«Қош қўяман деб...» — «Насаф» - «Навбаҳор» ўйини атрофидаги можаро
July 11, 2018, 7:22 p.m. 9856

Суперлига 16-тури доирасидаги «Насаф» - «Навбаҳор» (1:1) ўйинига 2-3 соат вақт қолган пайтда, «Насаф» спорт директорига ПФЛ ходими томонидан қўнғироқ бўлиб, жамоанинг уч нафар (олдинги хабарларда тўрт нафар дейилган эди) футболчиси, хусусан Мақсуд Каримов, Умар Эшмуродов ва Ислом Рашидхонов норматив-тестларни яхши баҳога топшира олмагани учун, «Навбаҳор» билан ўйинда майдонга туша олмаслиги айтилгани, натижада қаршиликлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев майдонга академия тарбияланувчиларини туширишга мажбур бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Championat.asia сайти ходими Шаҳбоз Беғамов бу ҳолат юзасидан кичик журналистик суриштирув ўтказиб, мақола ёзди. У «Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиев, клуб спорт директори Николай Минчев ва ПФЛ бош директори маслаҳатчиси Диёр Имомхўжаев билан боғланиб, уларнинг фикрини ўрганди. Шундан сўнг, Диёр Имомхўжаев ҳам бунга жавобан мақола ёзиб, у ҳам вазиятга ойдинлик киритишга ҳаракат қилди.

Ана энди дўппини бошдан олиб бир ўйлаб кўрамиз. Бу масала бўйича ким ҳақ? Бу ҳақда Championat.asia сайти ходими Хайрулла Холиқов ҳам ўз фикрларини баён қилди.

«Диёр Имомхўжаев айтганидек, регламентда норматив-тестларни топшира олмаган футболчининг майдонга тушишига рухсат йўқлиги дарҳақиқат ёзиб қўйилган. Бунга эътироз йўқ. Лекин ПФЛ ана регламентда бор-ку дейиш билан чекланиб қолмаслиги керак. Мисол учун Осиё чемпионлар лигасида иккита сариқ карта олган футболчининг кейинги турни ўтказиб юборишини ҳаммамиз биламиз. Шунга қарамай, ОЧЛ ўйинидан бир кун олдин ўтказиладиган митингда учрашув комиссари фалончи жамоада иккита сариқ карточка олган футболчи бор, у эртага ўйнай олмайди деб расман айтади. 

Бизда ҳам бу йилдан шунақа митинглар ўтказиш йўлга қўйилди. Лекин бу тадбирда нима масалалар кўтарилишини билмаймиз. Фақат ўзим эшитганим баъзи шунақа митингларда комиссар келиб иккала жамоа администраторлари футболка кўтариб расмга тушсанглар бўлди, бошқа гапим йўқ деб кетишаётган экан. Яна баъзиларининг «Нексия»ни бу оддий машина, менга тўғри келмайди деб керилганига нима дейсиз. Хуллас, «Насаф» - «Навбаҳор» ўйинидан олдин бўлиб ўтган митингда (агар ўтказилган бўлса) учрашув комиссари Бахтиёр Намозов қўлида далил билан «Насаф»ни бу ҳақда расман огоҳлантириши шарт эди. Агар огоҳлантирмаган бўлса, демак бу аввало унинг ва ПФЛнинг хатоси бўлган.

Албатта, ПФЛ ҳам ўзбек футболи ривожлансин деган мақсадда қандайдир янгиликларга қўл уряпти, бундан кўз юмиб бўлмайди. Лекин қайсидир футболчининг майдонга тушмаслигини телефон қўнғироғи орқали айтиш сира мантиққа тўғри келмайди. Ундан кўра, клуб электрон почтасигами ёки факс орқалими расмий хат юборилса, мана шу профессионал иш бўларди. 

