Ўзбекистон ОТЖ Осиё ўйинларида муносиб иштирок этишга тайёр
July 7, 2018, 10:06 a.m. 1838

5 июль куни Индонезияда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларининг футбол мусобақасига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтганди. Унга кўра, Равшан Ҳайдаров мураббийлик қилаётган Ўзбекистон терма жамоаси “В” гуруҳида Таиланд, Қатар ҳамда Бангладеш термаларига қарши кураш олиб бориши маълум бўлди. 

ЎФА хабарига кўра, кеча Ўзбекистон терма жамоасининг мусобақада иштирок этиши масаласи муҳокама қилинди. Ассоциация терманинг кенгайтирилган рўйхатини ташкилотчиларга тақдим этиб улгурган. 

Бунгача МОҚ раҳбарияти Осиё Ўйинларига жиддий эътибор қаратиш кераклигини таъкидлаб, бу борада футболчиларга барча шароитлар яратиш кераклигини маълум қилганди. ЎФА шундан келиб чиқиб, Сенегал ҳамда Марокашга қарши ўйинларда бир қатор олимпиячилар тўп суришини таъминлади. Эрон ва Уругвай билан ўйинларда эса катта эҳтимол билан Индонезияга борувчи футболчилар ҳаракат қилди. Шунингдек, Кенияга қарши бўлиб ўтган икки ўйинни ҳам шулар қаторига қўшиш мумкин. Равшан Ҳайдаровнинг сўзларига кўра, таркиб анча шаклланган, футболчилар Осиё Ўйинларида муносиб иштирок этишга тайёр.

Режага кўра, Ўзбекистон олимпиячилари 4 август куни йиғилади ва шу куннинг ўзида тиббий кўрикдан ўтади. 5 августдан эътиборан эса машғулотлар бошланади. Жакартага жўнаб кетиш санаси кейинроқ маълум қилинади.