Мушаклар хотираси: иккинчи финалчи Англия бўлиши ҳақида назария
July 11, 2018, 11:49 a.m. 4183

Яримфинал қандайдир бошқача, алоҳида бир турнирга ўхшайди. Бу ерда камдан кам ҳолатда сюрпризларни кўриш мумкин. Финал остонаси аслида жуда кучли туюлган унча мунча терма жамоанинг ҳам оёғини қалтиратиб қўяди. Кеча Мартинес яримҳимояга Дембелени ҳам қўшиб, марказни зичлаштириб юборганидан (натижада Бразилияга қарши ўйиндаги асосий қурол – тезкорлик билан ҳужумга чиқиш қийинлашди, ортиқча паслар кўпайди) ташқари, Францияни ўйин пайтида фаворитга айлантириб қўйган бошқа жиҳат ҳам борлигига ишонгим келади. Шу ҳақида гаплашайлик. 

Сўнгги даврлардаги Европа чемпионатлари финалчиларига эътибор қаратсак, бу рўйхатда Бельгия, Дания, Чехия, Греция кабиларни ҳам кўрамиз. Қизиғи, ўхшаш форматда ва кўпинча айни пешқадам жамоалар ўртасида кечадиган жаҳон чемпионати финалларида пастроқ статусдаги жамоаларни учратмаймиз. Бразилия, Германия, Франция, Нидерландия, Испания, Италия, Аргентина - мана сизларга қарийб ярим асрлик давр мобайнида ЖЧ финалларида ўйнаган жамоалар. 

Аслида, ўша мундиалларни ҳам у қадар анъанавий ўтган деб бўлмайди, зеро бу турнирларда ҳам бирданига портлаб чиққан жамоалар топилади, масалан, сўнгги йилларда Швеция, Болгария, Хорватия, Корея, Туркия, Португалия, Уругвай каби терма жамоалар шулар жумласидан. Аммо, бу жамоалар қанчалик ёрқин ўйин кўрсатишмасин, ўз юришларини яримфиналда тўхтатишга мажбур бўлишган. 

Сизнинг, ахир Аргентина ва Бразилия жамоалари қўшилиб, шундай ҳолатни юзага келтиряпти-ку, деган эътирозингизга қўшилмайман. Бразилия ўрнига 1998 йилда Нидерландия, 2002 йилда Англия чиққан бўларди, масалан. ЖЧ-2014 финалчиси Аргентина ҳам ярим финалда Нидерландия устидан ғалаба қозонган, демак уларсиз ҳам ноодатий финал кўрмасдик барибир. Евро ва ЖЧ финалчилари ўртасидаги бу ўзига хос тафовутга бошқа томондан сабаб ахтариб топса бўлади, менимча. 

Мисол учун, мундиалларда бир терма жамоа финалга чиқиши учун қаторасига 6 ўйинни муваффақиятли ўтказиши лозим, тўғрими? Гуруҳ босқичида 3 ўйин, плей-оффда яна 3 ўйин. Европада эса, Евро-2016гача йўл бироз қисқа бўлган - гуруҳ босқичидан ташқари чорак финал ва ярим финални, яъни 2 ўйинни муваффақиятли ўтказа олсангиз, кифоя, финалдасиз. 

Кучли жамоалар учун бу фарқ унчалик катта аҳамият касб этмайди, улар қаторасига 10 ўйинда ҳам ғалаба қозонишлари мумкин, муаммо йўқ. Шунингдек, аввалдан охиригача боришни ният қилган термалар ўзига хос стратегия билан ташриф буюрадилар - ўйиндан ўйинга кучайиб бориш, маълум режа асосидаги ротация орқали куч тақсимотини назорат қилиш. Айтайлик, гуруҳдаги дастлабки икки ўйинда масалани ҳал қилиб, учинчи ўйинда «тин олиш» ёки гуруҳ ўйинларини «эконом режим»да ўтказиш.

Лекин турнир давомида иштаҳаси очилган жамоалар учун бундай стратегия бўлмайди - улар ҳар ўйинга бор кучларини берадилар, ҳар ўйинда мағлубиятга тайёр турадилар, тўғрими? Бу ҳолатда кетма-кет ўйинларни ютиш осон эмас.

Менимча, анъанавий фаворитлар ва оддийроқ жамоаларнинг финал сари йўлларидаги фарқ шу ерда - финалгача бўлган ўйинлар сонида келиб чиқади. Айтмоқчиманки, қаторасига 6 ўйинда муваффақият қозониш билан қаторасига 5 ўйинда ғалаба қозонишнинг фарқи катта. Демак, плей-оффда 3 марта кетма-кет ютуққа эришиш билан 2 плей-офф ўйинини муваффақиятли якунлаш орасидаги фарқ катта. Мундиал ва Европа чемпионати финалчилари орасидаги фарқ мана шу ерда намоён бўлмоқда. Аслида ҳар икки турнирда ҳам ўша турнир учун «портлай олган», кутилмаган фаворитлар мавжуд бўлиб келган, бу жамоаларни юқорида санаб ҳам ўтдик. Фақат бундай жамоалар учун максимал чегара 5 ўйин бўлгани учун Европада улар финалгача етиб бора олишган, мундиалда эса, финал учун 6-ўйинни ҳам ютишга тўғри келиб қолган ва ютқазишган. (Табиийки, Дания ва Греция 6-ўйинни ҳам ютганини пеш қилишингиз мумкин, лекин финалга чиқиб олгач, бир ўйинда ҳар қандай натижа қайд этилиши мумкин. Етмай қолишини айтаётганим куч ҳам, мотивация ҳам топилади) 

