“Ливерпуль” учинчи трансферини ҳал қилиш арафасида
July 12, 2018, 2:05 p.m. 8675

“Сток Сити” жамоаси вингери Жердан Шакири “Ливерпуль”га ўтишга рози бўлди ва швейцариялик футболчи ливерпулликларнинг ушбу трансфер даричасидаги учинчи трансфери бўлади. Бу ҳақида Liverpool Echo нашри хабар тарқатди. 

Ҳафта бошларида “Ливерпуль” 26 ёшли футболчи учун таклиф билан чиққанини ва белгиланган 13.5 миллион фунт товон пулини тайёр экани ҳақида маълумот чиққанди. Шунингдек, яна бир қатор клублар ҳам Шакири хизматларидан фойдаланишга тайёр эканликларини билдиришган ва танлов футболчининг ўзида қолган эди. Демак, футболчи айнан “Ливерпуль” таркибида ўйнашни ихтиёр этган. 

Эслатиб ўтамиз, “Базель” клуби тарбияланувчиси бўлган ҳужумчи 2012 йилда “Бавария”га ўтиб, у ерда уч мавсум тўп сурганди. Кейин эса, “Интер” орқали “Сток Сити”га ўтган. Англияда 78 ўйинда майдонга тушиб, 14 гол муаллифи бўлган. “Сток Сити”нинг ўтган мавсумда АПЛ ни тарк этиши юлдуз футболчининг бошқаклубга ўтиш истагини кучайтириб юборгани табиий. 

Юқорида айтилганидек, бу трансфер “Ливерпуль” учун шу ёздаги учинчиси бўлади. Олдинроқ, “Монако” ярим ҳимоячиси Фабиньо 50 миллион еврога, “Лейпциг” ярим ҳимоячиси Наби Кейта эса, 60 миллион евро эвазига Клопп жамоасига ўтганди.