-финалчи бўлиб кирмоқда.