Франция ярим финалда. Гризманн авлоди чемпион бўладими?
July 7, 2018, 11:10 a.m. 4121

Франция терма жамоаси жаҳон чемпионати 1/4 финалида Уругвайни мағлубиятга учратиб (2:0), ярим финалга йўл олди.

Биринчи бўлимда Антуан Гризманнинг жарима нуқтасидан оширган тўпини Рафаэль Варан боши билан дарвозага жойлади.

Танаффусдан кейин Гризманнинг ўзи рақиб жарима майдони ташқарисидан йўллаган тўп Фернандо Муслеранинг қўпол хатосидан кейин дарвоза тўрига бориб тушди, уругвайлик дарвозабон ўзига келган тўпни ўтказиб юборди. 

Шу тариқа Оскар Табарес жамоаси 2017 йил мартидан буён илк мағлубиятини қабул қилди ва турнирни тарк этди. Франция эса 10 июль куни Санкт-Петербургда Бразилияни турнирдан чиқариб юборган Бельгияга қарши ярим финал ўйинида майдонга чиқади.

Французларнинг муваффақияти - Дидье Дешамнинг муваффақиятидир. Ушбу мутахассисни кўп танқид қилишади, аммо статистика у бунга лойиқ эмаслигини кўрсатади. Франция термаси Дешам даврида 2014 йилги жаҳон чемпионати чорак финалига чиққан (Германиядан 0:1 ҳисобидаги мағлубият), 2016 йилги Европа чемпионатида финалда ўйнаган (Португалиядан 0:1 ҳисобидаги мағлубият) ва энди бу сафарги турнирда ҳозирча ярим финалда.

Кўринишидан Франция учун бу кўрсаткичлар стандарт кўрсаткичлар бўлиши керакдек. Аммо Дешам келгунига қадар вазият анча ёмон эди.

2006 йилги жаҳон чемпионати финалидаги аламли мағлубиятдан кейин француз футболида хаос юзага келди. Қария футболчиларни йиғиб олган Доменек 2008 йилги Европа чемпионатида шарманда бўлди - гуруҳ босқичидаги охирги ўрин, 3 ўйинда тўплар нисбати - 1:6.

Яна 2 йил ўтиб ЖАРдаги жаҳон чемпионати ҳам барбод қилинди, ички низолар ва гуруҳда яна охирги ўрин.

Франция футболи раҳбарияти шундан кейингина мураббийни алмаштирди - Доменекнинг ўрнини эгаллаган Лоран Блан терма жамоа ўйинини бир эпақага келтирди, аммо жамоа 2012 йилги Европа чемпионатини чорак финалда испанлардан қабул қилинган мағлубиятдан кейин тарк этди.

Шундан сўнг эстафетани Дешам ўз қўлига олди, дастлаб у Мексес ва Кабай каби футболчиларга таянишга мажбур эди, шунингдек, Янн Мвила ва Марвен Мартен каби футболчилар терма жамоада эди.

Ҳозир эса Франция футболида қон янгиланган, Гризманн, Погба, Мбаппе каби ёш етакчилар авлодидан таркиб топган бу жамоа ўзининг иккинчи турнирига чемпионлик учун ташриф буюрган.

Франция футболи тарихидаги 3 авлод

Платини авлоди - ЖЧ-82да ярим финал, Евро-84да ғалаба ва ЖЧ-86да учинчи ўрин;

Зидан авлоди - ЖЧ-98 чемпионлиги, Евро-2000 чемпионлиги, ЖЧ-2006да иккинчи ўрин;

Гризманн авлоди - Евро-2016да иккинчи ўрин, ЖЧ-2018да ҳозирча ярим финал.

Французлар Гризманн гол урган ўйинларда мағлуб бўлмаяпти: 17 ғалаба ва 2 дуранг. Охирги ўйинда ҳам у бир гол уриб, бир голга узатма берди.

Гризманн ЖЧ ва Евро плей-оффларида охирги 6 ўйинда жами 7 гол урган.

Кечаги чорак финал ўйинига қадар 33 йил давомида Уругвайга Франция гол ура олмай келаётганди - охирги марта 1985 йилда ўртоқлик учрашувида французлар уругвайликлар дарвозасини ишғол этишган (2:0). Кейинги 33 йил давомида икки жамоа 5 марта учрашган, 4та ўйинда голсиз дуранг қайд этилган, бир учрашув уругвайликлар фойдасига ҳал бўлган (1:0).

Уругвай учун бу жаҳон чемпионатларида еттинчи чорак финал ва иккинчи мағлубият эди. Бундан аввалгиси 1966 йили ГФРда ўтган мундиалда кузатилган.

Франция ўз тарихида олтинчи марта ЖЧ ярим финалига чиқди, бу охирги 12 йил ичида илк ярим финал. 

Франция ишонч билан олға бормоқда. Бу жамоанинг салоҳияти Россиядан чемпион бўлиб қайтишга етгулик. Гуруҳ босқичида куч тежаган французларни энди ҳеч ким енга олмайдигандек.