Суриядаги фуқаролар уруши сабаб Туркияга кўчиб келган собиқ ҳакам дўконда сотувчилик қилмоқда
July 11, 2018, 12:34 p.m. 1093

Туркиянинг Қайсари вилоятида бир сотувчи жаҳон чемпионатини ўзгача иштиёқ билан томоша қилмоқда. У бир пайтлар ФИФА лицензиясига эга ҳакам бўлиб фаолият юритган, аммо ҳозирда қаҳрамонимиз дўконда ишлаяпти. Нега бундай бўлди, деб сўрарсиз? Ҳаммасига Суриядаги фуқаролар уруши сабаб.

Шокир Алҳасан ал-Ҳаммади мамлакатдаги нотинчлик туфайли оиласи билан шу ерга келган. Собиқ рефери Туркияда янги ҳаёт бошлади ва ҳозир Қайсари вилоятининг Маликғози шаҳрида озиқ-овқат дўконида фаолият юритади. Ал-Ҳаммади 2004 йилда ФИФА лицензиясини қўлга киритган бўлиб, ҳалигача футболга бўлган меҳри асло сўнгани йўқ.

«Айни дамда Жаҳон чемпионатини завқ билан томоша қиляпман. Собиқ ҳакам сифатида ҳаяжоним чексиз.  Энди ўйинларни бошқаролмайман, фақат томоша қилиш қўлимдан келади. ТВда ҳамкасбларимни кўрганимда ўз тақдиримни ўйлайман», дейди 50 ёшли фахрий ҳакам.

Ал-Ҳаммади ЖЧ-2006 саралашида Фаластин-Ироқ ўйинида рефери ассистенти бўлганди. Орадан тўрт йил ўтиб, Саудия Арабистони - Сингапур, Қатар - Хитой, Ўзбекистон - Япония ва Саудия Арабистони - Шимолий Корея учрашувларида ҳам шу вазифани адо этган.

У тўрт йилдан бери Туркияда яшайди. Футболдаги фаолиятини якунлаганига анча вақт бўлганига қарамай, футболга бўлган меҳри сўнмаган. Буни унинг ҳудди ёш фанатдек тўлқинланиб гапиришидан ҳам пайқаш мумкин.

«Бельгия термасига мухлислик қиламан. Менимча, Бельгия ва Англия финалда тўқнашади. Севимли жамоам ҳозирги даражага чиқиш учун 15 йил вақт сарфлади. Ҳозир аъло даражада ўйин намойиш қилишяпти.

Турк рефериларидан Жунайд Чақир фаолиятига юқори баҳо бераман. Мен бирга ишлаган ҳакамлар ҳозир Жаҳон чемпионатида ўйинларни бошқаришяпти. Профессионал тарзда бўлмаса ҳам Туркияда ҳаваскор футбол жамоаларининг ўйинларига ҳакамлик қилишни истардим», дейди қаҳрамонимиз.

Ал-Ҳаммади Жаҳон чемпионатида илк маротаба қўлланилаётган VAR технологияси ҳақида ҳам фикр билдирди. «Бу тизим оммалашса, ўйинлар адолатли ўтган бўларди», - деди собиқ ҳакам.