Деян Ловрен: «Жаҳоннинг энг кучли ҳимоячиларидан бири эканлигимни тан олишлари керак»
July 12, 2018, 4:28 p.m. 2830

«Ливерпуль» клуби ҳамда Хорватия терма жамоаси ҳимоячиси Деян Ловрен ЖЧ-2018 яримфиналида Англия устидан қозонилган ғалабадан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Мен учун бу ўйин алоҳида аҳамиятга эга. Мавсум мен учун омадсиз бўлди, деб ҳисоблашмоқда. Лекин мен бунга қўшилмайман. «Ливерпуль» билан Чемпионлар лигаси финалигача бордим, мана энди терма жамоа сафида Жаҳон чемпионатининг ҳал қилувчи баҳси арафасида турибман. Назаримда, энди мен ҳақимда аҳмоқона гапларни бас қилиб, жаҳондаги энг яхши ҳимоячилардан бири эканимни тан олишлари керак.

Биринчи бўлим биз учун қийин кечди, сабаби тўпни назорат қила олганимиз йўқ. Инглизларда қулай вазиятлар етарлича бўлди, лекин иккинчи таймда биз анча яхшироқ ўйнадик. Қўшимча бўлимларда ҳам чарчаган бўлишимизга қарамай сифатли ўйин кўрсатишда давом этдик», - деди Ловрен.

29 ёшли Деян Ловрен ўтган мавсумда «Ливерпуль» сафида 43 ўйинда майдонга тушиб, 2та гол муаллифи бўлди. Марказий ҳимоячи Хорватия термаси сафида жами 45 ўйин ўтказиб, 2 марта рақиблар дарвозасини ишғол қилган.