Олмалиқда ғалати воқеа - бош ҳакам футболчини «рақибни чалғитгани учун» огоҳлантирди ва четлатди
July 12, 2018, 11:33 p.m. 10495

Суперлига 14-туридан ўрин олган ОКМК - «Пахтакор» ўйинида ғалати воқеа юз берди.

52-дақиқада бош ҳакам Владислав Цейтлин мезбонлар футболчиси Музаффар Музаффаровга 2-сариқ картани кўрсатиб, уни майдондан четлатди. Бу вазиятда нима воқеа юз берганини ҳеч ким тушунмай қолди. Баъзилар, Цейтлин футболчини тўпга қўли билан ўйнагани учун огоҳлантирди деб тушунишди. Бироқ, бу вазиятда Музаффаров тўпга қўли билан ўйнамаган эди.

Tribuna.uz манбасининг хабарига кўра, беллашувдан сўнг, воқеа тафсилотлари ойдинлашган. Цейтлин ўйин қайдномасида Музаффаровни «рақиб футболчисини чалғитгани учун огоҳлантирдим» деб ёзган. 

Яъни, футболчи тўпга эгалик қилиб турган рақибга «сзади» (русча, орқада) деб бақирган ва бу билан уни тўпдан тезроқ қутулишга ундаган. Бу буйруқ футболчилар орасида тез-тез ишлатилади. У орқадан рақиб келаётганини ва тўпни тезроқ жамоадошига ошириш шартлигини англатади. Музаффаров эса айнан шундай деб бақирган ва рақибини чалғитган.

Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида «Пахтакор» бош мураббийи Шота Арвеладзе ҳам бу ҳолатга тўхтаб ўтди.

«Мезбонлар футболчисига иккинчи сариқ карточка берилган вазиятда у «Пахтакор» ўйинчисидан тўпни ўзига ўтказиб юборишни сўради. Бу эса футболдаги ҳалол ўйин қоидаларига зид. Шу сабабли, ҳакам ўша ҳолатда футболчини огоҳлантирди. Бу қоидаларда белгилаб қўйилган» - деди мураббий.

Эслатиб ўтамиз, бу ўйин тақдирини сўнгги дақиқаларда урилган гол ҳал қилди. 85-дақиқада Жасур Яхшибоев рақиб дарвозасини ишғол этиб, «Пахтакор»га ғалаба келтирди.