Ҳимоя ҳужумга қарши. Ким илк ярим финалчи бўлади?
July 6, 2018, 4:21 p.m. 3480

Жаҳон чемпионати. 1/4 финал. 6 июль. УРУГВАЙ – ФРАНЦИЯ. 19.00 (Тошкент)

Бугун Нижний Новгороддаги шу номли стадионда ЖЧ-2018 чорак финали доирасидаги илк учрашув бўлиб ўтади. Бугун дунёнинг ҳужум чизиғи энг кучли терма жамоаларидан бири дунёнинг ҳимоя чизиғи энг кучли терма жамоаларидан бирига қарши майдонга чиқади. Дешамми ё Табарес ғолиб. Буни бугун билиб оламиз.

Фалсафий савол

Уругвай ва Франция терма жамоалари баҳси арафасида шотланд ёзувчиси Иэн Бэнкснинг «Шиша бўйлаб қадамлар» номли китобидаги фалсафий саволни беришмоқда: «Тўхтатиб бўлмас куч жойидан жилмас объект билан тўқнашганда нима бўлади?»

Бу ўринда тўхтатиб бўлмас куч - Дидье Дешам жамоасидир. Бу терма жамоанинг чорак финалга чиқишидаги асосий қаҳрамон Килиан Мбаппени ҳам ҳеч ким тўхтата олмаяпти, у нимчорак финалда Аргентинага қарши ўйинда ҳар сафар олдинга ташланганида рақиб ҳимоячилари ожиз қолаверишди. Жойидан қимирламайдиган объект эса - Оскар Табарес қурган, Диего Годин ва Хосе Мария Хименесдан иборат метин ҳимоядир. Бу ҳимоя йил бошидан буён фақат битта гол ўтказди, фақатгина ЖЧ-2018 турнири нимчорак финалида (Уругвайнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси) Португалияга қарши ўйиннинг 55-дақиқасида Пепе Фернандо Муслера дарвозасини ишғол эта олди. Бир қарашда французларнинг ярим финалга йўл олиш имконияти юқоридек кўринмоқда, аммо уругвайликлар 90 дақиқа чидаб беришса, мувозанат ўзгариши аниқ.

Мбаппенинг ёввойи тезлиги

Аргентиналиклар билан ўйин шундай тасаввур уйғотдики, французлар тўпни олдинга тепиб юборишса бас, уёғини Килиан Мбаппе ҳал қилади. Килианнинг тезлиги Дешам қўлидаги асосий кузирдир. Қолаверса, бу ёш футболчидаги технарлик қобилияти ва эгилувчанлик терма жамоанинг ҳужумдаги имкониятларини каррасига оширади. Уни фол ишлатмасдан тўхтатиб қолишга уриниш бефойда бўлиб келмоқда. Ҳимоячини сариқ карточка олишга мажбур қилиш, пенальти ишлаш унга муаммо эмас. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, Годин ва Хименес Диего Симеоне қўли остида пишган, «Атлетико» сафида Испания чемпионати ўйинларида тобланган катта тажрибали футболчилар ва Мбаппе ҳам бу ўйинда эркин ҳаракатлана олмайди.

Гризманни бартараф этиш

«Атлетико»да Гризманнинг барча имкониятларидан бохабар бўлган Годин ва Хименес ушбу ҳужумчини осонлик билан қуролсизлантириши мумкин. «Кичик шаҳзода» Аргентинага пенальтидан гол урди, аммо Уругвайга қарши ўйинда бундай имкон бўлиши қийин. Шу билан бирга, Гризманн ҳам уругвайлик ҳимоячиларни жуда яхши билади.

Каванининг жароҳати

Уругвайда асосий муаммо - жамоанинг асосий ҳужумчиси Эдинсон Кавани Португалияга қарши кечган нимчорак финал ўйинида жароҳат олиб сафдан чиққани бўлди. Уругвай ярим финалга чиқиш учун нафақат гол урдирмаслиги, балки гол уриши ҳам керак. Кўринишидан Кавани ўйингача тайёр бўла олмади, у португалларга қарши ўйинда икки гол ургач, майдонни барвақт тарк этганди. Дастлабки ташхисда Кавани мушаклар узилишидан қутулиб қолгани айтилганди, аммо у терма жамоанинг охирги машғулотларида кўринмаган. Агар унинг ҳолати яхши бўлган тақдирда ҳам мураббий унга фақат захира ўриндиғидан жой бериши ва иккинчи бўлимда майдонга тушириши мумкин. Агар Кавани бошланғич таркибдан ўрин олмаса, Луис Суаресга ҳужумда Кристиан Стуани шерик бўлиши мумкин. Ўрнини ким эгаллашидан қатъи назар, «Матадор»нинг йўқлиги билинади.

Уругвайнинг имкониятлари

Французлар Суарес ёлғиз ҳолда ҳам хавфли эканини ёддан чиқармасликлари лозим. Французларда бу турнирда ҳимоя маркази ишончли ҳаракат қилмаяпти, қанотларда ҳаракат қилаётган Бенжамин Павар ва Люка Эрнандес эса ҳали тажрибасиз. Улар тезкор Диего Лаксальт ва французлар жарима майдонига тўпни етказиб беришга масъул, тажрибали Мартин Касересга қаршилик кўрсатиши қийин бўлади.

УРУГВАЙ – ФРАНЦИЯ
6 июль. Нижний Новгород. «Нижний Новгород». 19.00 (Первый).
Ҳакамлар: ПИТАНА. Майдана, Белатти (барчаси – Аргентина).
Дисквалификациялар: йўқ – Матюиди.