Эвра «Ювентус»га ўтиши кутилаётган Роналдуга насиҳат қилди
July 9, 2018, 1:22 p.m. 19043

Франция терма жамоаси собиқ футболчиси Патрис Эвра «Реал» ҳужумчиси Криштиану Роналдунинг «Ювентус»га ўтиши ҳақидаги миш-мишларга муносабат билдирди.

«Криштиану билан бу мавзуда гаплашмадим, бироқ унга маслаҳатим шу: агар 2050 йилгача ўйнашни истасанг, «Ювентус»га ўтганинг маъқул. Бу ҳолда у қўшилиши керак бўлган бошқа жамоа йўқ. Ҳаммаси оддий.

«Ювентус»дан миннатдорман, чунки «Манчестер Юнайтед»дан кетганимдан кейин ҳам муваффақиятли ўйнашда давом этишимга фақат шу клуб сабаб бўлган. «Юве» юрагимда ўчмас из қолдирган.

Криштиану, тўғри қарор қабул қил. Италияда сени қанчалик севишларини биласан-ку. Агар «Ювентус»га ўтишга рози бўлсанг, ўз устингда ишлашинг ва астойдил меҳнат қилишингга тўғри келади. Шунчалар кўп тер тўкасанки, дам олишга чиқишни ҳам бир четга суриб қўясан.

Бироқ бу – танлов. Ё 2050 йилгача ўйнайсан, ёки тўп суришни шунчаки бас қиласан. Агар «Юве»ни танласанг, келаси Жаҳон чемпионатига «омад келтирувчи тумор» бўлиб эмас, бош қаҳрамон бўлиб борасан», - деган Эвранинг сўзларини келтириб ўтди Football Italia.

Эслатиб ўтамиз, Патрис Эвра 2014-2017 йилларда «кекса сеньора» таркибида ўйнаган.