CAFA U-16 чемпионатининг тақдирлаш маросими ўтказилди
July 9, 2018, 11:51 p.m. 3946

Тошкентда Марказий Осиё футбол уюшмалари (CAFA) U16 чемпионати якунланди.

Унда Ўзбекистон, Афғонистон, Тожикистон ҳамда Қирғизистоннинг 16 ёшгача бўлган футболчилардан таркиб топган терма жамоалари иштирок этишди. Муросасиз кечган баҳсларда Усмон Тошев бошчилигидаги Ўзбекистон U-16 терма жамоаси мазмунли ўйин кўрсатиб, барча жамоалар устидан ғалабага эришдилар.

Бугун турнирнинг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов, ОФК вакили Воҳид Карданий, ПФЛ Бош директори Омон Ғофуров, ЎФА Бош котиби Сардор Раҳматуллаев, ЎФА ва CAFA мутасаддилари ҳамда бошқа мартабали меҳмонлар иштирок этишди.

Умид Аҳмаджонов мусобақа ғолибига ҳамда иштирокчиларга кубок ҳамда медалларни топширар экан, барча жамоаларни чиройли ўйин ҳамда ижобий натижалар билан қутлаб, уларга келгуси мусобақаларда омад тилади.