Ола-була Роналду. Мадрид қироли ростдан кетадими?
July 7, 2018, 10:10 p.m. 16934

«Реал»нинг португалиялик ҳужумчиси Криштиану Роналду Туринга йўл олиши ҳақида бот-бот ёзилмоқда. Ёзнинг энг шов-шувли трансферига айланиши мумкин бўлган бу трансфер қанчалик ҳақиқатга яқин?

Чўғсиз тутун чиқмайди
Криштиану Роналдунинг шу ёзда «Ювентус»га ўтиши деярли ойдинлашди. Худди чўғ бўлмаса, дим бўлмаганидек, агар Роналдунинг Мадриддан кетмоқчилиги чин бўлмаганида унинг кетиши ҳақида бу қадар кўп ёзилмаган бўларди. Шу кунларда футболчининг агенти Жорже Мендеш «Реал» президенти Флорентино Перес билан учрашди ва ўз мижозининг келажаги бўйича музокара ўтказди. Айни вақтда ушбу 33 ёшли португалияликка асосий даъвогар «Ювентус» бўлиб турибди.

Айни лаҳзаси

Барчаси Киевда бошланганди. Ушбу португалиялик нафақат зарбаларни вақтида йўллайди, балки керакли сўзни керакли жойда ва керакли вақтда айтади. У ҳамма Чемпионлар лигасидаги ғалабани нишонлаётганида ўзининг икки оғиз гапи билан барчани карахт аҳволга солганди: «Мадрид учун ўйнаш ажойиб эди», «Реал»да қолишимга кафолат бера олмайман», «Тез орада барчасини билиб оласиз». Кейинги куни эса Роналду худди бошқатдан ўйлаб кўриб, фикридан қайтгандек гапирди: «Барчага раҳмат, келаси йили кўришамиз». Аммо ахборот тўлқини тинмади. Бу Роналдунинг ўзига диққатни жалб этиш ва маошини кўтариб олиш режасининг бир қисми эди.

Эскирган схема
Португалиялик футболчи қандай қилиб шартномасини янгилаш ва молиявий янгилаш бўйича «пихини ёрган». Мадриддаги қарийб 10 йиллик фаолияти давомида у бу ишни икки марта қилган - унинг медоти икки сафар ҳам иш берган. 2012 йил сентябрида, ҳали 3 йиллик шартномаси ва йилига 10 миллион евролик маоши бўла туриб у шундай деганди: «Мен «Реал»да бахтиёр эмасман». Бир йил ўтиб у билан 2018 йилгача амалда бўлувчи ва йилига 17 миллион евро миқдоридаги маош тўлаш кўзда тутилган янги шартнома имзолашди. 2015 йил ёзида эса бошқа футболчиларнинг маошлари ҳам оша бошлагач (айниқса Мессиники - 16 миллион евродан 20 миллион еврога), португалиялик футболчи атрофида турли миш-мишлар болалади. Унинг кайфияти жуда ёмон экани ҳақида ёзишди. Бир йил ўтиб томонлар ўзаро шартномани яна қайтадан кўриб чиқишди ва Роналдуга 2021 йилгача амалда бўлувчи янги шартнома ҳамда 23 миллион евролик йиллик маош таклиф этилди, футболчи бажонидил рози бўлди. Схема ишлаб турса, уни ўзгартириш нега керак?

Президентнинг ваъдаси

Роналду 2017 йилнинг ёзида, Европа Чемпионлар лигасидаги навбатдаги ғалабадан кейин ҳам учинчи марта шундай йўл тутди. Уни гоҳ «ПСЖ»га, гоҳ «МЮ»га ва гоҳ туманли альбионга жўнатишди. Натижада, Мадрид клуби президенти футболчини қолишга кўндириш учун музокара ўтказишга мажбур бўлди. Аммо бу сафар у футболчи билан оғзаки келишув тузди, унга кўра жамоанинг 2016-17 йилги мавсумдаги натижасига кўра футболчи билан янги шартнома тузиладиган, унинг йиллик маоши миқдори 30 миллион еврога (солиқлар чиқариб ташланганда) ошириладиган бўлди. Португалиялик футболчи ёрқин ўйинлар кўрсатди, аммо Перес ваъдаларини унутди. Бу йилги мавсум якунларига кўра ҳам Роналдунинг ойлиги ошириб берилмади ва муносабатлар буткул дарз кетди.

Рақобатчиларнинг маоши
Роналду норозилигини тўғри тушуниш мумкин - Месси ва Неймарники билан солиштирганда уники камтаргина. Роналдунинг мавжуд шартномасида йиллик 23 миллион евро бўлгани ҳолида, Неймар Парижда 36 миллион оларди, Мессининг «Барселона» билан янги шартномасида эса 45 миллион евро белгиланган. Бу ҳолатда сайёранинг биринчи рақамли перфекционисти ўзини яна қандай тутарди? У ахир қишда ўзининг кейинги 5 йилликдаги тўртинчи «Олтин тўп»ини қўлга киритди, шунда ҳам у Мессининг йиллик даромадининг 50 фоизига, Неймарникининг 60 фоизига рози бўлармиди? Шундай қилиб, учинчи давра бошланди.