Бу ўринда яна бир масала бор. Модомики ПФЛ клублардан шаффофликни талаб қилаётган экан, аввало ўзи шу жабҳада ўрнак бўлиши керак. Мана биз йил бошидан бери норматив деймиз. Аслида бу ҳам «Американи янгидан кашф этиш»нинг бир тури. Исталган жойда қайси футболчининг қандай ҳолатдалигини мураббийлар штаби ҳал қилади, ПФЛ деган ташкилот эмас. Мураббийлар ўзи билади, кимдан қандай норматив олишни, чунки ҳеч қайси футболчининг физиологияси бир хил эмас. Мураббий қўл остидаги футболчиларни беш қўлдек билиши шарт, ахир натижага у жавобгар. Футболчи югурмаяптими, тўпни тўғри тепмаяптими, бу саволларга мураббий жавоб берсин, нега ПФЛ аралашади?

Хўп, норматив олиняпти экан, лекин нима учун ПФЛ ундан ким ўтгани-ю, кимлар ўта олмаганини расман айтмаяпти? Имтиҳондан йиқилган талабанинг исм-фамилияси эълонлар тахтасига ёзиб қўйилади, лекин нормативдан ўта олмаган футболчилар нега сир сақланади? Улар нимадан йиқилди? Юз метрга югура олмаганми ё узунликка сакрай олмадими? Иккинчидан, футболчи норматив топшира олмагани билан унинг ўйини мураббийга маъқул келаётган бўлса-чи? Эҳтимол у секин югурар, лекин жой танлаш ва тўпга аниқ зарба беришда яхши бўлса-чи? Масаланинг бу томонларини ким ўйлаб кўради? Футбол - жамоавий ўйин, бу ерда ҳамма ўзининг йўлакчасида югурадиган енгил атлетикачилар эмас.

Энди икки оғиз Диёр Имомхўжаев ёзган жавоб мақоласи ҳақида. Аввало шуни айтиш керак, Диёр эндиликда кўпчилигимиз учун расмий шахс. Унинг ҳозирги лавозимидан келиб чиқсак, ҳар бир мақолага жавоб ёзаётганида ёки бирорта вазиятга ойдинлик киритса аввало расмий шахс бўлиб жавоб бериши керак. Унинг мақоласи охирида келтирилган «Зеро биз раҳбариятнинг йиллар давомидаги беғамлиги оқибатларини бартараф этиш билан бандмиз, Беғамов», деган гапини шахсан мен Шаҳбознинг фамилияси устидан кулиш деб қабул қилдим. Чунки бу ерда «беғамлиги» сўзи билан Беғамов фамилиясида сўз ўйини кетган ва бу билан ПФЛ бош директори маслаҳатчиси Беғамов фамилиясига нисбатан истеҳзоли кулган. Бу эса ҳақоратдан ҳам ошиб тушган. (Ўзбек тили грамматикасини биз ҳам ўқиганмиз ва сўзлардан сўз ўйини ясаш нималигини жуда яхши биламиз).

Биринчидан, ПФЛ ходимининг қочиримли гап суқиб мақола ёзишини асло ҳазм қилиб бўлмайди. Иккинчидан, ПФЛ расмий вакили «Насаф» ҳимоячиси Мақсуд Каримов ҳакамларга нисбатан уч баробар кўп маош олиши-ю, унинг кўтарма пули 9 хонали рақамни ташкил қилишини дунёга достон қилиши шарт эмас. Бу умуман расмий ходимнинг ваколатига кирмайди. Қолаверса, футболчига қанча миқдорда бўлсаям кўтарма пулини клуб ҳомийси берган, агар ПФЛда бирорта савол бўлса футболчига тегмасдан, клуб ҳомийсига борсин.

Шу ўринда яна бир гапни айтиб кетишни хоҳлардик. ПФЛнинг энг асосий вазифаси мусобақаларни ташкил қилиш ва ўтказиш ҳисобланади. Яъни, ташкилотнинг клублар устидан ҳукмронлик қилишга ёки ақл ўргатишга умуман ҳаққи йўқ. ПФЛ шунчаки жамоатчилик ташкилоти, ҳеч қанақасига юридик кучга эмас. Клублар эса МЧЖ (масъулияти чекланган жамият, юридик шахс) ҳисобланади. Шундай экан, ҳамма ўз ишини билиб қилгани маъқул. Қочиримли гапларни айтиш эса кўпроқ журналистларга ярашади. Ишқилиб ПФЛ қош қўяман деб кўз чиқармаса бўлгани».