«Ўзилни барчаси учун балогардон қилишди»
July 8, 2018, 4:18 p.m. 10513

Германия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Месут Ўзилнинг отаси Мустафо Ўзил мухлисларни ўз ўғлига нисбатан адолатсизлик қилишда айблади. Мухлислар футболчини Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашгани учун уни четлатишни талаб қилишган, терма жамоанинг жаҳон чемпионатидаги муваффақиятсиз иштирокида ҳам айбдор қилишганди.

«Месутни Эрдўған билан учрашгани учун четлатиш ҳақидаги сўзлар - ҳақиқий сурбетликдир. У доимий равишда танқидларга учради, у энди ўзини ҳимоя қилишдан безор бўлди. У Германия терма жамоасида 9 йилдан буён тўп суради ва бу терма жамоа билан чемпион бўлган. У бу мамлакатга кўп нарса берган. Терма жамоа ғалаба қозонаётганида уни кўкларга кўтаришади, мағлубиятга учрай бошласа барчасига Месут айбдор бўлади. Ҳозир улар трибунада туриб ҳуштакбозлик қилишмоқда, Месутни барчасига айбдор қилишмоқда. Албатта, мен унинг аҳволини тасаввур қила оламан.

Мухлисларнинг Месутга муносабати адолатсизликдир. У ўзи қарор қилиши керак, лекин унинг ўрнида бўлганимда, барчаси учун миннатдорчилик билдириб, термадан кетган бўлардим», деган футболчининг отаси.

Германия терма жамоаси ЖЧ-2018 турнирини гуруҳда Швеция, Мексика ва Жанубий Корея терма жамоаларидан ортда қолган ҳолда тўртинчи ўринда якунлаб, барвақт тарк этди.