«Барселона»га ўтишга кўнмаган 19 ёшли бразилиялик ҳужумчи «Шахтёр» аъзосига айланди
July 11, 2018, 1:09 p.m. 6651

Донецкнинг «Шахтёр» клуби «Сан-Паулу» ҳужумчиси Маркиньос Сиприанони ўз сафига қўшиб олганини эълон қилди.

Клуб расмий твиттерига кўра, 19 ёшли бразилиялик футболчи билан 5 мавсумга мўлжалланган, муддати 2023 йил ёзида ниҳоясига етадиган шартнома имзоланган. «Сан-Паулу» билан шартномаси тугаган Сиприано «Шахтёр»га эркин агент сифатида ўтди.

Ҳужумчи унга «Барселона» томонидан қизиқиш бўлаётганига қарамай, май ойида Донецк клубини танлаганини маълум қилганди. Сиприано бу қарорини ёш бразилиялик футболчилар билан ишлай оладиган клуб сафида ўйнаш истаги билан изоҳлаганди.

Юқори истеъдод соҳиби сифатида қаралаётган Сиприано шу йилнинг январ ойида Сан-Паула штати чемпионати – Паулиста Лигасида дебют қилганди. У, шунингдек, Бразилия U20 термаси аъзоси ҳамдир.