Бу фикрлар шунчаки, бир фараз холос. 5 ўйин билан 6 ўйин ўтказиш фарқини илмий томондан асослаб бера олмайман. Қизиғи шундаки, Евро-2016дан бошлаб, бу турнирда жамоалар сони 24 тага оширилди, яъни энди гуруҳдан кейин 1/8 финал ҳам бўлиб ўтадиган бўлди. Финалга чиқиш учун 6 ўйини ютиш талаб этиладиган формат юзага келди. Финалчиларни қаранг – Франция ва Португалия. Фаворит мақомидаги жамоалар. Жуда ёрқин ўйнаган Уэльс ёки Исландия етиб кела олмади, қаранг. Португалияни бу сафар фаворитга айлантириб олганимнинг ҳам сабаби бор, ростан ҳам бу жамоага рақиб бўлган Польша, Хорватия, Уэльс каби терма жамоалар статус жиҳатидан Португалиядан пастроқ бўлгандилар. Айтмоқчиманки, Европа ҳам финалгача бўлган йўлни 1 ўйинга узайтирганди, бу ерда ҳам финалга фақат фаворитлар чиқа бошлади. 

Бу формулани Россияда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатига қўлласак, Англия терма жамоаси финалга чиқиши керак. Ярим финалда ўз вақтида чемпион бўлган Англия ва Франция ва ҳали бирор марта финалда тўп сурмаган Бельгия ва Хорватия чиқишганда, бояги мулоҳозалардан келиб чиқиб, Англия – Франция финалини тахмин қилиш қийин эмасди. 

Хўп, Франция-ку тушунарди, сўнгги йигирма йилда ўзининг бешинчи финалида ўйнайдиган бўлди, лекин Англия охирги марта йирик турнир финалида ўйнаган пайтда туғилган чақалоқ ярим асрдан кўпроқ умр кўришга улгурди-ку? Ўша 1966 йилда чемпион бўлган ва Англия билан бугунги тажрибасиз ва ёш Англиянинг қандай умумий жиҳати ҳам  бўлсин? Англияни яна ниманинг ҳисобига Хорватиядан кучли дея оламиз?

Бодибилдингда «Muscle memory» (Мушак хотираси) деган тушунча бор. Агар машғулотлар ёрдамида маълум бир ўлчамлар ва даражага чиқсангиз, бу бутунлай бўлади, яъни ўша ўлчамларни мушакларингиз «хотира»сида сақлаб қолар экан. Кейинчалик ўша жисмоний ҳолатни йўқотиб, орадан анча вақт ўтиб кетса ҳам, бир кун яна шуғулланишни бошласангиз, ўша, бир пайтлар чиққан кўрсаткичларга қайтиш анча осон бўлар экан. Сиз билан бирга бошлаб, ҳеч қачон ўша даражага чиқмаган бошқа бир спортчидан кўра, сизнинг ўша эски ўлчамларга чиқишингиз анча кам вақт талаб этар экан. 

Футболда буни илмий асослашнинг иложи йўқ, албатта, лекин биласизми, кеча Франциянинг анча ёш таркиби тажрибалироқ ва кўпроқ юлдузларга эга Бельгиядан салобатлироқ кўринганига қараб туриб, шу нарса эсга тушди. Жамоа таркибида қандай футболчилар тўп сурмасин, ўша мамлакатдаги турнирга бўлган муносабат, белгиланадиган планка, режа, руҳият, мухлисларнинг қараши, муҳит – буларнинг барчаси, менимча, ўз вақтида чемпионлик даражасига чиққан ва доимий фаворит сифатида тилга олинадиган терма жамоаларда бошқача бўлади. Айнан мана шу жиҳатлар уларга финал остонасида қанот бўлади, бирданига кучли ва салобатли терма жамоага айлантиради, рақибни қўрқишга мажбур қилади. Менимча шундай. 

Назаримда, бу фақат бугунги яримфиналга тааллуқли гап эмас. Билмадим, балки «мушакларимизда» жаҳон чемпионатида қатнашиш билан боғлиқ хотиранинг йўқлиги бизга доим ҳалақит бераётгандир, вазифамизни қийинлаштираётгандир, Эрон, Саудия Арабистони ёки Жанубий Кореяга сўнгги паллаларда ёрдам бераётгандир. Нима бўлгандаям, бир кун шу мусобақага чиқиш керак, кейин осон бўлади...

Қаҳрамон Асланов