Ҳаддан ташқари юқори бадал пули
Роналдунинг режаси иш бермади. Киевдаги баёнотидан кейин «Реал» расмий сайтидан унинг фотосурати йўқолиб қолди, Marca ўқувчиларининг 63 фоизи эса «Қироллик клуби» ёзда уни жамоада олиб қолмаслик керак деган фикрда, у жамоанинг янги мавсум учун либослари тақдимотида иштирок этмади - барчаси Криштиану Роналду кетишини кўрсатмоқда. Ҳамма аввалига «ПСЖ» вариантини эслади, аммо қатарлик шайхлар ҳали ақлдан озгани йўқ, «Реал» Роналдунинг бу клуб учун нархини 1 миллиард евро этиб белгилаб қўйган. Тўғри, кейинроқ ОАВда «Реал» футболчининг бадал пули миқдорини 120 миллион еврогача камайтиргани ҳақида хабар тарқатди, аммо «Реал» бу хабарни расман инкор этиб чиқди. Лекин клуб ва футболчи ўртасида оғзаки келишув борлиги аниқ, агар футболчи кетишни истаса, клуб уни «ПСЖ» ва «Барселона»дан бошқа исталган клубга меъёрдаги нарх эвазига қўйиб юборади.

Мендешнинг режалари қандай?

4 июль куни Мадриддаги Marca ва Португалиядаги Record нашрлари бир вақтда Криш «Юве»га ўтиши ҳақида хабар тарқатишди. Бу хабарларнинг манбаси битта - футболчининг агенти Жорже Мендеш эди. Уларда шундай дейиларди: «Роналдунинг кетишини тўхтатиб бўлмайди, лекин музокаралар давом этмоқда».

Бу маълумот агентдан чиққани унга 100 фоиз ишонмаслик кераклигини англатади. Нашрлар Мендеш Флорентино Переснинг ўнг қўли Хосе Анхель Санчес билан учрашганини ёзди. Бу учрашувда Роналдунинг маоши масаласи муҳокама қилинган.

Роналду учун нафақат маоши, балки жамоанинг янги бош мураббийи Хулен Лопетеги жамоасида қандай ўринни эгаллаши ҳам муҳим бўлган. Янги шартнома унга қўшимча ишонч бахш этиши мумкин эди.

«Юве» 100 миллион евро тўлашга тайёрлиги ҳақидаги миш-мишлар «Реал»га Роналду ҳазиллашмаётганидан дарак берувчи сигнал эди. Аммо охирги хабарларга кўра, Перес футболчининг кетишига рози кўринади.

Нега «Реал» Роналдуни ушлаб қолишга уринмади?


Роналду икки баробар кўп маош истамоқда. Қолаверса, унга фақат пул эмас, ўз мавқеи сақланиб қолиши ҳам керак. Лекин «Реал» бу ёзда катта трансферлар қилмоқчи. Бэйлдан кейин, 5 йилдан бери жамоага бирон катта юлдуз олиб келинмади, Роналду эса шартномаси якунигача (2021 йил) 36 ёшни қоралаб қўяди. Таркибнинг бошқа футболчилари ҳам қарийди. Шунинг учун таркибни ҳозирдан янгилаш ва янги етакчиларни аниқлаб олиш керак. Роналдуни сотиб юбориш эса бу вақтда икки томондан энг тўғри қарор бўлади - биринчидан янги футболчилар учун жой очилади, иккинчидан унинг трансфердан тушган пул янги футболчилар учун қўшимча маблағ бўлади. Айни вақтда Мадрид Неймар ёки Килиан Мбаппедан бирини ўзига чорламоқда.

Туринга йўл

Кўринишидан, 100-120 миллион евро атрофидаги маблағни тўлашга «Ювентус» ҳам қодир. Аниқроғи, бу пулни тўлашга кўп жамоанинг қурби етади, айниқса, Неймарнинг ўтган йил ёзида 222 миллион евро эвазига «ПСЖ»га трансферидан кеийн 100 миллион евролик нарх арзон нархга айланиб қолган. Аммо, Роналдунинг ўзи Туринни танлади.

Сабаблар кўп: биринчидан, Криштиануда ўзини Туринда ЕЧЛ чорак финалидаги голларидан кейин олқишлаган «Ювентус» мухлислари катта таассурот қолдирган. «Сантяго Бернабеу»да мадридлик мухлислар уни камситиб, «Месси, Месси» дея ҳайқириб турар экан, «Юве» мухлислари унинг учун юпанч бўлгани шубҳасиз. Роналду флэш-интервьюларидан бирида болалигида «Юве»нинг ўйинларидан завқлангани, кейин ҳам бу жамоа муваффақиятларини кузатиб борганини айтиб ўтади.

Иккинчидан, Роналду Неймардан фарқли равишда фақат пул санамайди, балки ўз обрўсини ҳам ўйлайди. Арабларнинг Париждаги лойиҳаси қачондир ўзини оқлар ва бу жамоа ҳам қачондир Европанинг бош совринини қўлга киритар, аммо бугун ёки эртага эмас. Португалиялик футболчининг амбицияларини бу жамоа қондира олмайди. Унга аниқ мақсад ва имкониятлар керак. «Реал» билан дунёдаги барча совринларни ютган футболчи шу билан тўхтаб қолишни истамайди. У кейинги 4 йилда икки марта ЕЧЛ финалига чиқиб, мағлуб бўлган «Ювентус» мухлисларини орзусига етказишни истайди. Италияда Роналдуга 30 миллион евролик маош ваъда қилишмоқда, бу «Реал» томонидан ваъда қилинган, аммо тўланмаган маошдир. Парижда эса унга йилига 45 миллион евро тўлашга ҳам тайёрлар.

Marca маълумотига кўра, жаҳон чемпионатини эрта якунлаган Роналду охирги кунларда Туриндан ўзига уй излади ва топди ҳам. Энди у «ола-була» форма кийиши қолган. Роналду аввал ҳам шундай формада ўйнаган - «Насьонал»да. Яна шундай бўладими? Тез орада билиб оламиз.