Карлуш Кейруш: «Осиё кубогида муваффақият қозониш учун яхши шароит ва жиддий тайёргарлик зарур»
July 11, 2018, 3 p.m. 3383

Эрон терма жамоаси бош мураббийи Карлуш Кейруш 2019 йил январ ойида БААда бўлиб ўтадиган Осиё кубоги тайёргарлигига жиддий ёндашиш муҳимлигини таъкидлаб ўтди.

«Биз Осиё кубогида Саудия Арабистони, БАА, Қатар ҳамда Осиёнинг энг кучли жамоалари бўлмиш Япония, Жанубий Корея ва Австралия термаларига тўқнаш келамиз. Баъзилар Жаҳон чемпионатида қайд этган натижамиздан кейин Осиё кубоги биз учун осон бўлади, деб ўйламоқда, бироқ ундай эмас.

Биз мусобақада 30 йилдан буён ўсиб-ривожланиб келаётган жамоаларга рақиб бўламиз. Шундай экан, агар ҳақиқатан ҳам муваффақиятли иштирок этишни истасак, етарлича шароитга эга бўлишимиз керак.

Масалан, Японияни олайлик. Осиё кубоги бошланишидан 15 кун олдин тайёргарликни бошлаб, 40 йил олдин тараққиёт йўлига чиқиб олган бундай жамоани мағлуб этиб бўлмайди», - деди Кейруш.

Эслатиб ўтамиз, Кейрушнинг Эрон терма жамоасидаги келгуси тақдири ҳали узил-кесил ҳал бўлганича йўқ, бироқ катта эҳтимол билан португалиялик мутахассис Осиё кубоги тугагунга қадар форсларга устозлик қилиши тахмин қилинмоқда.