Хорватия ва Англия. Финалда ким ўйнайди?
July 11, 2018, 8:47 p.m. 2022

Бугун Россияда ўтказилаётган жаҳон чемпионатида иккинчи финалчи аниқланади. Асосий ўйин йўлланмаси учун Хорватия ва Англия терма жамоалари беллашади.

Хорватиянинг яримфинал сари йўли осон бўлмади. Златко Далич шогирдлари гуруҳда Аргентина, Исландия ва Нигерия билан тўқнаш келишди. Бироқ, «шашкалилар» квартетда навбати билан барча рақибни енгиб, 1-ўринни эгаллашди. 1/8 финалда Хорватия  Данияга дуч келди. Ҳамма болқонлик футболчилардан осон ғалабани кутган эди. Амалда эса 120 дақиқада ғолиб аниқланмади. Пенальтилар сериясида Хорватия ғалаба қозонди. Хорватияга чоракфиналда Россия терма жамоаси дуч келди. Бу ўйин ҳам жуда қийин кечди. Хорватияликлар бу сафар ҳам пенальтиларда аниқ ҳаракат қилиб, яримфиналга қадам қўйишди.

Англия терма жамоаси бу чемпионатни жуда яхши ўтказмоқда. Сўнгги марта футбол ватани вакиллари 1990 йили яримфиналга йўл олишганди. Икки йил олдин терма жамоани қабул қилиб олган Гарет Саутгейт уни ёшартиришдан хавфсирамади. Натижада, инглиз иқтидорлари Россия майдонларида унинг ишончини оқлашди. Гуруҳ босқичида Англия навбати билан Тунис (2:1) ва Панамани (6:1) енгди. Сўнгги ўйинда Бельгияга (0:1) ютқазиб, 2-ўрин билан 1/8 финалга чиқди. Колумбияга қарши плей-офф баҳсида ўйин тақдирини пенальтилар серияси ҳал қилди. Унда аниқроқ ҳаракат қилган Англия чоракфиналга йўл олди. Бу босқичда эса Швеция дарвозасига 2та тўп йўллаб, яримфинал йўлланмасига эга бўлди.

Хорватия  - Англия ўйини ҳақидаги қизиқарли маълумотлар.

Евро-2008 саралашида Хорватия Лондонда Англияни 3:2 ҳисобида енгиб, мусобақа йўлланмасидан маҳрум қилган.

Сўнгги марта бу терма жамоалар ЖЧ-2010 саралашида дуч келган ва Англия иккита ўйинда ҳам, умумий 9:2 ҳисобида ғалаба қозонган эди.

Ўзаро тўқнашувлардаги ягона дуранг (0:0) 1996 йили қайд этилган.

Хорватия терма жамоаси қаторасига 9та ўйиндан буён ютқазмаяпти.

Ҳар иккала терма жамоа кузда Миллатлар Лигаси доирасида бир-билан ўйнайди.

Хорватия терма жамоаси қаторасига 6та ўйиндан буён рақиблар дарвозасига гол урмоқда.

Тахминий таркиблар:

Хорватия: Субашич – Чорлука, Ловрен, Вида, Стринич, Брозович, Ракитич, Модрич, Перишич, Ребич, Манжукич.

Англия: Пикфорд – Уокер, Стоунз, Магуайр, Хендерсон, Триппьер, Янг, Алли, Лингард, Кейн, Стерлинг.

ЖЧ-2018, 1/2 финал
Хорватия – Англия
Стадион
: «Лужники» (Москва)
Ўйиннинг бошланиши: 23:00
Ҳакам: Жунайд Чақир (Туркия)