Хорватия термаси ЖЧда ҳали ҳеч қайси жамоа эриша олмаган натижани қайд этди
July 12, 2018, 9:22 a.m. 14071

ЖЧ-2018 яримфиналида Хорватия терма жамоаси Англиядан устун келди. Учрашув хорватларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якун топди.

Ғолиб жамоа дастлаб ўз дарвозасидан тезкор гол ўтказиб юборди. Бироқ кейинги бўлимларда киритган иккита гол ҳисобига финал йўлланмасини қўлга киритди. Ёдингизда бўлса, Хорватия терма жамоаси мусобақанинг нимчорак ва чорак финал ўйинларида ҳам Дания ва Россия термаларидан биринчи бўлиб гол ўтказиб юборган, бироқ якунда ғолибликни илиб кетганди.

Шу тариқа, Хорватия Жаҳон чемпионатлари тарихида плей-оффнинг кетма-кет учта ўйинида иродали ғалабага эришган илк терма жамоа бўлди.

Эслатиб ўтамиз, финал учрашуви 15 июль, якшанба куни Москвадаги «Лужники» стадионида бўлиб ўтади. Учрашув Тошкент вақти билан соат 20:00да бошланиши кўзда тутилган.