«ФИАТ» ишчилари Роналдунинг «Ювентус»га ўтгани муносабати билан иш ташлаш эълон қилди
July 11, 2018, 5 p.m. 13826

33 ёшли ҳужумчи Криштиану Роналдунинг «Ювентус»га ўтиши ортидан «ФИАТ» автомобил концерни ходимлари ишлаш ташлаш эълон қилишди. Бу ҳақда Football Italia`га асосланиб, ТАСС хабар бермоқда.

Роналдунинг «Реал»дан «Ювентус»га ўтгани сешанба куни расман эълон қилинди. Трансфер қиймати 100 миллион еврони ташкил этди ва бу сумма 2 йил давомида тўлаб борилади. Ўйинчи Туринда йилига 30 миллион евро маош олади.

Манба келтирган маълумотга кўра, «ФИАТ» концерни «Exor» холдинги таркибига киради. «Ювентус» ҳам айнан шу холдингга қарашли. Роналду трансфери харажатлари завод резервлари ҳисобига қопланаётгани концерн ходимларининг иш ташлаш уюштиришига сабаб бўлган.

«Ишчилар меҳнати борган сари оғирлашиб бораётган бир пайтда компания биргина футболчи учун шунча маблағ сарфламоқда. Бу адолатдан эмас, ахир ходимлар маошнинг камлиги ва у ҳам кечикиб берилиши сабаб энг оддий харажатларда ҳам тежамкор бўлишларига тўғри келмоқда. Компания эса юзлаб миллионларни ўйинчи сотиб олишга йўналтиряпти», - дейилади «ФИАТ» касаба уюшмаси баёнотида.

Иш ташлаш 15 июлдан 17 июлга қадар ўтказилиши кутилмоқда.