Қарзлар туфайли «Милан» клубининг эгаси ўзгарди
July 11, 2018, 11:06 a.m. 3955

Италиянинг «Милан» клуби қарзлари туфайли Американинг Elliot Management ҳеж-фонди тасарруфига ўтди, деб хабар беради Football Italia.

Хитойлик ишбилармон Ли Йонгҳонг 2017 йил апрель ойида «Милан»ни харид қилиш учун Elliot Management фондидан қарз олган эди. 8 июнь куни Ли қарзнинг 32 миллион евро миқдоридаги қисмини қайтара олмади. Натижада, клуб АҚШ компанияси қўлига ўтди.

Энди америкаликлар «Милан»нинг молиявий барқарорлигини тиклаш учун 50 миллион евро маблағ киритиб, унинг раҳбариятини тўлиқ ўзгартиришни режалаштирмоқда. Кейинчалик эса клуб аукцион орқали бошқа талабгорларга сотиб юборилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Милан» молиявий фэйр-плей қоидаларини бузгани учун УЕФА томонидан еврокубоклардан 1 мавсумга четлатилган эди.